Германия президенти Бундестагдаги ўринларни қисқартириш тўғрисидаги қонунни имзолади
- 09.06.2023 10:32
- 49
- Хориж
Германия президенти Франк-Валтер Штайнмайер Бундестагдаги ўринлар сонини 736 тадан 630 тагача қисқартириш тўғрисидаги қонунни имзолади, деб хабар бермоқда немис ОАВлари.
"Бундестаг депутатлари сонини қисқартиришга қаратилган ислоҳот кучга кирди. Штайнмайер тегишли қонунни имзолади", деб ёзади Zeit газетаси президент девонига таяниб.
Нашрнинг эслатишича, март ойи бошида қонун лойиҳаси Бундестаг томонидан қабул қилинган эди.
Қонун депутатлик ўринлари сонини қисқартиришдан ташқари, Бундестагга кириш учун 5 фоизлик қаттиқ тўсиқни жорий этишни назарда тутади. Ҳозиргача парламентга бу тўсиқдан ўтмасдан кириш имконини берадиган вариантлар бекор қилинмоқда.
Бавария штати ҳукумати ва Христиан-ижтимоий иттифоқ партияси қонун конституцияга зид деб ҳисоблагани учун уни бекор қилишни талаб қилиш учун судларга мурожаат қилмоқда.