Германияда Абдулла Қодирий ва Муҳаммад Юсуф ижодига бағишланган анжуман ўтказилди
Мамлакатимиз дипломатик ваколатхонаси ташаббуси ва Ҳумбольдт университети Осиё ва Африкашунослик институти Марказий Осиё бўлими билан ҳамкорликда ташкил этилган адабий-бадиий кечада университет профессор-ўқитувчилари, ўзбек тилини ўрганаётган талабалар ва юртимиздан ташриф буюрган делегация аъзолари иштирок этди.
Кечада сўзга чиққанлар атоқли адибларимиз ҳаёти ва ижоди ҳақида маъруза қилдилар. Иштирокчилар ва меҳмонларни қутлар экан Марказий Осиё бўлими раҳбари профессори Мания Штефан-Эмрих ўзбек адабиёти тарихи ва тараққиётида ўчмас из қолдирган Қодирий XIX асрдаги Туркистон тарихини ўз асарлари орқали ишончли ёритгани, ўзбек халқи ҳаётининг асл образларини жонли ҳаётдан олганини таъкидлади.
Шунингдек, сўз олганлар мамлакатимиз таълим тизимидаги ислоҳотлар, хусусан, хусусий таълимнинг ўрни ҳақида маъруза қилдилар. Ўзбекистонлик немис тили ўқитувчилари йиғилганларга Абдулла Қодирий ва Муҳаммад Юсуф ҳаётига оид қизиқарли маълумотларни тақдим этишди.
Бундан ташқари, ҳаваскор санъаткорлар ижросида "Ёр-ёр" қўшиғининг саҳналаштирилган намойиши ва "Ўткан кунлар" асаридан Отабек ва Кумуш образлари ўртасидаги диалог, адибнинг фожиали ҳаёти акс этган саҳна кўрини иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Тадбир давомида атоқли шоир Муҳаммад Юсуф ижодига бағишланган маъруза ва ижодий чиқишлар ҳам ўзига хос қизиқарли бўлди. Адабий-бадиий кечада иштирок этаётган адабиётга ошно қалблар шоир ижоди ҳақида сўз юритиши баробарида унинг "Лолақизғалдоқ" шеъридан парча ўқиб беришди. Шунингдек, шоирнинг "Улуғимсан ватаним" қўшиғи немис мутахассислари томонидан алоҳида эътироф этилди.
Санъаткорларимиз томонидан ижро этилган анъанавий рақслар кечага маданий ранг-баранглик бахш этди. Ташкилотчилар томонидан тайёрланган мамлакатимиз туризми ва маданиятини тарғиб этувчи турли миллий матолар, каштачилик намуналари ва ҳунармандчилик буюмлари билан безатилган миллий стенд бурчаги ҳам меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
Маданий-маърифий тадбир доирасида Германияда хизмат сафарида бўлиб турган ЎзДЖТУ ва Наманган чет тиллари институти ректорларининг Ҳумбольдт университети раҳбарияти билан учрашуви ташкил этилди. Унда олий ўқув юртлари ўртасида талабалар алмашинуви, магистратура босқичларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва илмий тадқиқот йўналишларида ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ушбу адабий кеча ўзбек тилини ўрганаётган ва унга қизиқаётган немис томонига ўзбек адабиёти ва маданияти билан яқиндан танишиш имконини тақдим этиши қаторида халқимиз қадриятлари ва юртимиз туризм салоҳиятини янада танитишга, Ўзбекистон-Германия ўртасидаги маданий алоқаларни янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшди.
Берлин Ҳумбольдт университети, Осиё ва Африкашунослик институти илмий ходими Ганчимег Алтангерел:
- Бу тадбирга иштирок этганимдан жуда хурсандман. Ўзимни Ўзбекистонда бўлгандек ҳис қилдим. Мўғулистондан келганман. Ҳумбольдт университетида "Мўғулистонда ўтроқлашув" мавзуси устида тадқиқот иши олиб бораяпман ва мавзуни Марказий Осиё давлатлари билан қиёсий ўрганмоқдаман. Шу сабабли ҳам Ўзбекистон тарихи ҳақида кўп ўқиганман ва мамлакатингиз ҳақида кўп биламан.
Илмий ишим доирасида Ўзбекистонга боришни режалаштирган эдим, бу тадбирдан кейин бу ташрифимни тезроқ амалга ошириш истаги кучайди. Ўзбек тили адабий кечасида атоқли ўзбек адиблари, ўзбек адабиёти ва санъати ҳақида янги билимларни олдим, талабалар қаторида биз ҳам мусиқа ва рақс санъатидан баҳраманд бўлдик. Бунинг учун ташкилотчиларга ўз миннатдорлигимни билдираман.
Берлин Ҳумбольдт университети талабаси Реза Насир:
- Абдулла Қодирийнинг "Ўтган кунлар" романини ўқиганман, аммо ёзувчининг ҳаёти ҳақида кам маълумотга эга эдим. 1938 йилда қатағон даври қурбони бўлганини биламан, бироқ сиёсий-адабий қарашлари ҳақида билмас эдим. Ўзбекистоннинг, Марказий Осиёнинг тарихига жуда қизиққаним туфайли Қодирийнинг асарлари тўғрисидаги маърузалар менга жуда ёқди. Шунингдек, шоир Муҳаммад Юсуф, унинг ижоди ҳақида ҳам кўп маълумотлар олдим. Унинг сермазмун шеърлари менда катта таассурот қолдирди. Сўнгги пайтларда ГФРда ўзбек адабий кечаларининг тез-тез ташкил этилиши жуда қувонарли ҳолдир. Абдулла Қодирий ижодини Германияда ўрганилиши ва юбилей таваллудининг нишонланиши ёзувчини Германияда янада танилишига хизмат қилади.