Германияда ишлаш учун танлов бошланди

Яқинда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан Ўзбекистон фуқароларини Германияга ташкиллаштирилган тарзда ишга жалб қилиш бўйича шартнома имзоланган эди.

Ушбу амалий ишлар доирасида бугун Самарқанд шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида Германиянинг “NoVo Agency” ташкилоти билан ҳамкорликда ушбу давлатда қурувчилик, ҳайдовчилик ва ҳамширалик мутахассисликларида ишлаш истагини билдирган шахслар учун танлов бўлиб ўтди.  

Вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларининг бандлик бўлимлари орқали келган фуқаролар танловдан ўтиш шартлари, мигрантлар учун имконият ва имтиёзлар ҳақидаги саволларига батафсил жавоб олишди.

“NoVo Agency” ташкилоти вакили ишга борувчиларнинг Германияда иш берувчилар билан меҳнат муносабатларида қийинчиликларга дуч келмасликлари учун немис тилини В1 даражада билиш талаб қилиниши алоҳида таъкидлади. Учрашув сўнггида иш берувчи ташкилот вакиллари билан немис тилига ўқитиш марказларини ташкил этиш ва ишлаш учун Германияга борувчи фуқароларни ўқитиш масалалари муҳокама жараёнида экани айтилди.