Гулистонда 28 оила ажримдан сақлаб қолинди, 50 нафар аёл ишли бўлди
Нарпай тумани “Гулистон” маҳалла фуқаролар йиғини биноси бундан бир йил аввал жуда кўримсиз, таъмирталаб аҳволда эди. Кейинги пайтларда ҳудудда амалга оширилган ободонлаштириш ишлари доирасида бино замонавий кўринишга келтирилди.
- Бу ерда фаолият бошлаганимда ишлаш учун етарлича шароит йўқ эди, - дейди маҳалла хотин-қизлар фаоли Лола Қурбонова. – Меҳмон келса хижолат бўлардик. Бугунги кунда ходимлар учун барча қулайликлар бор. Шунингдек, бинода иккита цех ташкил этилди ва 50 нафар ишсиз хотин-қизнинг бандлиги таъминланди.
- Биз учун 3 ойлик бепул ўқув-курслари ташкил қилинди, - дейди цех ишчиси Дилафрўз Ҳасанова. – Бу ерда тикувчилик сирларини ўрганиб, сертификатга эга бўлдим. Эндиликда ойига 2 миллион сўм атрофида даромад топяпман.
- Имтиёзли кредит ва субсидия асосида 42 нафар хотин-қизга тикув машиналари ва пишириқ печлари берилди, - дейди Л.Қурбонова. - Натижада, улар ўзини ўзи банд қилиб, рўзғорига қўшимча даромад келтиряпти.
Лола Қурбонова маҳалла фаоли вазифасида иш бошлагунига қадар, мактабда психолог бўлиб ишлаган. Шунинг учун бўлса керак, аёллар билан тезда тил топишди. Натижада ўтган бир йил давомида 28 та оилавий ажримнинг олди олинди.
- Маҳалламизда ўтказилган ўрганиш жараёнида турмуши бузилган 32 оила мавжудлиги аниқланди, - дейди у. - Баъзи оилалар иштирокида бевосита психологик тренинглар ташкил қилдим. Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш Кенгаши кўмаги билан 28 оилани яраштиришга муваффақ бўлдим. Қолган 4 оилани эса ажрашганига 18-20 йил бўлганлиги, эр ва хотинлар бошқа турмуш қуриб, фарзандли бўлганлиги учун яраштиришнинг имкони бўлмади. Мактаб психологи вазифасида ишлаганлигим ушбу муаммоларга ечим топишда қўл келяпти.
Шунингдек, маҳаллада ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишга алоҳида эътибор қаратиляпти. Бир сўз билан айтганда, ҳудудда оилалар фаровонлиги, қишлоқлар ободлиги йўлида кенг кўламли ишлар амалга ошириляпти. Эндиликда Гулистон номига муносиб маҳаллага айлантириляпти.
Эъзоза МЕЙЛИЕВА,
Жасурбек ШУКУРОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ.