Ҳалол меҳнат қилиб, бурчимизни виждонан бажарсак
Коррупция ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказиб, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига олиб келади.
Шу боис унга қарши кураш халқаро аҳамият касб этиб, жаҳон сиёсатининг муҳим масалалари қаторидан жой олган. Мамлакатимизда ҳам коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган.
Коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини ошириш мақсадида 2017 йил 3 январда Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни ва ҳамда шундан сўнг бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Қонун билан коррупцияга қарши курашиш борасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, ваколатли органлар тизими, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқароларнинг мазкур соҳадаги иштироки, коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар, жазо муқаррарлигини таъминлаш ва бу борада халқаро ҳамкорликни таъминлаш каби чоралар мустаҳкамлаб қўйилди.
Қонуннинг 3-моддасига кўра, коррупция – шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишидир.
Қонуннинг 5-моддасида эса коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари кўрсатиб ўтилган бўлиб, улар – аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, унга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлашдан иборатдир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июлдаги “Коррупцияга қарши курашиш муросасиз муносабатларда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида мамлакат ривожланишининг бугунги босқичда коррупция Ўзбекистон давлати ва жамияти тараққиёти учун энг жиддий хавф-хатарлардан бири эканлиги қайд этилган.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони билан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгаши ва унинг ҳудудий кенгашлари тузилди.
Бугун жамиятимизда коррупцияга қарши муросасиз муҳитни яратиш жамоатчиликнинг кенг иштирокида амалга оширилмоқда. Хусусан, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тизими тубдан такомиллаштирилиб, Президентнинг Халқ ва Виртуал қабулхоналари, «Ишонч телефони» ҳамда ҳар бир вазирлик ва давлат идораларининг «ишонч телефонлари», «виртуал қабулхоналари» ташкил қилиниб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш мақсадида барча даражадаги давлат раҳбарларининг «сайёр қабул» ўтказиш амалиёти йўлга қўйилди. Бу эса муаммоларнинг ечимини топишда очиқлик принципларига амалга қилиш ва коррупциянинг олдини олишга хизмат қилади.
Аслида, коррупцияга қарши курашишни ҳар бир фуқаро ўзидан бошлаши лозим. Яъни, ҳар биримиз зиммамиздаги вазифа, бурчни виждонан бажариб, ноқонуний ҳаракатлардан тийилсак, ҳалол меҳнат қилиб, рўзғор тебратсак ва шундан сўнг бошқалардан ҳам буни талаб қилсак, коррупцияга қарши энг катта ҳаракатимиз бўлади.
Феруза Раҳимова,
халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати,
ЎзХДП депутатлик гуруҳи раҳбари