Ҳақиқатга тўғри келмайдиган ахборот тарқатиш — жиноий жавобгарликка сабаб бўлади

Бугун Вазирлар Маҳкамасида Бош вазир А.Арипов бошчилигида Ўзбекистонда коронавирусга қарши қандай чоралар кўрилаётгани ҳақида комиссия йиғилиши ва ОАВ учун пресс-конференция бўлиб ўтди.

Журналист ва блогерларга етарлича ахборот берилди, саволларига батафсил жавоб келтирилди.

Шу аснода, барча ОАВ ва блогерларни ахборот соҳасида қонунчиликка жиддий ва тўлиқ амал қилишларини сўраймиз. Яъни, ҳақиқатга тўғри келмайдиган ахборот тарқатиш "ОАВ тўғрисида" қонуннинг 6-моддаси, "Ахборотлаштириш тўғрисида" қонуннинг 12 прим 1 моддаси ва Жиноят кодексини бузиш ҳисобланади ва жиноий жавобгарликка олиб келади.

Масалан, Жиноят кодексининг, 244-1-моддаси, 2-қисми:

"Диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, қирғин солишга ёки фуқароларни зўрлик билан кўчириб юборишга даъват этадиган ёхуд аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлар ва материалларни ҳар қандай шаклда тарқатиш, худди шунингдек фуқаролар тотувлигини бузиш, туҳматона, вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмалар тарқатиш ҳамда жамиятда қарор топган хулқ-атвор қоидаларига ва жамоат хавфсизлигига қарши қаратилган бошқа қилмишларни содир этиш мақсадида диндан фойдаланиш, шунингдек диний-экстремистик, террорчилик ташкилотларининг атрибутларини ёки рамзий белгиларини тарқатиш ёхуд намойиш этиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмида кўрсатилган ҳаракатлар:

а) олдиндан тил бириктириб ёки бир гуруҳ шахслар томонидан;

б) хизмат мавқеидан фойдаланиб;

в) диний ташкилотлардан, шунингдек чет эл давлатлари, ташкилотлари ва фуқароларидан олинган молиявий ёки бошқа моддий ёрдамдан фойдаланиб;

г) оммавий ахборот воситаларидан ёхуд телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб содир этилган бўлса — беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади".

Дилшод САИДЖАНОВ,

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директорининг биринчи ўринбосари.