Ҳокимларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориши тақиқланади

Жорий йилнинг 23 июл куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси президенти сайлови кампанияси бошланганини маълум қилганди. Унга кўра, 2021 йил 24 октябр куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни деб белгиланди.

Айни пайтда мазкур жараён қизғин паллага кирган.

Бу галги президент сайлови илк бор Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси асосида ўтади. Унда конституциявий қоидалар ва халқаро сайлов стандартларига биноан Ўзбекистон Республикаси президенти даврийлик принсипи асосида сайланиши таъминланади.

Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ ишларни сиёсий партиялар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, халқаро ташкилотлар ва хорижий давлат вакиллари, журналистлар, хусусан, хорижий журналистлар кузатиб бориш имкониятига эга. Марказий сайлов комиссиясининг матбуот маркази ва ҳудудий бўлинмалари журналистлар ва жамоатчиликка сайловга оид масалалар бўйича тезкор ахборот етказилишини таъминламоқда. Шунингдек, Марказий сайлов комиссиясининг “Сайлов-2021” веб портали ва бошқа ахборот ресурслари юритилишини таъминлайди.

Сайловда мамлакатимиздаги беш сиёсий партия – Ўзбекистон Экологик партияси, Халқ демократик партияси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, “Миллий тикланиш” демократик партияси ва “Адолат” социал-демократик партияси иштирок этмоқда.

Марказий сайлов комиссияси ушбу партиялар томонидан кўрсатилган номзодларни рўйхатга олди ва жорий йилнинг 20 сентябридан улар сайловолди ташвиқотини бошлади.

Сайлов кодексининг 44-моддасига кўра, сайловолди ташвиқотини сайловчиларга бепул ёки имтиёзли шартларда товарлар бериш, хизматлар кўрсатиш (ахборот хизматларидан ташқари), шунингдек пул маблағлари тўлаш билан қўшиб олиб бориш тақиқланади.

Нотўғри ахборотни, шунингдек, номзодларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган маълумотларни тарқатиш тақиқланади.

Шунингдек, қуйидагиларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориши тақиқланади:

- давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг;

- Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, бошқа ҳарбийлаштирилган бўлинмалар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг, судяларнинг;

- сайлов комиссиялари аъзоларининг;

- диний ташкилотлар профессионал хизматчиларининг.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг мансабдор шахсларига ўз мансаб ва хизмат мавқеидан сайловолди ташвиқоти вақтида ҳар қандай сиёсий партиянинг ёки номзоднинг фойдасига ёхуд унга қарши фойдаланиши тақиқланади.

Элёр ҲАМРОЕВ,

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Самарқанд вилояти бўлинмаси раҳбари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.