Ҳуқуқ ва эркинликлар ҳимояси янги босқичга кўтарилди

Шу йил 28 январда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг янги қонуни (ЎРҚ-1022-сон) жиноят–процессуал қонунчиликка киритилган муҳим ўзгаришлари билан тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш тизимини мустаҳкамлади.
Ушбу ўзгаришлар, авваламбор, тергов жараёнида шахснинг ҳуқуқларини таъминлашга ва судга қадар иш юритишнинг тўғри, шаффоф ва самарали бўлишини мақсад қилган.
Шу ўринда масаланинг долзарб ва аҳамиятли экани ҳақида қуйидаги фикр-мулоҳазаларни билдиришни лозим топдик.
Тергов судьялари ваколатлари
Янги қонунга мувофиқ, тергов судьяларининг ваколатлари аниқ белгилаб қўйилди. Мазкур қонун билан тергов судьяларига судга қадар иш юритиш жараёнида процессуал қарорларни санкциялаш ва кўриб чиқиш ваколати берилади. Бунинг натижасида, судга қадар бўлган даврда амалга ошириладиган ҳуқуқий ҳаракатларнинг қонунийлиги, уларнинг фуқароларнинг асосий ҳуқуқларига дахлсизлигини таъминлаш мақсад қилинган.
Суд назорати остида тинглаш
Янги қонун, шунингдек, телефон ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб борилган суҳбатларни тинглаш ва улардан ахборот олиш жараёнларини ҳам суд назоратига олишни назарда тутади. Бу қарор фуқароларнинг ҳуқуқларини асоссиз чеклаш ва уларнинг шаффоф ҳимоясини таъминлашга йўналтирилган муҳим қадамдир. Шу тариқа шахснинг давлат ва турли мансабдор шахслар томонидан тўғридан-тўғри ёки билвосита қилинадиган ҳуқуқ бузишларидан ҳимояси янада мустаҳкамланади.
Тинтув ўтказиш учун
Қонунга киритилган янги нормалардан бири - жиноят ишларида тинтув ўтказиш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш тартибини аниқ белгилашдир. Шу ўринда айтиш керакки, эндиликда агар тегишли асослар мавжуд бўлса, прокурор, терговчи ёки суриштирувчи томонидан тинтув ўтказиш учун асосларни баён қилган ҳолда илтимоснома тақдим этилиши шарт. Бу тартиб жиноят ишларини тергов қилишда барча ҳолатларни ўрганиш ва уларни ёрдамчи восита сифатида ишлатиш имконини беради.
Мол-мулкни хатлаш тартиби
Қонунга киритилган яна бир муҳим жиҳат – мол-мулкни хатлаш тартибининг аниқ белгиланишидир. Бу жиноят ишларида мол-мулкни хатлашга оид илтимосномаларни тергов судьяси томонидан алоҳида тартибда кўриб чиқишни назарда тутади. Мол-мулкни хатлаш жараёнида шахсларнинг ҳуқуқлари бузилиши ва асоссиз мулк ортиқча тажовузларга олиб келиши эҳтимоли камайтирилади.
Мухтасар қилиб айтганда, қабул қилинган янги қонун тергов фаолияти жараёнида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган муҳим ўзгаришларни ўз ичига олади. Шунингдек, тергов судьяларининг ваколатларини аниқ белгилаш, суд назоратини кенгайтириш, тинтув ўтказиш тартибини йўлга қўйиш ва мол-мулкни хатлаш жараёнларини тўғри йўлга қўйиш орқали фуқароларнинг ҳуқуқларини асоссиз чеклаш ва жиноят фаолиятига доир хатти-ҳаракатларнинг шаффофлиги таъминлашда муҳим рол ўйнайди.
Бу ўзгаришлар ўз навбатида, давлатнинг ҳуқуқий тизимининг самарадорлигини ошириш ва шахслар хавфсизлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Луқмонбой Асатов,
Паст Дарғом туманлараро иқтисодий суди раиси.