Ибрат: Бургут полапонларига қандай қилиб ота танлайди?
Бу жараён жудаям ҳайратланарли кечади. У дарахт ёки бирор бутадан кичик шохча синдириб олади, уни тумшуғида тутганча баландга кўтарилади ва тумшуғидаги шохча билан айлана бошлайди.
Атрофида нар бургутлар йиғилиб парвоз этади. Шу пайт у тумшуғидаги шохчани тушириб юборади ва кузатади. Бургутлардан бири шохчани тутиб олиб, оҳисталик билан унга олиб келиб топширади. У эса шохчани олиб, уни яна ташлаб юборади. Бургут яна тутиб олади, яна унга қайтаради. У эса яна ташлаб юборади... Ва бу ҳолат жуда ҳам кўп марта такрорланади. Агар нар бургут маълум муддат давомида ва бир неча марта тушириб юборилган шохчани ҳар сафар тутиб келтириб берса, бургут ўша нар бургутни танлайди ва улар бирга яшай бошлайди.
Хўш, ушбу ҳаракатларда қандай маъно яширин? Буни уларнинг кейинги ҳаётидан тушуниб оласиз...
Улар биргаликда тоғ чўққисига кўтарилади, мустаҳкам ўсимлик пояларидан ин қуради ва иккала бургут ҳам танасидан ўз тумшуғи билан патларини юлиб, инларини тўлдиради, барча тешикларни ёпиб, уяни юмшоқ ва шинам маконга айлантиради. Она бургут бу ерга тухум қўяди ва иккаласи полапон бургутчалар дунёга келишини кута бошлайди. Бургутчалар тухумдан чиққач (улар жуда кичкина, заиф ва яланғоч ҳолатда бўлади), ота-онаси уларни то бироз қувватга киргунича парваришлайди. Қанотлари билан ёмғирдан, қуёш нурларидан асрайди, уларга сув, озуқа ташийди, ва бургутчалар катта бўлиб боради. Уларнинг патлари ўсиб, қанотлари ва думлари бақувватлашади. Ҳали бироз кичик бўлса-да, уларни пат қоплайди. Шу пайт ота ва она бургут вақт келганини англайди...
Ота бургут уя четига қўниб олиб, инни қанотлари, тумшуғи билан уриб силкитади. Қизиқ, нима учун? Чунки, у уядан ҳамма пат ва пухни тушириб юбориши, бошида ўзлари шох-шаббадан ясаган скелетнигина қолдириши керак. Полапонлар эса, ушбу қаттиқ, ноқулай уяда ўтиришар экан, нима бўлаётганини тушунишмайди ҳам: ахир ота-оналари уларга жуда ғамхўр ва меҳрибон эди-ку. Бу орада она бургут қаердандир кичик бир балиқчани тутиб келиб, атайин полапонларига кўриниб турадиган узоқликка қўниб олиб, уни аста майдалаб ея бошлайди. Полапонлар уяда туриб очлигини билдириб чуғурлай бошлайди. Ахир, илгари бундай эмасди-ку... Ота-онаси уларга емиш берарди, сув берарди. Энди эса ҳаммаси тамом бўлди: инлари қаттиқ ва ноқулай, ота-онаси эса уларга озуқа ҳам бермаяпти.
Нима қилиш керак? Ахир оч қолишди-ку. Индан чиқишга ҳаракат қилиш керакмикин?
Шундай қилиб, полапонлар аста ҳаракатга кела бошлайди ва илгари ҳеч қачон уриниб ҳам кўрмаган ҳаракатларни бажаради. Агар ота-оналари уларни эркалатишда давом этаверишса, улар кейинроқ ҳам ҳаракат қилишга журъат қилмаган бўлармиди...
Полапонлар уяларидан судралиб чиқа бошлайди. Оҳ, мана, кичиккина полапон тушиб кетмоқда, ахир уя тоғ четида, ноқулай харсанглар орасида жойлашган-ку. Полапон аввал силлиқ харсанг узра бироз сирғалиб, кейин жарликка томон қулайди. Ва шу пайт, қачонлардир она бургут улоқтирган шохчаларни тутиб келтирган ота бургут ёрдамга шошади. У ўзини катта тезликда пастга отиб елкасига полапончасини қўндириб қайтади.
Бу ҳол бир неча марта такрорланади. Полапон ноқулай уя ва силлиқ харсангдан пастга томон қулайверади, ота бургут уни тутиб келаверади. Бургутларнинг бирорта полапони ушбу жараёнда ҳалок бўлмас экан.
Ва, охири, қулашларнинг қайси биридадир полапон бургутча ҳаракат қила бошлайди. У қанотларини ёйиб, шамол ёрдамида парвоз қила бошлайди. Шу тарзда бургутлар полапонларини учишга ўргатади. Кейин эса уларни ўзлари билан бирга олиб, озуқа топишни ўргатишади.
Бу биз учун фарзандларимизни тарбиялашимизда ажойиб ўрнакдир. Уларни иссиққина уяда эркалатиб олиб ўтирмаслик жуда ҳам муҳим! Улар ўзлари балиқ тута олиш ҳолатига етганларида ҳам, уларни балиқ билан таъминлайвермаслик нақадар зарур! Лекин, ўз кучимизни, вақтимизни, ақлимизни, билим ва кўникмаларимизни ишга солиб, ғамхўрлик билан, биз уларга учишни ўргатмоғимиз лозим! Она бургут шохчани улоқтириш орқали ўз фарзандларига ота танлаши бежиз эмаслиги мана шунда.