Ибратли ҳикоя: “Генерал” оқсоқол (Ҳайдовчи ҳангомаси)

— Ўтиринг, ака! Ҳангомалаше-е-еб кетамиз! Шу жийронтойимнинг ёшиям ўттиздан ошдиёв! Кунимга яраб турибди, тирикчиликнинг айби йўқ. Ишдан бўш пайтимда йўлга чиқаман. Бир замонлар битта такси тўхтаса, ўнта одам югуриб борарди. Ҳозир битта одам қўл кўтарса, ўн машина ғийқиллаб тўхтайди.

Шўпирлар орасида “клиентимни обқўйдинг” деб ёқа бўғишадиганлари ҳам бор! "Ҳой, барака топгур, карвон кўп, ризқи бошқа, ўлар ердамисан", десангиз, "насиҳатингни укангга қил" дейди. Вой, тавбангдай кетай!

Мол бозор кунлари Шўрабозорга тушиб тураман. Ораси яқин. Қўй-пўй харид қилганларни элтиб қўйсам, ҳарна беш-ўн сўм тушади, насибага яраша...

Бир куни саҳарлаб бозорга бордим. Баҳор эди. Шивалаб ёмғир ёғиб турибди. Жийронтойни тўхтатиб, разм солсам, дарахт тагида бир чол турибди. Бозордан харид қилган қўйининг арқонини ушлаб олган. Чолнинг олдига ҳали у шўпир боради, икки оғиз гаплашади-да, бурилиб кетади. Ҳали бу шўпир боради, қўл силтаб нари кетади. Охири мен ҳам бордим. Одатда, йўловчи "фалон жойгача қанча сўрайсиз", деб аниқлаштириб олади. Шўпир кира ҳақини6 айтади. Бир хиллари бор. Отасининг хунини сурайди-да, "ками бор" деб ҳам қўяди. Бозордаги чайқовчи бўп кет-э, шоввоз!
Хулласи калом, яқин бориб салом бердим.

— Хизмат, отахон, қаерга обориб қўяй? — десам, чол негадир бош чайқади.

— Айтганим билан барибир обормайсан, шўпир болам, — деди.

Ҳайрон бўлдим.

— Нега обормас эканман? — десам, кулди.

— Негалиги шуки, қўй харид қиламан, деб бир тийин пулим қолмади, — дейди.

— Бўпти, отахон, уйингизга борганда ҳисоб-китоб қилаверамиз, — деган эдим, бош чайқади.

— Иложим йўқ. Уйдагиларнинг бири ишга, бири ўқишга кетган. Кампиримда хемири йўқ... аммо уйим яқин. Рози бўлиб, текинга обориб қўйсанг, дуо қиламан, — деди.

Қараб турсам, чолнинг юзида нур бор. Ёлғондан ҳазар қилиши кўриниб турибди, "Савоб ҳам керак-ку", дедим ўзимга ўзим. Барибир шаҳар томон юраман. Йўл усти экан, ташлаб ўтақолай дедим-да, икковлашиб қўчқорнинг оёғини жуфтлаб боғлаб, багажникка солдик.

Йўл-йўлакай гурунглашиб кетдик. Чол яқинда эварали бўлган экан. Бунинг устига, Наврўз байрами келяпти. Шунинг учун маҳалла-кўйни йиғиб издиҳом қилмоқчи экан. Оқсоқолнинг уйи чиндан ҳам узоқ эмас экан: нариси билан тўрт чақиримча. Зум ўтмай манзилга етиб келдик. Чол болахонали уйнинг дарвозасидаги қўнғирокни босиши билан ичкаридан ярашиқли кийинган ўттиз-ўттиз беш ёшлардаги йигит чиқди. Аввал оқсоқолга, кейин менга салом берди. Тавозе билан қўшқўллаб кўришди.

— Менга қара, датсент! — деди чол зарда билан. — Анави қўйнинг оёғини ечгин-да, ҳовлидаги тутга арқонлаб қўй! Бўл тез!

Йигит “хўп бўлади отажон”, деб машина томон югурди. Икковлашиб қўйни туширдик. Йигит қўй етаклаб кетаётган эди, чол тағин ўша зардали оҳангда сўради:

— Аканг қани?

— Уйдалар, – деди йигит.

— Тез чиқсин баққа!

Йигит "хўп бўлади, отажон", деганча қўйни судрагудек бўлиб ҳовлига кириб кетди.

— Буниси — домла, — деди оқсоқол тушунтириб. — Институтда дарс беради.

Чол гапини тугатмасиданоқ ичкаридан милиция кийимини кийган подполковник чиқиб келди. У ҳам худди укасига ўхшаб салом берди. Иккаламиз билан қўшқўллаб кўришди.

— Энди бизга рухсат, отахон, — деган эдим, чол "шошмай тур" деб имо қилди-да, подполковникка буюрди:

— Қани, "қашланмайсанми", начайник?


— Хўп бўлади, отажон, қанча керак? – деди подполковник чўнтагидан ҳамён чиқариб.

— Йигирма минг!

Ўғли минг сўмликлардан кераклигини санаб чолга узатган эди, оқсоқол жеркиб берди:

— Менгамас, шўпир йигитга бер!

— Хўп бўлади, отажон! — подполковник шундай деб, пулни менга чўзди. Ҳайрон бўпқолдим.

— Отахон, — дедим тушунтириб. — Бошида келишганмиз: пул керакмас, дуо қилсангиз бўлди.

— Дуо ҳам қиламан. — Чолнинг чеҳраси ёришди. — Сен бунинг савлатига парво қилма, — деди ўғлини кўрсатиб. — Бу падпалковник бўлса, мен генералман! Бу хонадоннинг лашкарбошиси ман бўламан!

Подполковник пул узатган кўйи жилмайиб турар, мен бўлсам, кира ҳақини олишни ҳам, олмасликни ҳам билмай гарангсиб қолгандим.

— Олавер, акангники таваррук, — деди чол. Сўнг бир зум сукут сақлади-да, тушунтирди.

— Ҳали бозорда пулим йўқ, деганим бежиз эмасди. Қани, кўрай-чи, одамларда инсоф, ҳиммат, бировнинг ҳожатини чиқариш деган нарсалар борми, бор бўлса кимда, шуни билмоқчи эдим. Отангга раҳмат, шўпир болам! Сендақалар борлигига шукр!

— Барибир бу пул кўп, — дедим ростини айтиб.

— Ишинг бўлмасин, — дея чол силтаб ташлади. — Кам десанг, аканг яна қўшади.

Подполковник бирпас турса, кира ҳақи "болалаб" кетишини билди шекилли, пулни чўнтагимга суқиб қўйди.

— Мана энди дуо қиламан! — деди чол қўл очиб. — Топган-тутганингга барака берсин! Уловингни тагидан доим шамол ўтиб турсин, шўпир болам! Ҳар хил балолардан Ўзи асрасин. Сен ҳам менга ўхшаб, манави акангга ўхшаб, пири бадавлат бўлиб юргин!

Машина томон юрган эдим, чол ўғлига тайинлади:

— Менга қара, начайник! Шу машинани номирини ёзиб ол! Йигитларингга айт: ҳеч ким ҳеч қаерда тўхтатмасин, уқдингми?

— Хўп бўлади, отажон! — деди подполковник.

...Чолнинг ўғли чиндан ҳам ДАН соҳасида ишлайдими-йўқми, унисини билмадим-у, ўшандан бери машинамни бирон жойда тўхтатишгани йўқ. Ҳатто бир-икки марта кўча четида турган инспектор йигитлар менга чест берганини ҳам кўрдим!

Ўткир Ҳошимов.