Ички ишлар органларида «оила куни» эълон қилинди
Оила - бахт қўрғони. У мустаҳкам бўлса, маънавият илдизлари теран, фарзандлар баркамол, урф-одатлар бардавом бўлади.
Шунга мувофиқ, Самарқанд шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси томонидан ички ишлар органларида 23-24-25 февраль кунлари «оила куни» деб эълон қилинди. Яратилган бу имкониятдан барча ходимлар унумли фойдаланиб, кунни оиласи билан маданий ҳордиқ олишга бағишлади. Кино, театр томошалари, концерт дастурлари, истироҳат боғлари, музейларга саёҳат ташкил қилинди. Фарзандлар билан дўстона суҳбат, ўзаро дам олиш оилавий ришталарни янада мустаҳкамлашда ижобий аҳамият касб этди.
- Биласиз, ички ишлар органлари ходимлари зиммаларидаги масъулиятни адо этиш учун куну тун халқимиз хизматида. Оиласига вақт ажратиши доим ҳам кўнгилдагидек бўлмаслиги мумкин. Ўтказилган «оила куни» тадбирлари айни ана шу мақсадларга қаратилган. Эндиликда буни доимий анъанага айлантириш режалаштирилган, -дейди ИИО ФМБ бошлиғи ўринбосари Жамшид Қобулов.
Бу каби тадбирлар оилада ота-она ва фарзандлар ўртасидаги ҳамжиҳатликни, ўзаро муносабатларни яхшилашга катта замин яратиши билан аҳамиятлидир. «Оила куни»ни оммалаштириш эса бирдамлик, аҳиллик, соғлом ва мустаҳкам оилани таъминлаш демак.
Умида Мамадалиева.