Ижро ҳокимияти фаолиятини ким назорат қилади? Ёки онлайн ўтказилган сессиядан кейинги ўйлар
Аслида бошқача бўлса-да ҳокимият деганда бугун аксариятимиз жойларда ижро ҳокимияти органларини тушунамиз. Чунки фақат шу орган ўзининг бошқарув функциясини амалда тўлақонли уддалаётгани учунгина кўпчилигимизда шундай фикр шаклланди. Ваҳоланки, ҳокимият тизимида ижро органидан ташқари суд ва қонун чиқарувчи органлар ҳам бор. Аммо суд ва қонун чиқарувчи орган ҳам ҳокимият эканлиги, қонунчиликка кўра, мавжуд учта ҳокимият тизими тенглиги ва фаолияти давомида бир-бирини тийиб туриш механизмига асосланиши кераклигини кўпчилигимиз унутиб қўяяпмиз.
Кенгаш ошкора ва шаффоф ишлайди
Аммо тан олиш керакки, амалга оширилаётган ислоҳотлар, жойларда қўлланилаётган амалиёт ҳокимиятларнинг тенглик принципини рўёбга чиқаришга, улар бир-бирини назорат қилиш функциясининг амалда ишлашига хизмат қилмоқда. Мисол учун, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг охирги сессиясида вилоятдаги судлар раисларининг судларнинг олти ойдаги фаолияти юзасидан ахбороти тингланди.
Қайд этиш лозимки, сессия иши биринчи марта ижтимоий тармоқларда онлайн тарзда ёритиб борилди. Айнан шу жиҳатнинг ўзи вакиллик органи бўлган Кенгашнинг нуфузини бир қадар оширганини таъкидлаш жоиз. Негаки, ахборотини бутун жамоатчилик кўриб, тинглаб турганини билган суд раислари сергак тортгани, энди ахборотни ўқиб, жойига бориб ўтириши билан иш битмаслигини англагани бор гап. Ўз навбатида депутатлар ҳам жамоатчилик олдидаги обрўси нуқтаи-назаридан сессия ишида фаол қатнашишга интилгани яққол сезилиб турди.
Ҳа, онлайн ўтказилган сессия вакиллик органи фаолияти очиқ ва шаффоф эканлигининг амалдаги намунаси бўлди. Зеро, сессия ишини юзлаб ҳамюртларимиз тўғридан-тўғри кузатиб боришди. Шу билан бирга уларга сессияда ахборот берувчиларга савол йўллаш имконияти ҳам берилди ва бу фуқароларнинг билвосита давлат бошқарувида иштирок этиш ҳуқуқини амалда таъминлади.
Сессия ишида депутатларнинг жамиятдаги ўрни ва ролини оширишга қаратилган масала ҳам кўрилди. Яъни, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг доимий асосда фаолият кўрсатувчи котибияти ташкил этиладиган бўлди. Тўғри, бу амалиёт давлатимиз раҳбарининг Самарқандда намунали Кенгаш бўлиши кераклиги тўғрисидаги таклиф, тавсиялари асосида йўлга қўйилмоқда. Гарчи шундай бўлса-да, бу амалиёт вакиллик органининг функционал вазифаларини тўлақонли амалга оширишга кўмаклашиши, шу пайтгача депутатлар томонидан жамоатчилик асосида бажарилган ишларни амалга оширишда масъулият юклашини ижобий баҳолаш мумкин.
Ҳаммаси яхшидек, аммо ...
Бир қарашда Кенгаш нуфузи оширилаяпти, депутатлар фаоллашяпти, демак ижобий ўзгаришлар кутиш мумкиндек. Аммо сессияни кузатарканмиз, айрим жиҳатлар эътиборни тортиб, ижобий янгиликларга бироз вақтлидек туюлди. Жумладан, сессия ишида айрим депутатлар савол бераркан, ўзи гувоҳ бўлган ёки сайловчилари томонидан баён қилинган воқеликни қонунчиликка нечоғлик мослигини сўради. Бу саволга тегишли ҳужжатлардан ўзи жавоб топиши керак эмасми? Аслида бундан жиддийроқ, аниқ саволларни, муаммони ўртага ташлаши керакмасмиди?!
Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг ярим йиллик иш режасида ҳам бажарилмай қолган бандлар бор. Улар билан танишсангиз айримлари биринчи ярим йиллик иш режасига нотўғри киритилганлиги аён бўлади. Демак, ҳали реал режа тузиш малакасини ўзлаштирганимиз йўқ.
Яна бир гап. Бугун депутатлар орасида ижро органида маълум мансабда иш бошлаганларнинг ҳам вакиллик органида қолаётганини кўриб чиқиш вақти етди. Негаки, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари ижро органлари фаолиятини назорат қилар экан, шу органнинг бир мансабдор шахси бошқасининг ишини танқидий таҳлил қилиши даргумон. Қолаверса, ўз корхонасининг иши билан кеча-ю кундуз банд раҳбар депутатликка вақт топа олармикан?!
Бор-йўғи биринчи зинадамиз...
Конституциямизга кўра, ҳамюртларимиз давлат бошқарувида билвосита вакиллари, яъни депутатлар орқали иштирок этади. Демак, депутатнинг овози менинг, сизнинг ва охир-оқибат умумнинг овозига айланади. Айни шу жиҳатдан вакиллик органига биз сайлаган депутатларнинг фаолияти шаффофлиги, сессиянинг очиқ-ошкоралиги таъминланаётганини фақат олқишлаш мумкин.
Бироқ бу борадаги ишларни янада яхшилаш, яъни вакиллик органининг номига муносиб бўлиши учун ҳали олдинда бир қатор масалалар турганини ҳам айтиб ўтиш лозим. Мисол учун, сессияларда муҳокама қилинадиган масала сессиягача дастлабки тарзда тегишли доимий комиссия томонидан кўриб чиқилгани қайд этилади.
Амалдаги тартиб, яъни Кенгаш регламентида ҳам сессияда кўриб чиқиладиган масала аввал тегишли доимий комиссияда кўриб чиқилиши ва сессия қарори лойиҳаси тайёрланиши керак. Демак, энди доимий комиссия йиғилиши ва қарори нуфузини ҳам ошириш ҳақида ўйлаш лозим.
Қонун нормаларида белгиланган тамойилларга кўра, Кенгашнинг энг муҳим вазифаларидан бири муайян соҳани таҳлилий-танқидий асосда ўрганиш бўлиши керак. Тўғри, йил давомида халқ депутатлари вилоят Кенгашининг ҳар бир сессиясида муайян раҳбарнинг ҳисоботи эшитилди. Аммо халқ ноиблари ўзлари айнан бир масалани жойига чиқиб, мутахассислар ва аҳоли иштирокида ўрганмади. Ваҳоланки, Кенгашнинг ярим йиллик иш режасида бундай масалалар белгиланганди.
Ё.Марқаев.