Ижтимоий ҳимоя уч баробар кўпайтирилади
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг Самарқанд вилоятидаги ишончли вакили Рустам Холмуродов Булунғур туманида туман фаоллари ва сайловчилар билан учрашди.
Унда ҳудуд фаоллари, туман Кенгаши депутатлари, фахрийлар, тадбиркорлар, хотин-қизлар ва ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.
Ишончли вакил сайловчиларни номзоднинг ҳаёти, меҳнат фаолияти, бешта устувор мақсадни қамраб олган сайловолди дастури билан таништирди.
Таъкидландики, сўнгги йилларда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, ижтимоий ҳимоя соҳасига давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар миқдорини ошириш ва қўшимча ресурсларни жалб қилиш, ижтимоий ҳимоя дастурлари қамровини кенгайтириш ва оилаларни оғир ҳаётий ҳолатлардан олиб чиқишга қаратилган қўшимча механизмларни жорий этиш йўналишларида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Лекин ижтимоий ҳимоя фақат пул бериш билан чекланиб қолиши керак эмас. O'zLiDePдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзод Шавкат Мирзиёев аслида бу тизимнинг вазифаси аҳолини оғир аҳволдан чиқариш ва жамиятда ўз ўрнини эгаллаши учун кўмак беришдан иборат бўлиши керак, деб ҳисоблайди ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини тўлиқ қайта кўриб чиқиш, камбағалликни қисқартириш бўйича ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш учун ўз сайловолди дастурида бир қатор ечимларни таклиф этмоқда.
Хусусан, ҳар бир маҳаллада профессионал ижтимоий хизматлар манзилли асосда кўрсатиш, туманларда ижтимоий хизматлар марказлари, психолог, ҳуқуқшунос, ижтимоий ходимдан иборат “мобил гуруҳлар”, зўравонликка учраган аёлларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича “колл-марказ”лар ташкил этилади. “Ижтимоий ҳимоя” миллий агентлиги ташкил этилиб, ногиронларнинг ижтимоий ҳимояси уч баробарга кўпайтириш ҳамда нуронийларни ҳар йили бепул тиббий кўрикдан ўтказиб, шифохона ва сиҳатгоҳларда даволаниши йўлга қўйилади.
Учрашув якунида ишончли вакил барчани Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевга овоз беришга чақирди.