Илғорлар электромобиль учун беллашади

Самарқанд шаҳрида "Обод хонадон", "Обод кўча" ва "Обод маҳалла" республика кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида "Обод хонадон", "Обод кўча" ва "Обод маҳалла" мезонларини жорий этишда тўпланган илғор тажрибаларни оммалаштириш мақсадида ташкил этилган танловнинг қуйи босқичларида вилоятимиздан 654 нафар маҳалла раиси, 1300 нафардан ортиқ кўчабошилари, 2800 нафарга яқин хонадон эгалари иштирок этди. Уларда ҳар бир йўналиш бўйича биринчи ўринни қўлга киритган 16 нафардан иштирокчи вилоят танловида беллашди.

— Илгари ҳар бир хонадон бекаси эрта тонгда туриб, ҳовли ва кўчаларни тозалар, эркаклар эса атрофни кўкаламзорлаштириб, саранжом-саришта қилар эди, - дейди Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раисининг маслаҳатчиси Собиржон Муродов. – Аммо кейинги вақтларда бу анъаналаримиз бироз унутилаётгандек. Маданият, маърифат, барака,.. Буларнинг барчаси обод жойда бўлади, албатта. Танлов халқимизнинг айни қадриятини қайта жонлантириш ва янада такомиллаштиришга қаратилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.

Икки шарт бўйича беллашган иштирокчиларнинг чиқишларини 9 нафар аъзодан иборат ҳакамлар ҳайъати баҳолаб борди.

Якуний натижага кўра, "Обод хонадон"  йўналишида биринчи ўринни Нарпай тумани Ўзбекистон маҳалласи Дуоба қишлоғидаги 235 хонадон эгаси Ҳаким Расулов, "Обод кўча" бўйича Ургут тумани Ипакли маҳалласи Абдулла Қаҳҳор кўчаси кўчабошиси Асрор Турсунов, "Обод маҳалла" бўйича Қўшработ тумани Шовона маҳалласи раиси Азиз Абдувоҳидов эгаллади.

— Бизнинг хонадон нафақат обод, балки оиламизнинг қўшимча даромад манбаи ҳамдир, - дейди Ҳаким Расулов. – 20 сотих ердан ҳар йили уч марта ҳосил оламиз. Етиштираётган олти хил турдаги карам, турли сабзавотларнинг бозори чаққон, бир йилда 100-150 миллион сўм даромад келтиради. Тажрибамизни ўрганиш учун бошқа туманлардан ҳам одамлар келяпти.

Кўрик-танлов йўналишлари бўйича барча ғолиб ва совриндорларга ташкилотчиларнинг совғалари топширилди. Биринчи ўринни қўлга киритганлар унинг республика босчиқида олий соврин - электромобиль учун беллашиш имкониятига эга бўлди.