Имтиёз: Қачон, кимга ва нима учун керак?

Яқинда бир танишим янги машина олгани, уни қўшни вилоятда ишлайдиган синглиси номига расмийлаштирганини айтиб қолди.

Мен эса ҳозир ҳамма нарса ошкора, бемалол ўзининг номига хоҳлаганча машина олиш мумкинлигини айтдим. «Келинингиз билан мен "дафтар"да турамиз. Агар машина олсак, дафтардан чиқаришади, яъни кўп имтиёзлардан бебаҳра қоламан», деди у.

Тўғриси, бу гаплардан кейин қўлимга қалам олдим.

Изоҳли луғатларда «Имтиёз» сўзи «Муайян сабабларга кўра айрим шахслар ёки ташкилотларга бериладиган алоҳида, ортиқча ҳақ-ҳуқуқ, шароит, енгиллик», деб ифодаланган.

Келинг, тасаввуримизни аниқлаштириб олайлик.

Мисол учун, олий тоифали қишлоқ ўқитувчилари агар бир тумандан бошқа туманга ўтиб ишласа, яшаш харажатидан ташқари ойлик маошига 50 фоиз қўшимча берилади. Бир вилоятдан иккинчи вилоятга ўтиб ишлаганда эса бу кўрсаткич 100 фоизга оширилади. Демак, бу ерда имтиёз маҳоратли муаллимнинг жамиятга муносиб ҳисса қўшиши учун берилади.

Айтайлик, саёҳатга чиқдик. Орамизда тепаликка қараб юриши қийин бўлган ёшдагилар бор. Лекин биз уларга имтиёз бера олмаймиз. Уларга битта ёрдам кўрсатилиши мумкин, яъни саёҳатчилар борадиган манзилга транспорт орқали олиб чиқиш.

Солиқ соҳасида ҳам уни бўлиб-бўлиб тўлаш енгиллиги бор. Бунда ишчи ўрнини, ишлаб чиқариш жараёнини сақлаб қолган ҳолда давлат олдидаги қарздан қутулиш муддао қилиб белгиланган. Ёки қишлоқ жойларидаги хусусий болалар боғчаларида ишлаётган хотин-қизларга тўғридан-тўғри, яъни суҳбат орқали олийгоҳ талабаси бўлиш имтиёзи берилган. Негаки, у маълумотини ошириб қайтса, ўша ҳудудда таълим-тарбияни яхши йўлга қўяди.

Қишлоқ ёшларининг бандлигини таъминлаш мақсадида уларга экин ерлари аукционсиз тарқатилди. Бунинг устига ҳосил олгунига қадар солиқдан имтиёзлар берилди. Бунинг ҳам мақсадини тушуниб турибсиз.

Қишлоқ жойларда ободончиликни таъминлаш мақсадида «опен-бюджет» тизими яратилди. Бу аҳоли учун катта имтиёз аслида. Чунки одамлар ўзлари ҳар куни дуч келадиган муаммони бартараф этиш овоз беришади. Ва ана шу оғизбирлик ҳисобига йўллар, болалар боғчалари ва мактаблар таъмирланади, ўйингоҳлар қурилади.

Имтиёз аслида енгиллик, ёрдам, деган тушунчага яқинроқ, яъни ҳаракат қилиб турган одамни икки қўлтиғидан ушлаб, қўллаб юборамиз. Жамиятга фойда келтираман деган тадбиркорга эса унинг эркин ишлаши учун шароит яратамиз. Ўқийман, илм оламан, деган ёшларга ҳам уларнинг ижтимоий келиб чиқишига қараб енгилликлар яратиляпти. Айниқса, бу ҳолат илм олиш жараёнида жуда кўпайиб кетган.

Тажриба шуни кўрсатяптики, аксарият мамлакатларда бундай имтиёзлар йўқ. Чунки ортиқча имтиёз адолатсизликни келтириб чиқаради, ортиқча енгиллик одамни ланж қилиб қўяди. Ўйлайманки, ушбуни ўқиётган кишилар атрофдаги воқеалардан хулосани аллақачон чиқариб бўлишди. Камина тўрт мучаси соғ, дуппа-дуруст касби бор бўла туриб, яна имтиёз сўраётганларни назарда тутяпман.

Меҳнат қобилиятини вақтинча йўқотиш давлат томонидан қўллаб-қувватланади, яъни бундай кишиларга 1-, 2-, 3-гуруҳ ногиронлиги берилади. Бу – вақтинча имтиёз, яъни ногирон киши белгиланган муддат ичида ўз соғлиғини тиклаб олиши зарур. Минг афсуски, бизда бунинг акси бўляпти. Ногиронлик бир умр бериладиган имтиёз деб тушунадиганлар кўп.

Баъзан раҳбарларнинг қабулларида иштирок этаман. Мурожаат қилувчиларнинг аксарияти имтиёз сўрайди. Уй олишда, кредит олишда, фарзанди ўқишининг шартномасини тўлаб беришда, хуллас, бу важларнинг сон-саноғи йўқ. Биз давлат томонидан берилаётган беминнат имтиёз ва енгилликларга ўрганиб қолмаяпмизми? Болаларимиз ҳам биздан ўрнак олиб, ана шундай турмуш тарзига одатланиб қолишини ўйлаяпмизми? 

Аллоҳ инсон зотига битта имтиёз берган, инсондек яшаш. Фикримча, биз ана шу ақидани пухта тушуниб етсак, бировлардан, давлатдан ортиқча имтиёзлар сўрашдан тийиламиз.

Фармон Тошев.