«Инсон – жамият – давлат» Конституциямизнинг мазмунига чуқур сингдирилиб, ҳаётимизда бош қадриятга айланиши зарур…
Тарихий бир даврда яшаяпмиз. Ҳаёт ҳам, халқимизнинг дунёқараши ҳам ўзгармоқда. Ислоҳот ва янгиланишлар нафақат ҳаётимизда, балки халқимизнинг онг ва тафаккурида ҳам кечмоқда. Бу мамлакат Конституциясини янада такомиллаштиришни талаб этади.
2022 йил 20 май куни Олий Мажлис палаталари кенгашлари томонидан Конституциявий комиссия тузилди. Мазкур комиссияга халқимиздан 48 минг 492 та таклиф келиб тушди.
Бу борада юз бераётган баҳс-мунозаралар, таклиф ва тавсиялар, муҳокамалар шуни кўрсатмоқдаки халқимиз Конституциявий ислоҳотларга тайёр. Ушбу сиёсий ва ўта масъулиятли жараёнларга бефарқ эмас. Бу кейинги олти йилда халқимизга берилган сўз ва фикр эркинлиги, матбуот мустақиллиги, инсон ҳуқуқларини босқичма-босқич таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларимизнинг бебаҳо маҳсулидир.
1992 йил. Бундан 30 йил олдин қабул қилинган Ўзбекистон Конституцияси шу кунгача халқимиз хоҳиш-иродасининг рўёби сифатида хизмат қилиб келди, лекин на вақт, на давр, на тараққиёт, на инсон тафаккурида юз бераётган ўзгаришлар бир ўринда тўхтаб турмайди.
Айниқса, 2016 йил мамлакат бошқарувида юз берган алмашинув Ўзбекистон давлатчилигида халқимиз ҳаётида бутунлай янги бир даврни бошлаб берди.
Бу янги Ўзбекистон ғоясида ҳам ўз ифодасини топган. Биз нафақат Ватанни улуғлаш, миллатни юксалтириш, халқимизни рози қилиш, ҳаётини бутунлай ўзгартириш, Ўзбекистоннинг нафақат ички, балки ташқи сиёсатида ҳам туб бурилиш ясаш сиёсатини илгари сурдик.
Ҳар қандай ислоҳотлар ё давлат тизимини ўзгартириш йўлидан ёки халқ ҳаётини янгилаш ё иқтисодиётга қаратилганлиги билан кечишига кўп бора гувоҳ бўлганмиз, лекин Ўзбекистонда юз берган ислоҳотлар бутунлай бошқача қиёфа касб этди.
Ислоҳотлар марказида инсон турганлиги қолган барча янгиланишлар мана шу инсоннинг атрофида кечганлиги бутун дунё учун янгилик бўлди, деб айтишга тўла асосларимиз бор.
Шунинг учун ҳам ислоҳотлар негизида намоён бўлган инсон нафақат ҳаёти ўзгаришини, балки бутун тафаккури янгиланишини, ўз ҳуқуқларини конституция таъминлашини исташи табиий.
Кейинги олти йилда халқимизнинг дунёқараши шунчалик ўзгардики, бугунги кунга келиб, халқ конституцион ислоҳотларга жуда ва жуда эҳтиёж сеза бошлади. Инсон ҳаёти ҳар қандай ҳужжатларга сиғмаслиги, ўз ифодасини тўла-тўкис намоён этолмаслигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда.
Дунёнинг биринчи Конституцияси, бу – АҚШда 1787 йил 17 сентябрда қабул қилинган. Ўшанда Бенжамин Франклин шундай деган экан: «Муҳокама давомида мен мажлис раиси ортидаги қуёшга тез-тез назар ташлаб турдим, аммо унинг кўтарилаётганини ёки ботаётганини англамадим. Бироқ, энди охир-оқибат мен қуёш ботаётганини эмас, балки кўтарилаётганини фаҳмлаганимдан ғоят бахтиёрман».
Давр тақозоси жаҳоннинг ушбу биринчи конституциясига ҳам ўзгартиришлар киритишни талаб этганлигига тарих гувоҳ.
АҚШ конституциясига ўтган давр мобайнида 27 та ўзгариш ва қўшимчалар киритилган. Америка Қўшма Штатларининг тарихий Президенти Жорж Вашингтон АҚШни ўз вақтида таназзулдан олиб чиққанлиги билан ҳам Америка халқининг буюк ҳурмат ва эҳтиромига сазовор бўлган.
ИНСОН ҚАДРИНИ ЮКСАЛТИРИШ...
Давлат ҳокимияти органларининг конституциявий бурчи ва устувор вазифаси бўлмоғи шарт…
Инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, дахлсиз ҳуқуқлари ва манфаатлари янгиланаётган Конституциямизда ҳам ўз ифодасини топиши ҳар бир Ўзбекистон фуқаросига фахр-ифтихор бағишлайди.
Шундай даврлар бўлдики, инсон қадри бутунлай топталди. Инсоннинг ҳаёти, тақдири, кимларнидир хоҳиш-истаги билан бошқарилди. Дахлсиз ҳуқуқлар ҳақида гапирилар, ёзилар, лекин амал қилинмас эди. Янгиланаётган Ўзбекистон Конституцияси айнан инсон қадрини улуғлашга қаратилгани, йўналтирилгани билан ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бу борадаги мавҳумликка барҳам берилади. Инсон учун муҳим бўлган барча ҳуқуқлар аниқ-тиниқ ифода этилади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда алоҳида таъкидлаганидек: “Биз ишлашга – иши, яшашга – уйи бўлган, фуқаролари тинч ва эркин, ҳаётдан мамнун, дастурхони тўкин, оиласи бахтиёр ва фаровон яшайдиган давлат қуришни мақсад қилганмиз. Ана шундай буюк ишлар арафасида турибмиз. Кучли иқтисодиёт барпо этиб, дунёда муносиб ўрнимизни эгаллашимиз, халқимизга юксак шароитлар яратиш учун ҳам жуда кўп ишларни биргаликда амалга оширишимиз керак. Бетакрор юртимизда барқарор жамиятни ва бардавом тараққиётни таъминлаш – барчамизнинг бош мақсадимиздир. Мен бутун халқимизни ана шу буюк мақсадга эришишда ўзаро бирдамликка ва ҳамжиҳатликка чақираман».
Ўзаро бирдамлик ва ҳамжиҳатлик тамойиллари жамият учун қанчалар муҳимлигини, зарурлигини чуқур англаб етишишимиз керак. Аслида барча эзгу мақсадларимиз рўёби замирида ҳам бирдамлик ва ҳамжиҳатлик мужассамлашганини унутишга ҳаққимиз йўқ.
Биз хоҳлаймизми-хоҳламаймизми, ўта таҳликали, ўта зиддиятли, ўта кескин, ўта мураккаб дунёда яшаётганлигимизни билишимиз, мамлакат, миллат олдидаги масъулиятимизни жиддий ҳис этишимиз шарт.
Инсон қадри борасида Ўзбекистон танлаган йўл, мамлакатимиз тўплаган тажриба, кейинги олти йилда бу борада эришилган ютуқлар нафақат халқимиз томонидан, балки жаҳон ҳамжамиятининг ҳам эътирофига сазовор бўлганлигини алоҳида таъкидлашни истайман. Янгиланаётган Конституциямизнинг тўртта устувор йўналишининг биринчиси инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, дахлсиз ҳуқуқлари ва манфаатларига қаратилгани ҳам бежиз эмас, албатта. Биз бундай хулосага келишимиз учун қисқа муддатда жуда узун ва узоқ йўлни босиб ўтганимиз ҳам бор гап.
Инсон ҳаёти ва унинг қадри борасида жуда ортда қолиб кетганлигимизни 2016 йилга келиб, янада чуқурроқ ҳис қилганман. Давлат қудрати унинг табиий бойликлари билан ҳарбий кучи, иқтисодий имкониятлари билан ўлчанадиган замонлар аллақачон ўтиб кетган.
Бугун халқнинг энг аввало, турмуш даражаси, ҳуқуқлари, интеллекти, дунёқараши, тафаккур оламига қараб баҳо бериш урфга айланди. Инсон тафаккури, инсоннинг ҳаётдан розилик даражаси, унинг ҳақ-ҳуқуқларини сўзсиз таъминланиши бу ҳар қандай давлат қудратидан муҳимроқдир.
Бугун Ўзбекистон тутган йўл инсонни қадрлашга, инсонни яхши кўришга, инсонни рози қилишга, қаратилганлиги билан ҳам бутун дунёни ҳайратга солмоқда.
Тарихдан маълумки, бугунги ривожланган, тараққий этган давлатлар ҳам дастлаб, мамлакат қудратини оширишга эътибор қаратган. Ўзбекистонда аввало, инсон қадри биринчи ўринга кўтарилди. Менинг назаримда, дунё тарихида бундай тажрибага илк бора мамлакатимизда қўл урилди.
Давлатлар, жамиятлар инсон тафаккурининг маҳсули бўлиб, тараққиётнинг маълум бир даврига келганда давлат ва жамият инсоннинг ҳақ-ҳуқуларини чеклаганлик ҳолатларига ҳам дуч келдик.
Бугун Ўзбекистоннинг янгиланаётган конституциясига «Инсон – жамият – давлат» тамойили киритилаётганлиги бежиз эмас. Инсон тафаккурининг маҳсули ҳеч қачон инсондан олдин ёки юқори туриши мантиққа зид. Биз янгиланаётган конституциямизда инсонни жамият ва давлатдан устун қўямиз.
ЎЗБЕКИСТОН – ИЖТИМОИЙ ДАВЛАТ
2016 йилгача айнан ижтимоий муаммолар гирдобида яшаётган халқимиз учун сув билан ҳаводай зарур…
Ижтимоий давлат тушунчаси ҳам илк марта истеъмолга киритилмоқда.
Нафақат истеъмолга киритилмоқда, балки янгиланаётган конституциямизда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Тан олишимиз керак, Мустақилликнинг дастлабки чорак асрлик даврида биз ижтимоий муаммолардан кўз юмиб яшадик. Бу борада ҳеч қандай статистика юритилмади.
Оддий одамларнинг фикр-мулоҳазалари, эътирозлари, шикоят ва аризалари ўрганилмади, жавоб қайтарилмади, масаласи ҳал этилмади. Одамларда давлатга, келажакка бўлган ишончни йўқотиб қўйдик. Мана олти йилдирки, одамларга мана шу ишончни қайтариб бериш йўлида жон-жаҳдимиз билан ҳаракат қиляпмиз.
Президентимиз Конституцион комиссия аъзолари билан бўлиб ўтган учрашувда таъкидлаганидек: «Бир сўз билан айтганда, давлатнинг эркаклар ва аёллар, оилалар ва болалар, ёшлар ва нуронийлар, ногиронлиги бор шахслар, мамлакатда ёки унинг ташқарисида бўлишидан қатъи назар, барча инсонлар ҳақида қайғуриши Конституцияда мустаҳкамланиши зарур».
Ижтимоий давлатда ҳар бир инсон учун муносиб яшаш шароитлари кафолатланади. Ҳеч ким эътибордан четда қолмайди. Бир инсон муаммоси бутун жамиятнинг муаммоси, деб қаралади. Инсонлар ўз ташвиш ва қийинчиликлари билан ёлғиз қолдирилмайди. Минг афсуски, яқин тарихимизда биз бунга амал қилмадик. Одамлар дарду ўйи билан яшамадик, кўриб-кўрмасликка, билиб-билмасликка олдик. Натижада инсон жисмидаги мана шу кичик оғриқлар жамиятни заифлашишига, касалланишига, мажруҳлигига олиб келди.
2016 йилда Президент Шавкат Мирзиёевга қанчалар катта ижтимоий муаммолар мерос қолганлигига бир кун келиб, тарихий баҳо берилишига ишонаман.
Мана олти йилдирки, ижтимоий муаммоларни бартараф этишга бутун мамлакатдаги каттаю-кичик раҳбарлар сафарбар этилганлигига қарамасдан ҳали ҳам қилиниши зарур ва шарт бўлган юмушлар кўп.
Аҳолини уй-жой билан таъминлашда давлат иштироки бутунлай йўқ эди. Ачинарлиси, миллионлаб оилаларнинг том маънодаги фожиасига айланган уй-жой масаласида давлат сукут сақларди. Бунинг натижасида одамларни эртанги кунга бўлган умиди бутунлай сўнганди. Кейинги олти йилда Ўзбекистонда мустақилликнинг дастлабки йигирма беш йилида қилинмаган қанчадан-қанча уй-жойлар барпо этилди. Одамлар биринчи марта ўзларининг ҳаёти, яшаш шароити, давлат учун муҳимлигига ишонч ҳосил қилди.
Ўзбекистонда оиланинг иқтисодий ва маънавий асослари ҳақида гапирила бошланди. Бизга ёд бўлган мазкур тушунчалар одамларни онгига сингдирилди.
Тарихда биринчи марта оила олдидаги давлатнинг масъулияти, керак бўлса бурчи ҳамда вазифалари тан олинди. Ойлик маош, ижтимоий ҳимоя, бандлик ва бошқа инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида улкан натижаларга эришилди.
Болалар манфаатларини таъминлаш ва тўлақонли ривожланиши учун барча шароитларни яратиб беришни давлат ўз зиммасига олмоқда. Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш борасида ҳам жаҳон стандартларига эришиш йўлида тинимсиз ҳаракат қилинмоқда. Инсон саломатлигини асраш, экологик муаммоларни бартараф этиш учун ҳам Ўзбекистон ташаббуслари халқаро экспертлар томонидан тан олинмоқда ва Ўзбекистон тажрибаси дунё мамлакатларига ибрат сифатида кўрсатилмоқда.
Мана «Ўзбекистон ижтимоий давлат» ғояси нима учун илгари сурилмоқда.
КОНСТИТУЦИЯДА МАҲАЛЛАНИНГ МАҚОМИ
Давлат органларининг бу борадаги вазифалари…
Маҳалла институти ҳақида жуда кўп гапирилсада мазкур тузилма ҳаётимиздан мустаҳкам ўрин эгалласада амалда маҳалла туман, шаҳар ҳокимларининг вазифа ҳамда топшириқларини ижро этувчи механизмга айланиб қолган эди.
Кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари шиори ҳам ҳаётда ўз аксини топгани йўқ. Фақат 2016 йилдан бошлаб, маҳалла институтини шакллантириш, унинг ваколатларини кенгайтириш, ўз-ўзини бошқариш органлари фаолиятига четдан аралашувни бартараф этиш борасида дастлабки қадамлар ташланди.
Менинг назаримда, фақат Ўзбекистонда Маҳалла ва нуронийларни қўлллаб-қувватлаш вазирлиги таъсис этилган. Бу нимани англатади?
Биринчидан, айнан маҳалла институти фуқаролик жамиятининг рамзи ҳисобланади. Маҳалла тузилмасининг ваколатларини тобора кенгайиши босқичма-босқич давлат ва жамият ўртасидаги манфаатлар мувозанатини таъминлашга хизмат қилади.
Иккинчидан, ижро ҳокимиятида барча ваколатларнинг йиғилиб қолиши ҳам фуқаролик жамияти тамойилларига зиддир. Бугунги кунда Ўзбекистонда шаклланаётган маҳалла институти демократиянинг яққол кўриниши эканлиги, фуқаролик жамияти борасида тадқиқот олиб борувчи халқаро жамғармалар томонидан ҳам эътироф этилмоқда.
Янгиланаётган Ўзбекистон конституциясида маҳалла мақоми ҳам ўз ифодасини топиши мақсадга мувофиқдир. Давлат органларининг маҳалла институти борасидаги вазифалари аниқ белгиланиши керак.
Учрашувда таъкидланганидек, бунда маҳаллаларнинг давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмаслиги, жойлардаги маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни мустақил ҳал этиши, бунинг учун давлат органлари уларга кўмак кўрсатишига оид тамойиллар жамият ривожи учун ғоятда муҳимдир.
Маҳалла институти қонун-қоидалари халқ томонидан, миллий қадриятларимиз асосида шакллантирилганлигини унутмаслигимиз керак. Халқимизда асрлар давомида маҳалла масъулияти деган қараш мавжуд . Одамларимизда «маҳалла-кўй нима дейди?», «маҳалладан уяламан», «маҳалладан сўраш керак», «маҳаллани олдидан ўтаман» деган қарашлар аждодлардан авлодларга ўтиб келган.
ХАЛҚ ҲОКИМИЯТЧИЛИГИНИ КУЧАЙТИРИШ
Биз эл-юрт ташвиши билан яшайдиган халқчил давлат барпо этамиз…
Ўзбекистонда давлат бошқарувини такомиллаштириш, халқ ҳокимиятчилигини янада кучайтириш борасида ҳам ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Конституцион комиссия аъзолари билан учрашувда мазкур масалани аҳамияти ҳақида қуйидаги фикрни билдирди: «Биз эл-юрт ташвиши билан яшайдиган халқчил давлат барпо этишни кўзлаганмиз. Бу шуни англатадики, давлат, унинг органлари ва мансабдор шахслари халқ учун ишлайди, унга хизмат қилади. Давлат ҳокимияти устидан халқ назорати ўрнатилади. Конституцияга давлат органлари фаолиятида очиқлик, шаффофлик ва ҳисобдорликни, мазкур органларнинг ихчам ва тежамкор бўлишини таъминлаш юзасидан қоидалар киритишни таклиф қиламан» .
Менинг назаримда, халқчил давлат тушунчаси ҳам илк бор ишлатилди. Бу аслида миллионлаб халқимизнинг энг катта орзу ва истагидир.
Халқчил давлат нимани англатади? Бу тамойил замирида нималар мужассамлашган? Давлатнинг халқчиллик тамойилига таяниши энг аввало, халққа миллий ғурур бағишлайди. Мана шу мағрурлик халқни буюк мақсадлар, бунёдкорлик, яратувчиликка ундайди. Бу ўринда халқ сўзининг давлат сўзидан олдин ишлатилаётганлигига ҳам эътибор бериш керак. Бу бежизга эмас, албатта. Аслида халқнинг борлиги бу давлатнинг борлигини асосидир. Демак, давлатнинг халқчил бўлиши бу жуда-жуда муҳим ва зарурдир. Халқ давлат бошқарувидаги ўз ўрнини билиши ва англаши инсон тафаккурида буюк ўзгаришлар бошланишига олиб келади.
Ҳукуматни шакллантириш ва унинг самарали фаолият юритишини таъминлашда Олий Мажлиснинг ваколатлари янада кенгаяди. Президентнинг айрим ваколатларини Олий Мажлисга ўтказилиши борасида ҳам таклиф мулоҳазалар ўртага ташланди.
Ҳокимларнинг бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари кенгашларига ҳам бошчилик қилиши ҳақидаги қоидани конституциядан чиқариш вақти аллақачон келганлиги алоҳида таъкидланди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев тарихда биринчи марта конституцияга қонунчилик таклифларини киритиш институтини жорий этишни илгари сурди.
Бу қоида орқали халқ бевосита ташаббус кўрсатиш ҳуқуқини қўлга киритади. Юз минг кишидан кам бўлмаган миқдордаги фуқаролар ўз қонунчилик таклифларини Олий Мажлис қонунчилик палатасига киритиш имкониятига эга бўлади. Мазкур тажриба ҳам сўзсиз ўзини оқлашига ишонаман. Бу одамларга фикр айтиш имкониятини яратади. Одамлардаги бефарқлик иллатига барҳам беради. Шу кунгача халққа берилган бир қатор мавҳум ваколат ва ташаббусларга аниқлик бағишлайди. Масъулият фақат давлат томонида эмас халққа ҳам кўчиб ўтади. Бир томонламаликка нуқта қўйилади…
ХАЛҚ КОНСТИТУЦИЯСИ...
Ўзаро бирдамлик ва ҳамжиҳатлик маҳсули бўлади…
Конституцион комиссиянинг бир аъзоси сифатида Президентимиз билан учрашувдан жуда таъсирландим. Энг аввало, халқимиз учун қувондим. Қалбимда шукроналик ҳисси пайдо бўлди.
Бир ҳақиқатни халқимиз чуқурроқ билишини, англашини истайман. Конституцион ислоҳотлар замирида аввало, юртдошларимизга муносиб ҳаёт даражасини яратиш, ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя этиш, ўлим жазосини тақиқлаш, хусусий мулк ҳуқуқини кафолатлаш, қийноққа солишларни олдини олиш, суд қарорисиз мажбурий ушлаб туришга барҳам бериш, тазйиқлар, таҳқирларга чек қўйиш, тадбиркорликка ғов бўладиган ҳар қандай иллатлар билан муроса қилмаслик… каби инсонпарвар мақсадлар мужассамлашган.
Давлатимиз раҳбари илгари сурган фикрлар-ғоялардан жуда таъсирландим.
Биз тарихий бир даврга гувоҳ бўляпмиз. Нафақат гувоҳ, балки мазкур жамиятни барпо этилишида иштирок ҳам этяпмиз.
Президентимизнинг ҳар бир сўзида халқни давлатдан устун қўйиш, давлат хизматчиларини халқ олдидаги ҳисобдорлигини ошириш тамойили мужассамлашган.
Конституция бу қотиб қолган ҳужжат эмас. Айнан конституция инсонларнинг янгидан-янги хоҳиш-истакларини ифода этиши шарт ва зарурдир.
Мен янгиланаётган Ўзбекистон Конституцияси Президентимиз тарифлаганидек ҳақиқий Халқ конституцияси бўлишига ишонаман.
Эртага шундай даврлар келадики, миннатдор авлодлар конституцион ислоҳотлар учун ташаккур айтади, миннатдорлик билдиради.
Рустам ХОЛМУРОДОВ,
Конституцион комиссия аъзоси, Шароф Рашидов номидаги
Самарқанд давлат университети ректори, профессор, сенатор