“iPhone 17” учун қанча бож тўланади? Божхона қиймати қандай аниқланади?

Бугунги кунда жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали нотижорат мақсадида мобил қурилмаларни олиб киришда божхона тўловлари тўланиши юзага келган ҳолатлар бўйича жуда кўплаб саволлар юзага келмоқда.
Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2025йил 19 апрелдаги 244-сон қарори билан жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжи учун нотижорат мақсадларида республикага олиб кириладиган товарларнинг божсиз олиб кириш нормалари;
ҳаво транспортида 1000 АҚШ доллари,
темир йўл ва дарё транспортида 500 АҚШ доллари,
автомобил (пиёда) ўтказиш пунктлари орқали 300 АҚШ доллари этиб белгиланган.
Бунда, мобил қурилма божхона қиймати белгиланган нормадан ортган тақдирда, чекланган меъёрлардан ортиқ қисмига нисбатан 30 фоиз миқдорида ягона божхона тўлови ундирилади.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 31 январдаги 55-сон қарорига асосан божхона органлари томонидан божхона кирим ордерини тўлдириш ва расмийлаштириш учун БҲМнинг 25 фоизи (103 минг сўм) божхона расмийлаштируви учун йиғим ундирилади.
Ўз навбатида, мобил қурилманинг божхона қиймати чеклар, квитанциялар ва (ёки) бошқа тижорат ҳужжатлари билан тасдиқланган, маълум қилинган қийматдан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
Шахс томонидан маълум қилинган товарларнинг божхона қиймати тўғри белгиланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар ва маълумотлар бўлмаган тақдирда божхона органи товарларнинг божхона қийматини мустақил равишда белгилайди.
Бунда божхона органи ўз ихтиёрида мавжуд бўлган нархлар тўғрисидаги ахборотдан яъни божхона юк декларациялари электрон база маълумотлари ва муқобил манбаларидан олинган нархлардан фойдаланади.
Муқобил манбаларидан олинган нархларга ишлаб чиқарувчи корхоналар ёки етказиб берувчиларнинг расмий эълон қилинадиган маълумотномалари, бюллетенлари, прайс-варақлари ва бошқа ишончли манбалар киради.
Мисол учун, бугунги кунда фуқаролар томонидан энг кўп қизиқиш билдирилаётган “ iPhone 17” русумидаги мобил қурилма олиб кирилганда, унинг божхона қиймати агар харид чеки, квитанцияси ва (ёки) бошқа тижорат ҳужжатлари мавжуд бўлса, ундаги қийматдан келиб чиқиб, агар мавжуд бўлмаса ишлаб чиқарувчи ҳисобланадиган “Apple”нинг фуқаро келаётган давлатдаги расмий сайти маълумотлардаги нархларга асосланади.
Шунингдек, мазкур қурилмаларнинг божхона қиймати улар олиб кирилаётган давлатдаги нархларга чамбарчас боғлиқ.
Шу муносабат билан Божхона қўмитаси “ iPhone 17” русумидаги мобил қурилмаларни божхона расмийлаштириш жараёнида қўлланилаётган божхона қиймати ҳақидаги маълумотларни улар энг кўп олиб кирилаётган давлатлар кесимида тақдим этиб боради.
Маълумотлар янгиланганда қўшимча хабар берилади.