Иқтисодчи қимматлаган АИ 80 бензини бўйича ўз мулоҳазаларини билдирди

АИ 80 бензини нархи оширилиши масаласида иқтисодчи Отабек Бакиров ёзмоқда:

Ниҳоят нарх оширилганидан 12 соат ўтиб, важини очиқлашди:

“Ҳа, нарх 200 сўмга қимматлаганини тасдиқлаймиз. Бу импорт бензини нархи ошгани билан боғлиқ. Бензиннинг 60 фоизи ўзимизда ишлаб чиқарилса, 40 фоизи импорт қилинади. Россия нархни оширгани учун бизда ҳам нарх қимматлади”.

Бу нимани англатади?

Биринчидан, Ўзбекнефтегаз монополист ишлаб чиқарувчидан, монополист олиб-сотарга айланиб бўлган. Худди Ўзавтомоторс олиб-сотар чайқовчига айлангани сингари.

Иккинчидан, нефть ва бензинига санкция тушган Россия Ҳиндистондан тортиб, Хитойгача скидка бераётган бўлса, Ўзбекистонга нархни оширмоқда. Демак, аввал ёзганимиздек, ўзбек истеъмолчиларини монополистга қўшилиб энди шимолдаги олигархлар ҳам таламоқда.

Учинчидан, 500 км радиусда ғарбда қардош Туркманистон ва Озарбойжон, шимолда дўст Қозоғистон туриб 3000 км наридаги севимли оғаларидан 80 бензин ташиётганларни Ўзбекистонликларга, миллий манфаатларга хайрихоҳ ва дўст деб айтиш жуда қийин. Буни ёдда тутиш керак.

Агар, 80 бензиннинг 40 фоизи импорт қилинаётган бўлса, бу кунига камида 1600 тонна, ойига 48-50 минг тонна, йилига 570-600 минг тонна бензин импорт қилинаяпти дегани.

Бу жуда катта миқдор. Бундай катта миқдордаги импорт учун ҳар қандай ҳамкор, ҳатто энг очофат рус олигархлари ҳам катта скидкалар бериши ҳам керак. Агар шартномалар откат ё "угина, бугина" схемалар тарзида тузилмаган бўлса ёки шартнома имзоловчилар гаровга олиниб, пешонасига тўппонча тираб турилмаган бўлса.

Шундай экан, Ўзбекнефтегаз акциядорлик жамияти сифатида 80 бензинни импорт қилиш билан боғлиқ йирик битимларнинг шартларини очиқлаши керак. Бу қонунчилик талаби ҳам.