Иқтисодий зоналар – тараққиёт кафолати
Президентимизнинг 2022 йил 28 январдаги “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармонида мамлакат иқтисодиётини жадал ривожлантириш, хорижий ва маҳаллий инвестиция маблағларини халқ хўжалигига кенг жалб этиш, маҳсулот ишлаб чиқариш жараёнларини янги замонавий нанотехнологиялар асосида такомиллаштириш, корхоналар фаолиятини мувофиқлаштириш ва янги иш ўринлари яратиш натижасида фуқароларнинг турмуш фаровонлигини янада яхшилашга катта эътибор қаратилган.
Бу борада махсус иқтисодий зоналарнинг ўрни алоҳида аҳамият касб этмоқда. 2020 йил 17 февралда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида”ги Қонуни тадбиркорликни ривожлантиришнинг корпоратив шаклини вужудга келтиришнинг муҳим омили бўлиб қолмоқда. Чунки махсус иқтисодий зона – тегишли ҳудудни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун чет эл ва маҳаллий инвестицияларни, юқори технологиялар ҳамда бошқарув тажрибасини жалб этиш учун махсус ажратилган, белгиланган чегараларга ва махсус ҳуқуқий режимга эга бўлган ҳудуд ҳисобланади.
Эркин иқтисодий зона – янги ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш, юқори технологик жараёнларни ривожлантириш, замонавий рақобатбардош, импорт ўрнини босувчи, экспортга йўналтирилган тайёр саноат маҳсулотини яратишни ишлаб чиқаришга фаол жалб этиш, шунингдек, муҳандислик-коммуникация, йўл-транспорт, ижтимоий инфратузилмани ва логистика хизматларини ривожлантиришни таъминлаш мақсадида ташкил этиладиган ҳудуд.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 январдаги “Ургут”, “Ғиждувон”, “Қўқон” ва “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони маҳаллий саноатни ривожлантиришнинг муҳим омили бўлмоқда. Фармонда қайд этилишича, эркин иқтисодий зонанинг асосий вазифаси – ташқи бозорларда талаб катта бўлган ва импортнинг ўрнини босувчи, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар тайёрлаш бўйича замонавий ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун хорижий ва маҳаллий инвесторларнинг тўғридан-тўғри инвестицияларини жалб этиш, маҳаллий хом ашё ва материаллар негизида мустаҳкам кооперация алоқаларини ўрнатиш, юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш каби қатор йўналишлардан иборат.
Фармонда белгиланган вазифалар асосида “Ургут” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси” давлат унитар корхонаси таъсис этилди.
Дастлаб, Президент фармони билан “Ургут” эркин иқтисодий зонаси (ЭИЗ)га 1.262 гектар ер (4 та ёндош ҳудудлар ҳисобидан) ажратилган эди. Бу ерда маъмуриятнинг катта ташкилотчилиги ва ташаббускорлиги туфайли қисқа муддатда кенг миқёсдаги ишлар амалга оширилди. ЭИЗ ҳудудида барпо этилган корхоналар рақобатбардош саноат маҳсулотларини ишлаб чиқара бошлади. Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 4 ноябрдаги “Ургут” эркин иқтисодий зонаси фаолиятини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғриси”даги қарорига асосан, вилоятнинг 14 та туман (шаҳар)ларидаги 18 та массивдан 560 гектар ва Сурхондарё вилоятининг Денов туманидан 21 гектар, жами 581 гектар қўшимча ер майдони ажратилди. Ҳозир “Ургут” ЭИЗ тасарруфидаги ер майдони 1.843 гектарни ташкил этади.
Айни пайтда “Ургут” ЭИЗда умумий қиймати 626 миллион АҚШ доллари миқдоридаги 109 та лойиҳа бўйича ташкилий-техник ишлар амалга оширилмоқда. Шундан 313 миллион АҚШ доллари ҳажмидаги инвестиция маблағларига эга бўлган 68 та лойиҳа ҳаётга татбиқ этилиб, 4.473 та янги иш ўринлари яратилди. Жорий йилнинг январь-июль ойларида 2.710 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрланиб, 57 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот экспорт қилинди. 41 та инвестиция лойиҳаси бўйича қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, “Ургут” Эркин иқтисодий зонасининг Нуробод тумани “Сазағон” массивидаги ҳудудида масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Щёлково Агрохим-Ўзбекистон” Россия-Ўзбекистон қўшма корхонаси томонидан 20 миллион АҚШ долларидан кўп бўлган хорижий инвестиция маблағлари ҳисобидан республикамиз қишлоқ хўжалиги экинларининг парвариши учун асқотадиган дорилар яратишга мўлжалланган “Ўсимликларни ҳимоялаш кимёвий воситалари ишлаб чиқариш заводи” бунёд этилмоқда.
Ҳозиргача ушбу лойиҳа бўйича қарийб 17 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция маблағлари ўзлаштирилди. Заводнинг фойдаланишга топширилиши шу йилнинг тўртинчи чорагига мўлжалланган.
Завод ўз фаолиятини бошлагач, 100 та янги иш ўрни яратилади.
Махсус (эркин) иқтисодий зоналар мамлакатимиз халқ хўжалиги учун янги тармоқ ҳисобланади. Албатта, бу борадаги тажрибамиз ҳали етарли эмас. Шу боис Президентимиз ва Ҳукуматимиз томонидан соҳа фаолиятини янада такомиллаштириш чоралари кўрилмоқда.
Президентимизнинг 2022 йил 13 июндаги “Махсус иқтисодий, кичик саноат, ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари фаолияти самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мазкур бўғинни ривожлантиришдаги шахдам қадам бўлди.
Фармон билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри махсус иқтисодий зоналар ҳамда кичик саноат зоналари маъмурий кенгашлари тугатилиб, уларнинг вазифалари махсус иқтисодий зоналар дирекцияларига юклатилди. Бу билан махсус (эркин) иқтисодий зоналар иштирокчиларига ер майдонларини ажратиш, улар ҳудудларини кенгайтириш ёки қисқартириш, ички автомобиль йўллари қурилиши масалаларини кўриб чиқиш вақтлари қисқарди ҳамда масала ечимининг тезкорлиги ошди. Шунингдек, махсус иқтисодий зоналар ҳудудида инвестиция лойиҳаларининг бизнес-режалари ёки техник-иқтисодий асосларига Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги “Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази” ДУКнинг хулосасини олиш талаби бекор қилинди. Энди махсус иқтисодий зоналар ҳудудида амалга ошириш учун таклиф этилаётган лойиҳалар қонунда белгиланган талабларга мувофиқлиги тўғрисидаги хулоса махсус иқтисодий зоналар дирекциялари томонидан мустақил равишда қабул қилинади.
2022 йил 1 июлдан бошлаб шундай талаб ўрнатилдики, саноат зоналари ҳудудида инвестиция лойиҳаларини жойлаштириш бўйича қарорлар махсус иқтисодий зоналар дирекциялари ҳамда ягона дирекциялар томонидан ўн иш кунида қабул қилинади, махсус иқтисодий зоналар ҳудудида аукционга чиқарилган ер майдонларини ижарага бериш бўйича аукционда бир иштирокчи қатнашган тақдирда ҳам савдолар ўтказилган ҳисобланади. Бундан буён махсус иқтисодий зоналар ҳудудидаги ер участкаларини ижарага олиш ҳуқуқи махсус иқтисодий зоналар иштирокчилари томонидан кредитлар олишда гаровга қўйилиши мумкин. Саноат зоналарида ер майдонлари ва бино-иншоотларни электрон онлайн-аукцион орқали ижарага беришда бошланғич нархи бўйича тўловларни ўн икки ой муддатда бўлиб-бўлиб тўлаш тартиби ташкил этилмоқда.
Бундай имтиёзлар махсус иқтисодий зоналар ва улар иштирокчиларига янги-янги инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқаришга оғишмай жорий этиб, янги иш ўринларини яратиш ва бунинг натижасида аҳолининг ижтимоий муҳофазасини таъминлаш имкониятини беради.
Шу тариқа махсус иқтисодий зоналар халқ хўжалиги тараққиётининг муҳим бешигига айланиб бораверади.
Йўлдош СУЮНОВ,
“Щёлково Агрохим-Ўзбекистон” Россия-Ўзбекистон қўшма корхонаси юрисконсульти.