Иқтисодиёт драйверлари ўрганилмоқда, натижаси-чи?

Самарқанд вилоятида 1097 та маҳаллада 714,1 минг хонадон, 920 минг оила 3 миллион 928 минг аҳоли истиқомат қилади.

Ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини ўрганиш учун иқтисодиёт комплекснинг 1900 га яқин мутахассисдан иборат ишчи гуруҳи ташкил этилиб, "маҳаллабай" ўсиш нуқталари таҳлил қилинди. «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқаролар, тадбиркорлик фаолияти, драйвер асосида ишбилармонликни ривожлантириш имкониятлари ва муаммолари ўрганилди.

Вилоятдаги 64 та секторнинг ҳар биридан биттадан маҳалла танлаб олиниб, уларнинг ихтисослашуви, оилаларда истиқомат қилаётган фуқароларнинг бандлиги, даромад манбаи, касбга қизиқиши, оилаларнинг имкониятлари таҳлил қилинди.

Масалан, вилоятимизнинг «қизил» тоифадаги ҳудудлари - Қўшработ, Нуробод, Пайариқ туманларида 212 та маҳалла ерлари суғорилмайди ва уларда 830 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади, 166 маҳаллада саноат зоналари ва корхоналар фаолият юритяпти.  

Жумладан, Пайариқ туманидаги 5200 га яқин аҳолиси бор Дўстлик маҳалласининг умумий ер майдони 19 минг гектар, шундан 13 минг гектари яйлов ва қир-адирлардан, 3 минг гектари лалми ва 3 минг гектари сувли ер майдонидан иборат. Маҳалладаги 20 фоиз аҳоли ишсиз. Марказдан узоқда жойлашганлиги учун бу ерда инфратузилма ва коммуникация тизими яхши йўлга қўйилмаган, тадбиркорлик ривожланмаган. Ҳудуд кўпроқ чорвачилик, узумчилик ва боғдорчиликка ихтисослашган.

Маҳалладаги 355 нафар ишсиз фуқаронинг бандлигини таъминлаш бўйича сўровнома ўтказилди ва уларнинг аксарияти тикувчилик, сартарошлик, чорвачилик, узумчилик ва бошқа йўналишларда ишлашга хоҳиш билдирди. Ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати, мавжуд муаммо ва имкониятларидан келиб чиқиб маҳалла драйвери (ўсиш нуқталари) белгилаб олинди.

Жумладан, маҳалла худудидаги 2,3 минг гектар лалми майдонда томчилатиб суғориш усулида узумзорлар барпо этилмоқда. Ушбу лойиҳа 2021 йилда тўлиқ ишга туширилиб, маҳаллада яшовчи 174 нафар ишсиз фуқарога 50 сотихдан бўлиб берилиши режалаштирилган. Токзорлар ҳосилга киргунча 3 йил давомида ток қатор ораларига дуккакли, полиз, тўқсонбости экинлари ҳамда мойли экинлар экилади. Натижада битта хонадон ўртача 30-40 миллион сўмгача даромадга эга бўлади.

- «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури асосида 1,2 миллиард сўм банк кредити ажратилиб, 10 бошдан қўй берилади. Майда шохли моллар бош сони ҳозирги 4 мингдан 8 мингтага етказилади. Бу эса аҳоли ишсиз қатламидан 80 нафарининг бандлигини таъминлайди.

Ҳозир маҳаллада 16 нафар тадбиркор фаолият кўрсатяпти. Аҳоли эҳтиёжини ҳисобга олиб яна 18 та савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси очиш мумкин. Бунинг учун бўш турган собиқ маҳалла биноси тадбиркорга берилиб, 450 миллион сўм банк кредити ҳисобига «Ёшлар меҳнат гузари» ташкил этилади. Ушбу лойиҳани амалга ошириш натижасида 10 та савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси ташкил этилиб, 15 та қўшимча янги иш ўрни яратилади.

Шунингдек, 50 сотих майдонда жойлашган 30-умумий ўрта таълим мактабининг эски биноси ер майдони билан биргаликда аукцион савдоларига чиқарилади.

Бахтиёр Мустафоев,

вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш

бош бошқармаси бўлим бошлиғи.