Иш таклиф қилиш билан боғлиқ фирибгарликлар кўпаймоқда: соҳа мутахассислари муаммо ҳақида ўз муносабатларини билдирди

Иш қидириш орқасидан фирибгарлар тузоғига тушиб қолмаслик кафолатланмаган. Сўнгги пайтда ижтимоий тармоқларда тўлиқсиз иш вақти ёки масофадан даромад олиш тўғрисидаги таклифлар тобора кўпроқ учрай бошлади. Бу ажабланарли эмас, албатта. Ахир, ижтимоий тармоқлар орқали одамлар кўпинча уйда қолиб ҳам муносиб даромад топишга муваффақ бўлишмоқда. Иш излаш чоғида фирибгарлар қурбонига айланмаслик учун нима қилиш керак? Шу ҳақида ташкилот раҳбарлари ҳамда ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари билан суҳбатлашдик.

 Азамат Йўлдошев, вилоят ИИБ кибержиноятларга қарши курашиш бўлими бошлиғи, капитан:

 - Сўнгги пайтларда кибержиноят турлари кўпайиб бормоқда. Иш излаётганларнинг содда ва ишонувчанликлари бунга кенг йўл очмоқда. Жиноятчиларга эса бу жуда қўл келади. Кўпинча уйдан ишлаш ёки тўлиқсиз иш кунида ишлаш истагида бўлган ёш болали оналар, туғруқ таътилидаги аёллар алданиб қолишади. Самарқанд вилоятида ўтган йилнинг дастлабки уч ойида 64 нафар фуқаро киберфирибгарлик ҳақида ариза билан мурожаат қилган бўлса, жорий йилда уларнинг сони 350 дан ошди.

 Ва шуни эсда тутиш керакки, бу рақамлар расман мурожаат қилганларга тегишли. Яна қанчадан-қанча кишилар ушбу муаммога дуч келган ва киберфирибгарлик қурбони бўлишса ҳам мурожаат қилмасликни танлашган бўлиши мумкин. Бу соҳада фирибгарликнинг иккита энг кенг тарқалган усули бор. Мисол учун, сизга тест топшириғи ёки бирор бир топшириқнинг бир қисми сифатида иш таклиф қилиниши, кейин эса иш берувчи томонидан бу меҳнат учун ҳақ тўланмасдан у шунчаки ғойиб бўлиши мумкин.  Бундан ҳам ёмони, агар фирибгар иш берувчи мижоздан маош ўтказиш ва ёки бошқа турли баҳоналар билан унинг банк картаси маълумотларини жўнатишни талаб қилишидир. Бу ҳолга тушиб қолган киши нафақат бажарган меҳнатига яраша ҳақ ололмайди, балки унинг ҳисобидан пул ечиб олиниши мумкин.

 Кўпинча бундай ҳамкорликда шартнома имзоланмаслиги ноқонуний ҳаракат исботини топиш имконини деярли йўққа чиқаради.

Фирибгарликнинг яна бир машҳур тури бу бизнес таклиф қилиш йўлидир. Яъни, мижозга маълум бир товар сотиш таклиф қилиниши мумкин ва ушбу маҳсулот учун олдиндан тўловни амалга ошириш сўралади. Маҳсулот шундан кейин жўнатишга ваъда беришади. Пул ўтказишилиши билан эса ҳисоб блокланади. Ёдда тутинг: уларда сизнинг ҳисоб рақамингизга эга бўлиш ёки аввалдан тўловни амалга оширишингизга эришиш учун чек-чегарасиз баҳоналар коллексияси мавжуд. Бунга иш ҳақи тўлаш, ҳисобингизга карта очиш, чиптани, тиббий варақа учун, ўқув материалларини жўнатиш каби баҳоналар кўрсатилиши мумкин.

Ёки сохта ишга ёллаш агентлигининг хизматлари учун. Бу ёлғонларнинг саноғига етиш қийин.

 Фикр қилинг: ҳақиқий иш берувчи ҳеч қачон потенсиал ходимдан пул сўрамайди. Шундай талаб қўйилган ҳолда — бу шак-шубҳасиз фирибгарлик!

 Суннатилло Абдусаидов, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Самарқанд шаҳар бўлими бошлиғи:

 - Агар ҳали ҳам чет элга ишлаш учун кетишга қарор қилган экансиз, энг тўғри йўл - ташқи меҳнат миграцияси агентлигига мурожаат қилишдир. Шаҳримизда ишга жойлашиш ва четга қонуний чиқишни таклиф қилувчи бир нечта идоралар мавжудлигига қарамай, улардан ҳеч бири лицензия олмаган ва натижада фуқароларни ишга юбориш ҳуқуқига эга эмас.

 Ҳозирги вақтда Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги хорижда қонуний ишга жойлашиш билан шуғулланувчи ягона муассаса ҳисобланади. Инсон омилини бартараф этиш учун чет элда иш қидириш ҳам автоматик режимга ўтди, аммо тамоман тўлиқ эмас. Иш топиш ёки бўш иш ўринлари билан танишиш учун агентлик филиалига бориш шарт эмас. Буни минтақамизнинг @саммигратион телеграм каналига ёки @миграцияагентлиги республика ресурсига обуна бўлиш орқали амалга ошириш мумкин. Бу ерда танлов ўтказаётган хорижий компаниялардан кастинглар бошланганлиги ҳақидаги эълонлар жой олган. Шунингдек, унда иш берувчининг талаблари ва талаб қилинадиган мутахассисликлар ҳақида маълумотлар мавжуд.

 Иш ҳақи ва яшаш шароити, асосан, учрашганда муҳокама қилинади. Баъзи иш берувчилар эълонлари остида анкета илова қилишади. Иш изловчилар сўралган маълумотларни илова қилиш орқали уни тўлдириши мумкин. Йил бошидан буён 120 нафарга яқин хотин-қиз хорижга ишлаш учун кетган. Ўтган йили 295 мингдан ортиқ аҳоли иш топиш учун хорижга кетган.

Фароғат Шокирова, оила ва аёллар бошқаруви бўйича вилоят бош мутахассиси:

- Аёлларни алдовдан огоҳ қилиш учун уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш керак. Улар ўз ҳуқуқларини билишсагина уларни алдаш мушкул бўлади. Иш топишнинг энг хавфсиз йўли - ҳудуддаги маҳаллалар билан алоқада бўлиш саналади, яқин атрофда бўш иш ўринлари мавжуд бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Ва, албатта, иш қидираётганда, фуқароларни иш билан таъминлаш билан бевосита шуғулланадиган расмий муассасаларга ишонч билдириш яхшироқдир. Вилоятда одамлар ўзи истаган ишни топиш учун мурожаат қилишлари мумкин бўлган бир нечта муассасалар мавжуд. Вилоят бандлик бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари узоқ йиллардан буён бу борадаги расмий муассаса бўлиб келмоқда.

Шунингдек, иш.меҳнат.уз иш қидириш платформаси ҳам мавжуд бўлиб, бу ерда керакли ҳудуд ва соҳани танлаб, ўз мутахассислигингиз бўйича иш топишингиз мумкин. Электрон маълумотлар базасида вилоят бўйича 20 мингга яқин бўш иш ўрни мавжуд. Ўтган йили вилоят иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш бўйича миллий комплекс дастур ишлаб чиқдик. Мазкур дастурнинг амалга оширилиши 2022 йилда вилоятда 94 минг 353 нафар ишсиз хотин-қизни иш билан таъминлаш имконини берди. Мазкур дастурга мувофиқ 20 минг нафардан ортиқ хотин-қиз квоталар бўйича иш билан таъминланди, 7 минг нафарга яқин хотин-қиз жамоат ишларига жалб қилинди, 20 минг нафарга яқини кредит олди, 15 минг нафари малака ошириш курсларида ўқишди.

Бунинг ўзи етарли эмаслиги аниқ, лекин аёллар учун иш ўринлари яратиш, уларнинг салоҳиятларини рўёбга чиқариш учун янада кўпроқ имконият яратиш учун кичик-кичик қадамлар билан бўлса ҳам олға ҳаракат қилмоқдамиз.

Нигора Ёдгорова, Самарқанд вилояти ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари, майор:

- Хотин-қизлар бандлиги муаммолари ҳақида гапирар эканмиз, беихтиёр хориждаги меҳнат миграцияси қурбонлари ҳақида ўйлаймиз. Юртдошларимизнинг алдов қурбони бўлиш кўрсаткичлари мамлакатда камдан-кам бўлса, хорижда тез-тез учрайди. Ўтган йили одам савдосига қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан одам савдоси қурбони бўлиш билан боғлиқ 20 та ҳолат қайд этилган.

Улардан 13 нафари аёллар билан, учтаси чақалоқларни сотиш билан боғлиқ жиноятлар бўлса, тўрт ҳолатда – эркаклар фирибгарларнинг тузоғига тушиб қолишган. Далиллар одам савдоси қурбони бўлган аёллар хорижий мамлакатларда асосан жинсий зўравонлик қурбони бўлишганини тасдиқлайди. Фирибгарлар жабрланувчиларни жинсий алоқага мажбурлаш орқали мижозлардан пул ундиришни мақсад қилишган. Одам савдосига қарши курашнинг тўртта асосий йўналиши мавжуд. Ва улар бир вақтнинг ўзида тенг улушларда ишлашлари керак. Жиноятларнинг олдини олиш, ҳамкорлик қилиш, жабрланганларга ёрдам бериш, жиноий жавобгарликка тортиш.

Биз бошқа мамлакатлар тажрибасини ўргандик.

Исроил одам савдосини қандай енгди? Биринчи омил, мамлакатда жиноятлар қатъий тартибда ўрганилиб, айбдорларга оғир жазо тайинланган. Ўзбекистонда ҳам жазо кучайтирилиб, эндиликда одам савдоси учун 12 йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди. Биз бу жараёнда ёрдам бериш ва ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш учун ташкилотлар билан ҳамкорлик қиламиз. Жумладан, ўтган йили одам савдоси қурбонлари оилаларига 14 миллион сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди.

Аммо, афсуски, бутун дунё бўйлаб  кенг қамровли фаолият, тегишли тарғибот-ташвиқот ишларига қарамай, ҳар йили миллионлаб одамлар “замонавий қуллик”, яъни одам савдоси қурбонига айланмоқда. Улар орасида аёллар, кексалар, ҳатто кичик ёшдаги болалар ҳам бор.

P.S. Афсуски, олтин тоғлар ваъда қилувчи иш таклифлари фақатгина интернетда эмас. Бошқа айрим "иш берувчилар"нинг мақсадлари ҳам хайрли эмас. Мутахассисларнинг юқоридаги фикрлари сизни дуч келишингиз мумкин бўлган хавф-хатарлардан огоҳлантириши ва ўзингизга муносиб иш топишда сизни турли алдов ва умидсизликлардан маълум даражада ҳимоя қилишига ишонишни истардик.

Маълумот учун: вилоят бандлик бош бошқармаси маълумотларига кўра (2022 йил маълумотлари) вилоятда 4 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилади, уларнинг 153 мингга яқини ишсиз. Самарқанд вилоятида 2 миллиондан ортиқ хотин-қизлар истиқомат қилади ва уларнинг 53,8 фоизи меҳнатга лаёқатли бўлиб 727 минг нафари расман ишламайди. Вилоятда хотин-қизларнинг атиги 9,8 фоизи иш ўрнига эга бўлса, 0,07 фоизи ишсизлик нафақасини олади. Ишсизлик даражаси 9,3% ни ташкил қилади.

Замира БАЛТАЕВА.