"Ишбилармон" кишилардан 55 миллион сўмлик ашёлар олиб қўйилди
Мамлакатимизда кўрилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар тадбиркорлик субъектларининг эмин-эркин фаолият юритиши, соғлом рақобат муҳитини яратишга хизмат қилмоқда. Бу саъй-ҳаракатлардан кўзланган асосий мақсад иқтисодиётимизни янада юксалтириш, бунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улушини кўпайтиришдан иборат.
Бироқ яратилаётган қулай шароит ва имкониятларга қарамай, давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишни, белгиланган солиқларни тўлашдан бўйин товлашни, олинаётган даромад ва фойда кўрсаткичларини яширишни касб этганлар ҳамон учрамоқда.
Самарқанд вилояти давлат солиқ хизмати органлари томонидан бундай ҳолатларнинг олдини олиш, “хуфиёна иқтисодиёт”га йўл қўймаслик бўйича комплекс ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, йил бошидан буён 255 та хронометраж тадбири ўтказилди. Бунинг натижасида тадбиркорлик субъектлари томонидан норасмий равишда 143 нафар ишчи ёллангани аниқланди.
Январь ойи давомида вилоят бўйича хуфиёна иқтисодиётнинг олдини олишга қаратилган 147 та назорат тадбири ташкил этилди. Уларда ҳужжатсиз озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат, алкоголь, тамаки маҳсулотлари, заргарлик буюмлари, диск билан савдо қилиш, яширин цех фаолиятини йўлга қўйиш ҳолатлари аниқланди.
Хусусан, фуқаро И.Ҳ. Самарқанд шаҳар Алишер Навоий кўчаси 54-уйда жойлашган савдо дўконида болалар ўйинчоқлари сотиш билан шуғулланишни бошлаган-у, фаолиятини қонунийлаштиришни “унутиб” қўйган. Тадбир давомида дўкондаги умумий қиймати 60 миллион 612 минг сўмлик болалар ўйинчоқлари далилий ашё сифатида олиб қўйилди.
Самарқанд шаҳрининг Сартепа масканида DVD ва CD дисклар савдоси билан ноқонуний шуғулланиб, даромад олишни кўзлаган “тадбиркор” Ж.Х. ҳам савдо фаолияти учун тегишли ҳужжатларни расмийлаштиришни гўё эсидан чиқариб қўйибди. Ўтказилган назорат тадбирида унинг бу “қилиғи” фош бўлди ва дўкондаги 18 миллион 732 минг сўмлик 3122 дона DVD ва CD диск далилий ашё сифатида олиб қўйилди.
Тайлоқ туманида туғилган фуқаро Г.Т. “Ургут савдо комплекси”да 26 миллион 362 минг 400 сўмлик, Самарқанд шаҳар Рудакий кўчасида яшовчи М.А. эса 21 миллион 754 минг 100 сўмлик турли заргарлик буюмлари савдоси билан қонунга хилоф равишда шуғулланаётгани аниқланиб, уларнинг фаолиятига чек қўйилди.
Самарқанд шаҳар У.Жўрақулов кўчаси 166-уйда фуқаролар – Ф.Ф., З.Ю., И.Х. давлат рўйхатидан ўтмасдан замонавий эшик-ром ишлаб чиқариш цехлари ташкил этгани ва ноқонуний фаолият кўрсатиб келган. Назорат тадбирлари давомида бу “ишбилармон” кишилар фаолиятига ҳам нуқта қўйилиб, улардан 55 миллион сўмлик маҳсулот далилий ашё сифатида олиб қўйилди.
Хизмат кўрсатиш тармоғида ҳам белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтиб фаолият кўрсатишдан кўра, яширинча ишлашни хуш кўрадиган сохта тадбиркорлар учрамоқда. Жумладан, Самарқанд шаҳрида икки нафар ана шундай фуқаро “ҳеч ким билмайди-ку”, қабилида иш тутиб, бильярд ўйинхоналари ташкил этгани аниқланди. Улардан умумий қиймати 241 миллион сўмлик буюмлари далилий ашё сифатида олинди.
Аниқланган ҳолатлар юзасидан ноқонуний фаолият олиб борган шахсларга нисбатан тегишли чоралар қўлланилди. Шу билан бирга, аҳоли ўртасида давлат рўйхатидан ўтиб, қонунда белгиланган тартибда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш тартиблари юзасидан тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Ушбу тадбирлар натижасида жорий йилнинг январь ойида вилоятда 758 нафар якка тартибдаги тадбиркор иш бошлади. 1283 нафар тадбиркор фаолиятини қайта тиклади. Ишбилармонлар томонидан 159 нафар ёрдамчи ходим рўйхатдан ўтказилиб, уларга иш ҳақи конверт усулида эмас, расмий тарзда тўланадиган бўлди.
Дилшод Нурмуҳамедов,
Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси
бошлиғининг ўринбосари.