Ишончли вакил ичимлик суви муаммосини бартараф этиш ва маҳаллага автобус қатновини йўлга қўйиш масаласини ўрганди
Паст Дарғом туманида “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг Самарқанд вилоятидаги ишончли вакили, партиянинг Самарқанд вилоят кенгаши раиси Муҳиба Бобобекова фуқаролар билан учрашиб, улар билан очиқ мулоқот ўтказди.
Дастлаб иштирокчиларга Б.Абдуҳалимовнинг таржимаи ҳоли ҳамда сайловолди дастуридаги устувор вазифалар, асосий йўналишлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Сўнгра номзод дастуридан ўрин олган ҳаётбахш ғоялар, халқ фаровонлиги, ёрқин келажаги йўлида белгиланган вазифаларнинг мазмун-моҳияти юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирилди.
Шунингдек тадбирда сўз олган депутат ва оддий одамлар “Адолат - ҳаётимизнинг бош мезони” деб номланган сайловолди дастурда таълимнинг барча йўналишлари, бу мактабгача, умумий ўрта таълим, олий таълим, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт, суд-ҳуқуқ тизими, илм-фан, халқаро муносабатлар юзасидан кўтариб чиқилаётган аниқ таклифлар халқимизнинг турмуш фаровонлигини ошириш, қулайликлар яратилишида хизмат қилишини таъкидлашди.
– Ўзим таълим соҳасининг одами бўлганим учун эътиборимни тортган жиҳатидан энг биринчиси учта таълим вазирлиги - Мактабгача таълим, Халқ таълим ва Олий таълим вазирликларини ягона Таълим вазирлигига айлантириш масаласи бўлди, - дейди “Хумо” ўқув маркази раҳбари, тадбир иштирокчиси Фаррух Рустамов. - Бу йўлни жуда оқилона йўл деб ҳисоблайман. Учта вазирлик орасидаги бўшлиқ тўлдирилади. Мактабгача таълимдан сўнг халқ таълимига, халқ таълимидан сўнг Олий таълимга ҳар томонлама тайёр бўлиб етишади. Иккинчидан, барча тўловларни (жарималар, давлат божлари, йиғимлар ва бошқа мажбурий ундирувлар) давлат бюджетига тушишини таъминлаш халқ фаровонлиги, соҳалар ривожига жуда катта ҳисса қўшади. Яна бир масала, адолатсиз жазо ва жарималарни қайта кўриб чиқиш, бунда жарималарни халқнинг реал даромадларига мутаносиб равишда белгилаш таклифи илгари сурилаётгани ҳам халқчиллиги билан эътирофга муносиб, деб ўйлайман.
Учрашув якунида иштирокчилар томонидан ҳудудда мавжуд муаммолар ҳам ўртага ташланди. Хусусан, Паст Дарғом туманида ичимлик суви муаммосини бартараф этиш, “Янги авлод” маҳалласидаги 99-умумий ўрта таълим мактабига узоқ ҳудуддан қатнаш учун микроавтобус қатновини йўлга қўйиш, мактабларда, олий таълим даргоҳларида кам таъминланган, етим ўқувчилар учун бепул иссиқ овқатлар ташкил этиш борасида таклифлар, мурожаатлар кўтарилди. Мурожаатлар тегишлилигича қайд этилиб вилоят, туман Кенгаши депутатлари томонидан сўровлар чиқарилиши, ижроси бўйича сайловчиларга маълумот тақдим этилиши маълум қилинди.
“Адолат” СДП Самарқанд вилояти Кенгаши ахборот хизмати.