Иштихон саноатлашган ҳудудга айланади

Ҳозирда Иштихон туманида 13 та корхона, 450 га яқин оилавий корхона, 360 дан ортиқ саноат ишлаб чиқариш, 140 га яқин қурилиш, 500 га яқин савдо, мингдан ортиқ фермер хўжалиги фаолият юритмоқда.

Давлат рўйхатидан ўтган субъектларни ўтган йилнинг шу даври билан солиштирганда темирйўлдан узоқроқ туманда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлганлар сони ортганлигини кузатиш мумкин. Буни кейинги уч ой давомида пандемия сабаб айрим корхоналар фаолиятини вақтинча тўхтатган пайтдаги ҳолат билан таққосласак, албатта яхши натижа.   

Масалан, 2019 йилнинг 5 ойида 1200 дан ортиқ фуқаро тадбиркорлик фаолиятини қонуний расмийлаштирган бўлса, жорий йилнинг шу давригача 1600 дан ортиқ субъектлар қонуний тарзда иш бошлади.

Тадбиркорликни ривожи маблағга, хорижий сармояга бориб тақалади. Рақамларга қарайдиган бўлсак, Хитой, Туркия, Россия ва бошқа ҳамкор давлатлардан жалб этилган маблағ ҳисобидан ишлаб чиқариш ҳажми ортиб, очилган янги имкониятлар ишга солинмоқда. Хўш, аграр соҳага ихтисослашган туман қандай қилиб саноатлашган ҳудудга айланмоқда?

- Ўтган йили Туркия, Жанубий Корея, Хитой ва бошқа ҳамкор давлатларга бориб инвесторлар билан учрашдик, туманимиз имкониятлари билан таништирдик, - дейди туман ҳокимининг ўринбосари Бегзод Игамқулов. – Улар шароитларни ўргангач, ҳамкорликда инвестицион лойиҳаларни йўлга қўйдик. Ҳозир туманимиздаги 13 та корхонадан 6 таси хорижий корхона ҳисобланади. 2020 йилда туманимизга 12 миллион долларлик хорижий сармоя киритишни режалаштириб, инвесторларни жалб этгандик. Уларга шароитлар маъқул келиб иш бошлади ва ҳозиргача 1,5 миллион доллардан ортиқ сармоя киритди.

Ҳоким ўринбосарининг гапларидан сўнг бажарилган ишларни ўргандик. Маҳаллий аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, камбағалликни қисқартириш учун 2020 йилнинг январь-май ойларида 20,6 миллиард сўмлик 28 та лойиҳа ишга туширилибди. Ишбилармонликни янада ривожлантириш учун 10 та бўш турган объект тадбиркорларга берилиб, ишлаб чиқариш тармоқлари йўлга қўйилган. Туманнинг Қўрли маҳалласидаги Қўшработ тумани билан чегарадош лалмикор ерларини ишлаб чиқаришга жалб этиб, хорижий сармоядорларга томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш йўли билан узумзорлар ташкил этилган.

Замонавий ускуна келтирилди, аммо электрда узилишлар кўп

Масалан, Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси шаклидаги “Long Giang” масъулияти чекланган жамияти томонидан лалми майдонда 12 гектар экспортбоп узум етиштириш билан бирга йилига минг тонна мошни қайта ишловчи корхона ҳам қурилмоқда. Тумандаги янги лойиҳалардан яна бири - “Самарқанд-Баку” қўшма корхонаси томонидан ҳудудда ягона бўлган 160 гектар майдондаги узумзорга автоматлаштирилган томчилатиб суғориш технологияси жорий этилди.

- Ушбу технология 350 минг долларлик хорижий кредит линиясидан олинган маблағ ҳисобидан Исроил давлатининг замонавий сув тежовчи ускуналари келтирилди, - дейди корхона иш юритувчиси Жасур Мансуров. - Қолаверса, корхонамиз Озарбайжон, Россия, Хитой давлатларига дуккакли маҳсулотлар экспорт қилиш билан ҳам шуғулланади. Ҳозир 30-40 нафар ишчи билан ток орасига ишлов беряпмиз. Лекин энг замонавий ускуналар келтирсак-да электр таъминотидаги узилишлар туфайли суғоришни тўғри ташкил этолмаяпмиз. Бу ҳам ишнинг сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Кейинги манзилимиз туманнинг Зарбанд маҳалласи бўлди. Бу ерда хитойлик тадбиркор Хи Минг томонидан тоғдан мармар қазиб олиш лойиҳаси ишга тушди.

- Бу ердаги табиий ресурслар ҳақида тарихий манбалар, китоблар, интернетдан ўқиганман ва 2015 йилда хитойлик геологлар билан келиб мармар таркиби, ҳажмини ўрганганман, - дейди тумандаги “DONG STONE PROGRESS” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Хи Минг. – Ўзбек мармари қадимий Афинада ишлатилган мармардан кўра бироз юмшоқ бўлганлиги учун уни бемалол бошқа рангга бўяш мумкин. Ҳозирда тоғнинг юза қатламини ковлаяпмиз. Кейинги босқичда бу ерда мармарни қайта ишлаш корхонасини очиб, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарамиз. Бу маҳсулотларни Россия, Қозоғистон, Корея, Хитой ва бошқа давлатларга экспорт қилишни режалаштирганмиз. Туманда тоғдан мармар қазиб олишда мазкур корхонадан ташқари яна бешта лойиҳа ишга тушди. Демак, Иштихон туманида саноатни ривожлантириш йўлида яна бир муҳим тармоқ очилди. Истиқболда эса тоғ-кон саноатини янада ривожлантириш, хомашё қазиб олишни кўпайтириб, шу ернинг ўзида тайёр маҳсулот тайёрлаш лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда.

Табиийки, хорижнинг замонавий ускуналарида тайёрланган рақобатдош маҳсулотларга халқаро бозорда ҳам талаб юқори бўлади. Мисол учун тумандаги 10 та экспортёр корхона томонидан ҳозиргача 2 376 минг долларлик ип-калава ва мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинди. Туманда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспортида майиз асосий ўрин тутса яқиндан бошлаб жийда маҳсулотини ҳам чет эл бозорларига сотиш бошланди. Ҳозирда 1 миллион долларга яқин майиз ва жийда экспортга ҳозирланмоқда. Бажарилган ишлар самарасини рақамларда ҳам кўриш мумкин. Масалан, 2019 йилнинг 5 ойида тумандан 1,1 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиниб 11,1 миллион долларлик товарлар импорт қилинган бўлса, жорий йилнинг шу даврида 1,2 миллион долларлик маҳсулот сотилиб 2,3 миллион долларлик маҳсулот олиб келинди. Бу ҳам ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва импортдан экспорт ҳажмини оширишдаги амалий ҳаракатлардан биридир.

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.

***

Отабек ШАРОФОВ олган суратлар.