Ислом каримов ҳайкали пойи гулларга бурканди
Буюк давлат ва сиёсат арбоби туғилиб ўсган Самарқанд шаҳрида ва вилоятимизнинг барча туман, шаҳарларида ҳам улуғ Йўлбошчимизни ёд этишга бағишланган тадбирлар кеча эрта тонгдан бошланди.
Регистон майдони яқинида Биринчи Президентимиз ҳайкали ўрнатилган хиёбонда вилоят жамоатчилиги вакиллари, юртимизнинг турли ҳудудларидан келган меҳмонлар жам бўлди.
Вилоят ҳокимлиги ва жамоатчилиги, давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан ҳайкал пойига гуллар қўйилди.
– Ислом Каримов ўзининг олижаноб инсоний фазилатлари, серқирра сиёсий фаолияти билан юртимиз тарихида ўчмас из қолдирди, – дейди Нуробод туманидаги "Тутли қоракўл замини" масъулияти чекланган жамияти раиси Р.Суяров. – Эрта тонгдан минглаб юртдошларимиз улуғ Йўлбошчимиз хотирасига ҳурмат билдириб, ҳайкали пойига гуллар қўяётгани юртдошларимизнинг у кишидан миннатдорлигидан далолатдир. Қолаверса, Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг мустақиллигимиз асосчиси номини абадийлаштириш борасида амалга ошираётган ишларидан барчамиз мамнун бўляпмиз.
Тадбирда вилоят жамоатчилиги билан бирга республикамизнинг бошқа ҳудудларидан келган меҳмонлар ҳам иштирок этди ва Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
– Самарқанд азалдан дунёга машҳур замин, – дейди Чирчиқ давлат педагогика институти талабаси М.Хожимуродова. – Халқимизнинг улуғ фарзандини улғайтирган бу юрт буюк давлат ва сиёсат арбоби, халқимизнинг суюкли ўғлони мангу ором топган жой сифатида яна табарруклик сари юз тутди. Биз, ёшларни фарзандим, деб севган, тенгдошларимизни жаҳон илм-фани, тинчлик ва тараққиётга муносиб ҳисса қўшишга ундаган Ислом бобомиз билан ҳақли равишда фахрланамиз. У кишининг номи абадиятга дахлдор.
Тадбирда вилоят ҳокими Т.Жўраев иштирок этди.
Абдуғофур ШЕРХОЛОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).