Исроил қўшинлари чиқарилгандан сўнг Ғазодаги ҳолат

Исроил ва ХАМАС ўртасидаги келишувнинг биринчи босқичи бошланди. Унга кўра, жанглар тўхтатилмоқда, баъзи гаровдагилар озод қилинмоқда, асирлар алмашинмоқда ва айрим ҳарбий қисмлар Ғазо ҳудудидан чиқарилди.
Аммо инсонпарварлик аҳвол оғирлигича қолмоқда. Озиқ-овқат, ичимлик суви ва тиббий ёрдам етишмайди. Кўплаб уйлар, мактаблар ва шифохоналар вайрон бўлган. Минглаб одамлар бошпанасиз қолган.
Қўшинлар айрим жойлардан чиққанига қарамай, Исроил ҳали ҳам Ғазо секторидаги муҳим йўллар ва чегара ҳудудлари устидан назоратни сақлаб турибди.
Тинчлик ва қўшинлар чиқарилишини одамларга хотиржамлик, қувонч бахш этган бўлса-да, аммо хавотир мавжуд: аҳоли тинчлик узоққа чўзилмаслиги, одамлар ўлими, вайроналик ва азоб-уқубатлар давом этишидан қўрқмоқда.
Эслатиб ўтамиз: кеча АҚШ президенти Дональд Трамп Исроил ва ҲАМАС ўртасида оташкесимни тўхтатишнинг биринчи босқичи бўйича келишувга эришилганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, бу урушни тугатиш йўлидаги муҳим қадам.
Бироқ халқаро манбалар таъкидлашича, уруш ҳали расман якунланмаган — ҳозирча фақат тинчлик режасининг дастлабки босқичи амалга оширилмоқда. Кейинги қадамлар музокаралар натижасига боғлиқ бўлади.
Исроил ҳукумати АҚШ томонидан таклиф этилган Ғазода ўт очишни тўхтатиш режасини маъқуллади: биринчи босқич амалга ошмоқда, аммо кейин нима бўлади?
Биринчи босқичга кўра, Исроил армияси аллақачон қўшинларни «сариқ чизиқ» деб аталган ҳудудгача орқага тортмоқда. ХАМАС эса яқин кунларда 20 тирик ва 28 ҳалок бўлган гаровдаги исроилликни топшириши керак. Эвазига Исроил 250 нафар терроризмда айбланган маҳкумни ва Ғазода қўлга олинган 1700 нафар кишини озод қилади.
«Трамп режаси»нинг иккинчи босқичи ХАМАСни қуролсизлантириш ва ҳукуматдан четлатишни назарда тутади, аммо бу борада ҳозирча ХАМАС томонидан розилик берилмаган. Шу боис, амалда биринчи босқич бажарилгандан сўнг Исроил армияси ўт очишни тўхтатади ва чекинади, ХАМАС эса Ғазо устидан назоратни сақлаб қолади.
Бу қарор Исроил коалицияси орасида норозиликлар келтириб чиқармоқда: вазирлар Бен-Гвир ва Смотрич келишувга қарши чиқиб, ҳукуматни тарк этиш билан таҳдид қилишди. Агар улар ваъдасида турса, Нетаньяҳунинг қўлида 120 ўриндан фақат 47 таси қолади ва ҳукумат ағдарилиши мумкин.
ОАВ асосида Гулнора Холдорова тайёрлади.