Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Исроил Россия ва Эроннинг ядровий ҳамкорлигидан хавотирда

Исроилнинг юқори даражали расмийлари Россия ва Эрон ўртасида ядровий соҳадаги ҳамкорлик кучайиб бораётганидан хавотирда. Бу ҳақда Исроилнинг Haaretz нашри хабар бермоқда.

Нашрнинг эслатишича, 21 ноябрь куни Исроил ҳарбий разведкаси раҳбари генерал-майор Аарон Халива ядровий қурол яратиш учун Эрон уранни 90 фоизгача бойитиш дастурини қайта бошлаши мумкинлигини айтганди. Эртаси куни Теҳрон Фардодаги ядровий иншоотда уранни 60 фоизгача бойитиш дастурини қайта бошлагани маълум бўлди.

Қайд этилишича, Исроил Эрон ва Россия ўртасидаги яқинлашув Теҳроннинг ядровий қурол яратишда қўлларини бўшатганидан хавотирда, буни уран бойитиш ҳақидаги хабарлар тасдиқлайди. Таъкидлашича, бу ҳолат Қўшма кенг қамровли ҳаракатлар режаси (СВДП) доирасида Европа ва Қўшма Штатлар билан ядровий дастур бўйича янги келишувни имзолаш имкониятини "деярли нолга" айлантиради. Унинг таъкидлашича, Россия дастлаб Эроннинг уранни бойитиш жараёнини назорат қилишни ўз зиммасига олган бўлса-да, аслида бунга риоя этилмаяпти.

Исроил мудофаа вазири Бенни Ганц Эроннинг Фардо ва Натанздаги объектларида ядро центрифугалари сони икки баробарга кўпайганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, бу мамлакатга уранни қурол даражасида бойитишда давом этиш имконини беради. Ҳарбий, шунингдек, ядровий тадқиқотлар расман олиб борилмаётган Эрон объектларида топилган уран изларини МАГАТЭ ўрганишига чақирди. БМТ Хавфсизлик Кенгашининг сентябрь ойида бўлиб ўтган брифингида у кенгаш аъзоларини Эроннинг ҳарбий салоҳияти ўсишига йўл қўймасликка чақирди ва “ҳозироқ ҳаракат зарур”лигини таъкидлади.

Қатор Ғарб ОАВлари Эрон ҳозирда Украинадаги жанговар ҳаракатлар учун Россияга учувчисиз учув аппаратлари етказиб бераётганини даъво қилмоқда. Москва буни рад этади. Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳийнинг айтишича, етказиб бериш бўлган, бироқ Украинада махсус операция бошланишидан бир неча ой олдин.