Исроилликлар пахтадан қандай қилиб 50 центнерлик ҳосил олади?
Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш давлат комиссияси раиси бўлиб ишлаган пайтимда қабулимга вилоятдан келган каттароқ ёшдаги тармоқ мудири кирди. У салом-аликдан сўнг:
- Зойир Зиятович, турмуш жуда оғирлашиб кетди, билмадим қандай кун кўрамиз, сиз бераётган ойлик маош иккита ароққа етади, - деди ярим ҳазил ярим чин.
- Ароқнинг газагига-чи, етмайдими ойлик маош, - дедим жахлим чиқиб.
- Йўқ-йўқ, узр, мен ноўрин ҳазил қилиб қўйибман, етади газагига ҳам.
- Ҳовлингизда ўн беш сотих ер, яна қўшимча томорқа бор. Наҳотки шунча ер бир оилани боқолмаса? Унда шаҳарда ишлаётганлар нима қилиши керак? - дедим зуғумни кучайтириб.
Мудир мулзам бўлди.
- Зойир Зиятович, коллектив сизни беш йил кутди, қайтиб сафимизга келганингиздан хурсандмиз, - дея хайр-маъзур қилиб чиқиб кетди.
1995 йил эди ўшанда.
Суриштириб билсам, ҳақиқатдан ойлик маошга кун кўриш қийин, ходимлар ҳатто тушликка ҳам чиқишмас экан. Ташкилотимиз марказий аппаратида 30 га яқин ходим меҳнат қилади, уларга бепул тушлик овқат қилиб, озгина бўлса ҳам турмушни енгиллаштиришга қарор қилдим.
Хўш, қандай қилиб? Ўзимиз бюджет ташкилоти бўлсак.
Корхонамизнинг ресторандан кам бўлмаган ошхонаси бор, бир тонналик совуткичи ҳам ишлаб туради. Яна боғимизда эллик тупдан кўпроқ ҳосилга кирган яхши навли гилос бор. Унинг мевасини коллектив ходимлари пала-партиш териб истеъмол қиларкан, кўпроғини эса қоровуллар кечаси териб олиб пулларкан. Буларни ҳаммасига барҳам бердим. Ходимларга “Бугундан бошлаб ҳеч ким бир дона ҳам гилос олмайди, уни ташкилий равишда териб олиб бозорда пуллаймиз, унинг пули бир йилга етадиган гўшт ва нонни харажатини қоплайди, бепул тушлик овқат ташкил қиламиз. Овқатга ишлатиладиган сабзавотларни ўзимиз ҳовлимиздаги ер майдонида етиштирамиз”, дедим.
Шу биргина тушликни бепул ташкил этилиши ходимлар иш унумига, уларнинг кайфиятига яхши таъсир қилди. Икки йил ходимларни шу тариқа қўллаб турдим. Кейин ходимлар маошини ишига қараб, ошира бордик.
Мамлакатнинг иқтисоди нега бу қадар танг аҳволга тушиб қолганди ўшанда? Битта бизнинг ташкилот эмас, ҳамма корхоналарда аҳвол шунга ўхшаш эди. Аниқ йили ёдимда йўқ, лекин қайси бир йиллар ойлик маош 20 долларга тўғри келиб қолганди. Мустақилликка эришган бўлсак, нега иқтисод жадал гуркираб кетмади?
СССР тарқалиб кетгач, қардош республикаларнинг бир бири билан бўлган иқтисодий алоқалари узила бошлади. Ўзбекистон пахта етиштиришнинг асосий манбаи бўлгани учун совет давлати ўзбек халқини ун билан тўлиқ таъминлаш мажбуриятини ўз зиммасига олганди, бироқ мустақил Россия энди ун юбормай қўйди. Бир куни шундай ҳолатга келдикки, мамалакатда бор-йўғи икки ҳафталик буғдой захираси қолибди. Шошилинч чора кўрилмаса, ўттиз миллионга яқин аҳоли оч қолиши ҳеч гап эмас. Қахатчилик ҳиди келиб қолди бир зумда. Ғалла етиштирадиган қўшни республика эса ғалласига отнинг калласидек нарх қўйиб сотадиган бўлди. Ўзбекистон эса пахта толасини Россия ва бошқа республикаларга жўнатиб бўлган. Унинг пуллари Москва банкларида. Ўшанда Ислом Каримовнинг жонбозлиги билан аҳоли очарчиликдан қутқариб қолинди. Бунга қандай эришилганлигидан хабардорман. Ғалла мустақиллигини таъминлаш бўйича ишлар ана ўшанда бошланганди, чунки ҳеч кимга ишониб қолмаслик керак экан.
Россиянинг ҳайдов тракторлари келиши ҳам тўхтаб қолди, эскиларини ишлатиш учун эҳтиёт қисмлар йўқ. Ҳукумат зудлик билан ҳаракат қилди. 1995 йилда Америка Қўшма Штатларидан 150 дона биринчи “Магнум”лар келтирилди. Унинг ҳар бири Россия тракторларининг ўнтасини ишини бажарарди.
Ўзбекистонда нондан кейин иккинчи ўринда картошка истеъмол қилинади. Республика ўзини ўзи картошка билан таъминлай олмайди, сабаби унинг уруғи тез айнийди. Россиядан келадиган картошка ҳам тўхтаб қолди. Ҳукумат шошилинч Голландиядан картошка уруғини келтирди. У синалмаган уруғлар эди. Эксангиз яхши ҳосил беради-ю, каттароқ картошкани кесиб иккига бўлсангиз, бир пиёла суви оқиб тушади.
Республика дунёга ёпиқ, ҳамон СССРнинг қонунлари амалда. Уларга кўра, республикага ҳеч нарса олиб келиниши ҳам, республикадан олиб чиқилиши ҳам мумкин эмас. Ана шун дай шароитда қишлоқ хўжалигига оид қонунлар ишлаб чиқиш устида ишладик. 1996 йилнинг августида республиканинг қишлоқ хўжалиги соҳаси бўйича жаҳонга очилишига ҳуқуқий имкон яратадиган учта қонун қабул қилинди. Булар - “Уруғчилик тўғрисида”ги, “Селекция ютуқлари тўғрисида”ги ва “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги қонунлар эди.
Фақатгина қонунларнинг қабул қилинишининг ўзи хорижий давлатларнинг республикага ёпирилиб келади, дегани эмас. Қонун ишлаши керак, бунинг учун республикани уларга таништириш лозим. Бу иш осон эмас. Менинг ташкилотим аслида ана шу масалаларни ечишга хизмат қилишга йўналтирилган. СССР таркибида фаолият юритганимиз учун хорижий давлатлардаги селекция ва уруғчилик ташкилотларига бизларнинг ташкилот унча-мунча таниш эди, фақат энди шу имкониятдан фойдаланиш керак, холос.
Тезда шундай имконият пайдо бўлди.
1996 йил декабрь ойининг бошларида республика раҳбарияти Исроилга қишлоқ хўжалиги масалаларини ўрганиш учун делегация ташкиллаштирди. Делегация раҳбари Расулмат Ҳусанов – Қишлоқ хўжалиги вазири. Шомурод Сатторов - Қашқадарё вилояти агропроми бошлиғи ва камина республика қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш давлат комиссияси раиси. Қизиғи шундаки, шу пайтда ҳар учаламиздан фақат мен амалдаги лавозимдаман. Расулмат ака делегацияда вазир статусида бўлса-да лавозимидан кетган ва илмий марказ бошлиғининг ўринбосари бўлиб ишлаётганди, Сатторов эса лавозимидан озод қилинган ва ҳали бошқа ишга тайинланмаган.
Сафар ҳужжатлари тайёрланди, биз самолётда Тель-Авивга учдик. Аэропортда мамлакатимиз бош консули билан Исроил қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакили кутиб олди. Кеч бўлиб қолганди, меҳмонхонага жойлашганимиздан сўнг вазирлик тайёрлаган кечки қабул ва зиёфатда иштирок этдик. Бизлар учун тайёрланган ўн кунлик программа билан танишдик, унга мен бир-иккита ўзгартириш киритиш кераклигини айтгандим ҳаммага маъқул бўлди. Биринчи таклифим пахтани териб олиш жараёнини кўриш билан тўхтаб қолмасдан уни қайта ишлаш жараёнини тўлиқ кўришимиз лозимлиги, иккинчиси имкон бўлса бирорта иссиқхонадаги ишлаб чиқариш билан танишиш.
Зиёфат тугаб вазирлик вакиллари кетишгач, консулга “Тель-Авив бозорини кўрайлик, эртага вақтимиз бўлмаслиги мумкин”, дедим. Шомурод Сатторов: “Кеч бўлиб қолди-ку, бозор ишлайдими ҳозир ҳам”, деди таажжубланиб. Аммо Исроил бозорлари кеча-ю кундуз ишлайди.
Бозорга кирганимизда мен кўпроқ Ш.Сатторовни кузатдим: у бозордаги тўкин-сочинлик ва хилма-хилликни кўриб ҳайратдан оғзи очилиб қолганди. Расулмат Ҳусанов ҳам ҳайратда.
Шомурод Сатторов бозорда битта булғор қалампирини ушлаб, “Буни биламан нима эканлигини, фақат бизлардагига нисбатан йирик экан, лекин мана бу ёнидагилар нега сариқ, кўк, қора ва бошқа рангга бўялган?” деди. Мен “Булар бўялмаган, селекционер булғор қалампирининг турли рангдаги навларини яратган, бировга у ранг, бировга бу ранг ёқади, уларнинг таъмида ҳам фарқ бор” деб тушунтирдим. Сатторов “Селекционерларни бошқа қиладиган иши қолмабди-да, ундан кўра яхши ғўза навларини яратмайдими?” деганда ҳаммамиз кулиб юбордик.
Бозор расталари оралаб, у Расулмат акага мурожаат қилди:
- Устоз, қиш ойи бўлса шунча хил помидор, бодринг бўлишига нима зарурат бор, ахир ўзимизни бозорларимизда ўша бир хил помидор, бодринг ё бор, ё йўқ, лекин одамларимизнинг тирикчилиги ўтаётир-ку. Бундан ташқари, бозорда мен ҳеч қачон кўрмаган маҳсулот турлари бор, уларни нимага ишлатилиши ҳам тасаввуримга келтиролмайман. Ўзимиздаги картошка, пиёз, сабзи, шолғом дегандек маҳсулотлардан ҳам хотинларимиз турли овқатлар қилишни эплайди-ку, тўғрими? Буларнинг бозорида шолғом йўқ экан-ку, шу ҳам бозор бўптими”, - деди камчилик топмоқчи бўлиб.
Ҳазил-ҳузил билан гапираётган консул ҳам кулиб-кулиб «Шолғом бор, фақат сиз уни танимадингиз», деб ўзимиздаги шолғомдан фарқ қиладиган шолғомларни кўрсатди.
Бозорда 20 хилдан зиёд картошка навларини санадик. Шомурод Сатторов “Шунча нав картошкага харидор топиладими ўзи», деди ҳайратланиб. Мен «Перу давлатида 2200 хил картошка етиштирилади, уларнинг ҳаммасига харидор топилади, жўра”, дедим.
Шомурод Сатторовнинг гапларига, саволларига жавоб талаб қилинмасди, у шунчаки дилид аги аламни тўкиб солаётганди. Унда Қашқадарё менталитетига хос феъл бўлиши билан бирга чўрткесарлик, дангаллик хислатлари ҳам бор эди.
***
Исроил давлатида пахтанинг ҳосилдорлиги гектарига 50 центнер эканлиги республикамизда кўп тарғибот қилинаётганди. Делегациямиз олдига қўйилган мақсад ҳам шу соҳани мукаммал ўрганиб, Президентнинг ташрифига тайёргарлик кўришга йўналтирилганди.
“Зераим Гедера” фирмасига етиб келганимизда фирма офисининг пештоқидаги Ўзбекистон байроғига кўзимиз тушди. Кутиб олувчилардан ёши улуғроғи сафдан олдинга чиқиб, соф ўзбек тилида “Ассалому алайкум, муҳтарам меҳмонлар, хуш келибсиз юртимизга” деганида делегация ташрифига жиддий тайёргарлик кўрилганини англадим. Ўзга элда ўз тилингда гап тинглаш мароқли эди.
Фирма қишлоқ хўжалиги экинларининг селекцияси ва уруғчилиги билан шуғулланар экан, лекин асосий экин пахта. Фирма бошлиғи ва қолган мутахассисларнинг ҳаммаси маҳаллий, фақат бизларга салом бериб кутиб олган киши - Юрий Пенхасов Бухоро яхудийларидан экан. У фирманинг бош селекционери. Фирманинг асосий даромади пахта уруғчилигидан экан. 1 килограмм уруғлик чигит 6 доллар, 1 килограмм тола эса 3 доллар. Энди ўзингиз ҳисобланг: 1 килограмм пахта хом ашёсининг учдан бири тола, учдан иккиси эса чигит. Шундан Ўзбекистонга уруғлик чигит сотиш асосий мақсад эканлиги аён бўлди.
Бизларни Исроилда ғўзанинг қандай навлари етиштирилиши қизиқтирди. Пенхасов фирмада «Гедера-5», «Гедера-10» навларини селекция қилиб яратган, бу навларга ҳозир талаб катта эканлиги ва ҳатто Болгарияга уруғлик чигит экспорт қилинаётганини сўзлаб берди. Сўнг менга мурожаат қилиб “Зойиржон ака, ёшлигимдан ғўза селекцияси билан шуғулланганман, аввалига Самарқанд тажриба станциясида, кейинчалик эса Душанбеда ишлаганман. «Душанба-1», «Душанба-2» қўща навларининг муаллифиман. Шу гапни айтгач, мен у кишини эсладим. Бир сафар бу селекционер - Юрий Пенхасов яратган ғўза навидан олинган тола сифатини Тошкентда баҳолаганмиз. Шуларни айтганимдан кейин у ҳам бу воқеани эслади.
Хуллас, декабрь ойи бўлса-да пахта ҳосилини кўрсатиш учун улар бизни далага бошлашди. Бордик. 50 центнерлик ҳосил кўзни ўйнатади. Мен Пенхасовга “Юрий ака, селекция ишингизга гап йўқ, ғўза бир типда, бу сизнинг улкан ғалабангиз, навларингизни Ўзбекистонда ўрганамиз”, дедим. Хурсандчиликдан унинг кўзлари чақнаб кетди.
Кейинги кўрганларимиздан ҳайратга тушдик. Юз фоиз очилган пахтани машина териб кетганда орқасида бир чигит ҳам қолмаганди, ҳатто чаноқлар ҳам машина бункерига кириб кетган. Бункердаги пахта худди ўзимиздаги подборга ўхшайди. Ўйладикки, энди уни кўсак чувиш машинасидан ўтказиб кейин пахта заводига олиб боришади, деб. Йўқ, уни шу ҳолатида заводга топширар экан. Даланинг бир чеккасида тахминан 20 тонналик пахта бунти турарди. (Исроилда пахта тайёрлаш пунктлари йўқ). Кўз ўнгимизда катта кузовли бир машина келди-да ўша бунтни мўлжаллаб орқага юриб борди, бунтга етгач кузовнинг пастидан поддон чиқиб, пастга тушди. Бунтни машина кузовига ортди, лекин кузовга пахта билан бирга ердаги кесак, тупроқ ҳам кириб кетди. Шу юмушга ҳаммаси бўлиб 8-10 дақиқа кетди, холос.
Ахир бу қадар ифлосланиб қолган пахтани қайта ишлайдиган завод қанақа экан?
Машина билан кетма-кет заводга ҳам бордик. Завод ўта замонавий ускуналар билан жиҳозланган, бу қадар нотоза пахтани қайта ишлайдиган цехларида чанг йўқ. Заводдаги ишлаб чиқаришнинг охирги цехида оппоқ, момиқдек пахта толасини кўриб, СССР Ўзбекистонни пахта қуллигида ушлаб тургани етмагандай, ҳеч бўлмаса пахта тозалаш заводларини янги ускуналар билан жиҳозлаб бермаган экан-да, дедик.
Зойир Зиётов.
(Давоми бор)