Истиқболли кадрлар захирасига саралаб олинган ёшларга иш ўринлари кўрсатилди
Булунғур тумани ҳокими Самандар Aстонов шу йилнинг апрель, май ойларида Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети ҳамда Самарқанд давлат чет тиллари институти битирувчи талабалари билан юзма-юз суҳбатлашиб, улар орасидан билимли ва ўз мутахассислигини маҳорат билан эгаллаган ёшларни иш билан таъминлашга сўз берганди. Бу борада олийгоҳлар билан ҳамкорлик меморандумлари ҳам имзоланган.
Шундан келиб чиқиб, бугун туманда битирувчи талабаларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида тадбир ташкил этилди.
Тадбир доирасида битирувчи ёшлар тумандаги корхона ва ташкилотларнинг фаолияти, мавжуд бўш иш ўринлари билан таништирилди, эгаллаётган касби ва соҳасига кўра иш ўринлари таклиф этилди.
Шундан сўнг туман ҳокимлигида туман ҳокими С.Aстонов, вилоят ҳокимлиги ташкилий-кадрлар гуруҳи раҳбари Б.Раҳматуллаев, тумандаги ташкилот ва муассасаларнинг раҳбарлари ҳамда истиқболли кадрлар захирасига саралаб олинган битирувчи ёшлар иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида рўйхатга олинган ёшларнинг бугунги кундаги бандлиги таҳлил қилиниб, ҳозирга қадар ишсиз ёшларни иш билан таъминлаш юзасидан чора-тадбирлар белгилаб олинди. Бунда ҳар бир ёшга йўналишига кўра масъуллар – ҳоким ўринбосарлари бириктирилди. Бу ёшларнинг нафақат бандлигини таъминлаш, балки келгусида уларни лавозимда ўстириш масалалари ҳам доимий назоратда бўлиши лозимлиги таъкидланди. Бу масала эса туман ҳокимининг доимий назоратида бўлади.
Маълумот учун: 2022 йилда вилоят ҳокимлиги истиқболли кадрлар захирасига олинган 31 нафар талабанинг 4 нафари ташкилот ва корхоналарга ишга жойлаштирилган.
Шулардан 2 нафари халқ таълими, 2 нафари қурилиш соҳасида фаолият кўрсатиб келмоқда.
Истиқболли ёш кадрларнинг 2 нафари туман тижорат банкларига, 2 нафари халқ таълими идораларига, 2 нафари олий таълим муассасаларида ишлаш учун ҳужжат топширган.
Шунингдек, 1 нафари якка тартибдаги тадбиркорлик билан шуғулланиб келмоқда, 3 нафари илмий фаолиятини давом эттиришини билдирган, улардан 1 нафари Aнглия давлатига ўқиш учун кетган. Қолган 17 нафар истиқболли кадрлар захирасига олинган талабаларни иш билан банд қилиш учун чора-тадбирлар белгиланган.