Жамоат транспорти: Аҳвол қачон ўнгланади?

Бугунги кунда вилоятимизда 3,5 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Шу боис, вилоятимизда аҳолига жамоат транспорти хизмати кўрсатишни яхшилаш долзарб вазифа ҳисобланади. Аммо мазкур хизматни талаб даражасида деб бўлмайди. Хўш, бугунги кунда соҳада учраётган муаммолар нималардан иборат? Улар қандай ҳал этилмоқда? Транспорт хизматида қўлланилаётган хориж тажрибалари самара беряптими? Ноқонуний таксилар фаолияти қачон легаллашади? Келинг, шу каби саволларга жавоб излайлик.

Айни пайтда вилоятимизда 401 та юк ва йўловчи ташишга ихтисослашган ташкилотда 8694 та лицензиялашган автотранспорт воситалари мавжуд. Уларнинг 624 тасини автобус, 93 тасини микроавтобус ташкил этса, 1428 та «Дамас», 4205 та йўналишсиз енгил автомобиль аҳолига хизмат қилмоқда.

Вилоятда жами 209 та автобус йўналишларида 847 та автобус, 181 та йўналишли такси йўналишларида 148 та микроавтобус ва 2562 та «Дамас» русумли автомашиналар қатнамокда. Карантин вақтида эса барча микроавтобус ва «Дамас»ларнинг ҳаракати чекланган. Мавжуд 400 га яқин йўналишнинг 110 таси, яъни 38 фоизи бутунлай ўз фаолиятини тўхтатган. Транспорт йўналишларида кўрсатилаётган хизматлар сифатининг пастлиги сабаб ноқонуний фаолият юритаётган киракашлар сони ортиб бормоқда. Бундай ҳолатга кўпроқ Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарларида, Жомбой, Паст Дарғом, Оқдарё туманларида дуч келиш мумкин.

Ноқонуний киракашларга жарималар

- Соҳадаги энг катта муаммо ноқонуний киракашларнинг фаолиятини лицензиялаш бўлиб турибди, - дейди вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи ўринбосари Эргаш Муродов. - Президентимизнинг “Автомобиль транспортида йўловчилар ташиш соҳасидаги тадбиркорлик фаолиятининг алоҳида турларини амалга оширишни тартибга солиш тўғрисида”ги қарорига асосан ўтган йили ўтказилган 466 та рейд тадбирлари натижасида 2009 ҳолатда автомобилда йўловчи ва юк ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланиш аниқланди. 2 мингдан зиёд ҳуқуқбузарга нисбатан судлар томонидан қарийб 1 миллиард 644 миллион сўм жарима қўлланилди. Бошқармамиз инспекторлари томонидан аниқланган 683 қоидабузарлик бўйича далолатномалар расмийлаштирилиб, тегишли чоралар кўрилди.

Самарқанд шаҳрида ҳам йўловчи ташиш тизимини янада яхшилаш ва тубдан такомиллаштириш борасида муаммолар жуда кўп. Жумладан, вилоят бўйича ноқонуний ташкил этилган бекатларни назоратга олиш, Самарқанд шаҳридаги автотранспорт воситалари тирбандлигига барҳам бериш ва жамоат транспортининг ҳаракатини самарали ташкил этиш мақсадида кўчаларни таъмирлаш, кун сайин жадаллик билан ўсиб бораётган йўналишсиз таксилар сонини чеклаш лозим.

Шунингдек, янги йўналишлар очиш ва уларга янги автобуслар сотиб олиш, замонавий янги бошбекат, автостанция ҳамда оралиқ бекатларни қуриш ва таъмирлаш, давлат-хусусий шериклик асосида корхона ташкил этиб, замонавий автобусларни харид қилиш муҳим ҳисобланади.

Вилоятда транспорт соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштириш давр талабига айланиб бормоқда. Шу мақсадда бир қатор таклифлар белгиланган тартибда амалиётга татбиқ этилса, бу тизим ривожига хизмат қиларди. Жумладан, шаҳар ва туманлардаги йўловчи ташиш билан шуғулланувчи автокорхоналарда таксиларни сариқ рангга бўямасдан, фақатгина логотипларни ёпиштирган ҳолда фаолият олиб борилишига рухсат берилиши, бир марталик замонавий хизмат кўрсатиш рухсатномаси, яъни «патент» тўлов тизимини жорий этиш, ҳар бир ҳайдовчини якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказиш орқали тушган даромаддан маҳаллий бюджетга қўшимча маблағ тушириш имкониятини яратиш лозим.

Хорижий тажриба соҳага енгиллик олиб келади

АҚШ, Сингапур, Япония каби хорижий давлатларда йўналишсиз таксилар ва уларнинг ҳайдовчилари ойига бир марта техник ва тиббий кўрикдан ўтар экан. Бу эса ортиқча вақт сарфланиши ҳамда инсон омили билан боғлиқ қатор муаммоларнинг олдини олади.

- Бизнинг тизимда ҳам худди шу усулни қўллаш фойдадан холи бўлмайди, - дейди вилоят транспорт бошқармаси мутахассиси Шерзод Халилов. – Автокорхоналаримизда йўлга чиқишдан олдидан машиналарнинг техник, ҳайдовчиларнинг эса тиббий кўрикдан ўтишлари анча вақтни ўғирлайди. Айниқса, эрталаб ҳайдовчилар шошганидан шифокор ва инженерлар билан «келишиш»га ҳаракат қилишади. Натижада белгиланган тартиб-қоида бузилади. Шунингдек, айрим автокорхоналаримизнинг диспетчерлик хизматларида тажрибасиз, мижозлар билан тезда муносабатга киришолмайдиган операторлар ишлайди. Кўп ҳолларда мижозлар уларнинг хизматидан норози бўлишади. Тажрибали, шаҳримиз кўчаларини яхши биладиган, энг муҳими бир неча тилда бемалол гаплаша оладиган операторларни жалб қилиш орқали бу муаммони ҳам бартараф этиш мумкин.

Шунингдек, замонавий технологиялар билан ишлаб, таксометр, ҳайдовчи ва йўловчиларга қулайлик яратадиган мобиль дастурлар ҳамда “Call-center” фаолияти даромадлар шаффофлиги ҳамда солиқ тушуми ортишини таъминлайди.

Ургутда қачон гараж қурилади?

Вилоят транспорт бошқармаси олдида ўз ечимини кутиб турган бошқа муаммолар ҳам бор. Жумладан, Ургут тумани аҳолисини жамоат транспорти билан таъминлаш мақсадида ташкил этилган “Avtotrans Urgut” ДУКга харид қилинган 60 та “ISUZU” автобуслари учун автогараж қурилиши масаласи ҳанузгача ҳал бўлгани йўқ. Корхона қошида қурилиши режалаштирилган суюлтирилган ёқилғи қуйиш шохобчасини табиий газ тармоғига улаш борасида ҳам оворагарчиликлар бор. Шунингдек, икки йилдан буён Самарқанд шаҳридаги автобошбекатларни шаҳар ташқарисига чиқариш бўйича ҳаракат жойидан силжимаяпти.

Автобошбекатлар-чи?

Бугунги кунда Самарқанд шаҳрига туманлардан кириб келаётган автотранспорт воситаларини тартибга солиш, шаҳар билан шаҳар атрофи йўналишларини боғлаш, тартибсизлик ва тирбандликларнинг олдини олиш мақсадида Иштихон, Пайариқ, Қўшработ, Оқдарё туманларидан қатновчи йўловчи ташувчи транспорт воситалари учун шаҳардан ташқарида, М-37 автомобиль йўлининг чап томонидан автошоҳбекат, Нуробод тумани ва Қашқадарё вилояти йўналишларида қатновчи транспорт воситалари учун «Самарқанд - Ғузор» автомобиль йўли ёқасида автошоҳбекат барпо этилиши керак.

Шунингдек, Каптархона маҳалласида жойлашган «Сиёб» автошоҳбекатини «Самарқанд – Айний» автомобиль йўли ёқасидаги Чумчуқли қишлоғига, «Хазора» автобошбекатини эса Чархин шаҳарчаси яқинига, «Шоҳи Зинда» автобошбекатини Чўпонота тепалигига кўчириш режалаштирилган. Айни вақтда Чўпонотадан жой танланиб, тадбиркорлар билан шартномалар тузилмоқда.

Тендер танловлари қандай ўтяпти?

Ўтган йили вилоят транспорт бошқармаси тендерларни ўтказиш шўъбаси томонидан 19 та янги йўналиш, жумладан 13 та автобус, 2 та микроавтобус ва 4 та «Дамас» автомашиналари учун йўловчи ташиш йўналишлари очилган. Жорий йилда эса 13 та янги йўналиш очилиши режалаштирилган бўлиб, ҳозиргача 11 та автобус йўналишлари ташкил этилди.

Жорий йил шаҳар, шаҳар атрофи ва шаҳарлараро вилоят ички йўналишларида йўловчилар ташишни ташкил этиш комиссияси томонидан 5 маротаба тендер ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда 1 маротаба тендер ўтказилиб, 7 та автобус ва «Дамас» автомашиналари йўналишларга жойлаштирилди.

Бундан ташқари, вилоятда шаҳар атрофи ва вилоят ички йўналишлари бўйича 62 та йўналиш ўрганиб чиқилиб, йўналиш ҳужжатлари тайёрланди.

Муаммо бор, унинг ечимини ҳам топса бўлади

Ҳозирги пайтда Самарқанд шаҳрида йўловчиларга қулай ва сифатли автотранспорт хизматларини кўрсатиш мақсадида барча автобусларга GPS қурилмалари ўрнатилмоқда. Бу орқали йўловчи ташиш онлайн режимда мониторинг қилинади. Бу яхши. Аммо, автобусларда тажрибали ҳайдовчилар етишмайди, айримларида ўриндиқлар тўлиқ эмас, борлари ҳам чизилган ва йиртилган. Баъзи йўналишларда ҳаракатланаётган автобусларнинг олд, орқа, ён томонида йўналиш кўрсатилган кўрсаткичлари йўқ. Белгиланган жадвал асосида ҳаракатланмайди. Айрим ҳайдовчилар йўловчиларга қайтимни тўлиқ қайтармайди, «Тezcard» тўлов тизими ва валидаторлар ишламайди. Қанча айтмайлик, қанча ёзмайлик, ҳайдовчиларнинг кийиниши, муомала маданияти талаб даражасида эмас. Ким ўзарга пойга уюштириш, айрим бекатларда узоқ вақт тўхтаб йўловчи йиғиш ҳолатлари ҳамон давом этяпти.

Йўналишсиз таксилар ҳақида ҳам аччиқ гапларни айтишга тўғри келади. Улар умуман автогаражда сақланмайди, машиналар техник ва ҳайдовчилар тиббий кўрикдан номигагина ўтказилади. Автоуловларнинг тозалиги, техник созлиги, жиҳозланиши, санитар-гигиеник ҳолати талабга жавоб бермайди. Таксометр кўрсаткичи бўйича ишламайди ва мижозга чипта берилмайди.

Хуллас, бугунги вилоятимиз жамоат транспорти фаолиятини жаҳон талаблари даражасига кўтариш учун кўп меҳнат қилишга тўғри келади. Аввало, транспорт соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштириш учун иқтидорли ва тажрибали ёш мутахассис-кадрлар зарур. Ҳайдовчиларнинг муомала маданияти, йўловчиларнинг эса жамоат транспортида юриш маданиятини юксалтириш лозим.

Дилмурод ТЎХТАЕВ,

"Зарафшон" мухбири.