Жанубий Корея ва Шимолий Корея ўртасидаги вазият кескинлашмоқда
16 июнь куни икки давлат ҳамкорлиги рамзи ҳисобланган бино Шимолий Корея томонидан портлатиб юборилди. Корея бирлашуви вазири портлатиш Шимолий Корея томонидан олдиндан режалаштирилганини ва бу ҳақда очиқ айтилганини таъкидлади. 13 июнь куни КХДР етакчисининг синглиси Ким Ё Чжон “тез кунларда Жанубий Корея чегарадаги ҳеч кимга кераги йўқ бинонинг йўқ қилинишини томоша қилади”, деган эди.
Портлаш Шимолий Корея ҳукумати томонидан қуролли кучларни чегара ҳудудларига тўплаш қарори қабул қилинганидан бир неча соат ўтганидан сўнг содир бўлди.
Бунга жавобан Сеул Жанубий Корея қуролли кучлари жанговар ҳолатга келтирилганини маълум қилди.
Жанубий Корея штаблар раҳбарлари қўмитаси раиси Чон Дон Чжин Шимолий Корея томонидан амалга оширилаётган Корейс ярим оролидаги вазиятни барқарорсизлантиришга ўриниш ҳаракатларига қатъий жавоб қайтарилишини маълум қилди.
Ушбу кескин вазият сабабли 17 июнь куни Жанубий Корея Миллий бирлашув масалалари вазири Ким Ён Чхол истеъфо эълон қилди.
“Мен Кореялараро вазиятнинг ёмонлашишидаги барча масъулиятни қабул қилган ҳолда кетишга қарор қилдим”, деди Ким Ён Чхол.