Жиноят содир этиб, яшириниб юрган 321 нафар шахс ушланди

2021 йилда Самарқанд ҳудудида 7 505 та жиноят қайд этилган бўлиб, 5 484 таси 2021 йилда ва 2 021 таси олдинги йилларда содир этилган жиноятларни ташкил қилди. Жами қайд қилинган жиноятнинг 6 854 таси (91,3 фоизи) фош этилди. Олдинги йиллардан фош этилмасдан турган 254 та жиноят очилди.

Бу ҳақда вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Р.Маматов халқ депутатлари вилоят Кенгашининг олтмишинчи сессиясида айтиб ўтди.

Р.Маматовга кўра, вилоят ҳудудида жиноят содир этиб, суд ва тергов идораларидан яширинган қидирувдаги шахсларнинг 321 нафари ушланиб, жазо муқаррарлиги таъминланган.

Гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши курашиш борасида 687 та жиноий ҳолатлар аниқланиб, 184 килограм 587,11 граммдан ортиқ гиёҳванд моддалари далилий ашё тариқасида олинган.

- Ўлим билан боғлиқ йўл транспорт ҳодисалари вилоят бўйича 25,6 фоизга ўсди, - деди сессияда Р.Маматов. - Бугунги кунда пиёдаларнинг йўлни белгиланмаган жойидан кесиб ўтишлари, ҳайдовчиларнинг тезликни оширишлари, шунингдек, давлат аҳамиятига эга автомобиль йўллари тўлиқ сунъий ёритилмаганлиги, вилоятимиз марказини туманлар билан боғловчи давлат аҳамиятидаги йўлларга қарама-қарши йўналишни ажратувчи темир-бетон тўсиқлар ўрнатилмаганлиги йўл транспорт ҳодисаларининг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.

Вилоят бўйича жами содир этилган 1129 та йўл транспорт ҳодисаларининг келиб чиқиш сабаблари қуйидагича: 444 таси тезликни ошириш, 122 таси қувиб ўтиш қоидаларини бузиш, 136 таси оралиқ масофани сақламаслик, 63 таси ухлаб қолиш, 62 таси пиёдаларга йўл бермаслик, 11 таси светофорнинг ишорасига риоя қилмаслик ва 291 таси бошқа сабабларга кўра келиб чиққан.