Жомбойда фермер сув учун сарсон. Нега?

2012 йилда Жомбой туманининг «Ўзбекистон» муқобил машина трактор парки ҳудудидан 42 гектар ер майдони олиб “Пўлатов Озоджон” фермер хўжалигини ташкил этгандик. Ўтган йиллар давомида давлат шартнома режаларини, айниқса, ғалла режасини ортиғи билан бажариб келяпмиз.

2020 йил кузда 2021 йил ҳосили учун 25 гектар майдонга ғалла экдик. Сентябрь ойида очиқ майдонга экилган ғаллани ўз вақтида суғориб ундириб олдик, аммо 12,5 гектар майдонга пахтанинг ўрнига экилган ғаллани суғоришнинг имкони бўлмади. 8 гектар майдонни артезиан қудуғи ёрдамида суғордик, бироқ 4,5 гектар майдонга октябрь ойида экилган ғалла суғорилмасдан қолди. Куз ва қиш фаслидаги қор-ёмғирлар туфайли ғалла ер остида нишлади, аммо униб чиқиш учун етарли сув беролмадик. 

4,5 гектар ғалла майдонини суғориш учун сув беришларини сўраб Президент қабулхонаси, Бош Вазир қабулхонаси, туман ҳокими, аграр соҳадаги масъуллар, туман халқ қабулхонаси, туман агроинспекция, туман қишлоқ хўжалик, сув хўжалик бўлимлари ва бошқа масъулларга мурожаат қилдим, натижа бўлмади. 2020 йил ноябрь ойидан буён қилган мурожаатларимга бир хил жавоб оламан: “Каналда таъмирлаш ишлари бўлаётганлиги учун икки-уч кунда сизнинг хўжалигингизга сув берилади...”.

Аммо бизнинг хўжалигимизга сув келадиган каналда ҳеч қандай таъмирлаш ишлари бўлаётгани йўқ. Бўлганда ҳам биз билан бир ариқдан сув оладиган Чимқўрғон маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги ўндан ортиқ фермер хўжаликларига зарур бўлмаган пайтда ҳам сув очиқ туради, ҳосилимиз нобуд бўлаётган бўлса-да, бизнинг “Оқариқ”қа сув очилмайди. Сабаби, шу ариқдан сув оладиган хўжаликлар СИУ ташкилоти масъулларига аввал маълум миқдорда маблағ йиғиб берардик. Энди бу ишни қилмаганлигимиз учун сув бериш турли баҳоналар билан тўхтатиб турилибди.

Январь ойида Жомбой тумани сувдан фойдаланувчилар уюшмаси раҳбари Абдумутал Ризаевга сув беришда ёрдам сўраб мурожаат қилганимда у киши олдиндан сув учун 1,5 миллион сўм тўлашимни айтди. Февраль ойида банкка айтилган маблағни тўлаб, сув олиш учун ариза ҳам бердим, лекин ҳалигача сув берилгани йўқ. 

Февраль ойи иссиқ келиб, ерни қотириб юборди, икки кунлик ёмғир ер юзини намлантирди, экилган ғалла эса униб чиқмай, чириб кетяпти. Ҳар йили хўжалигимизнинг ғалла майдонларидан 60 центнергача ҳосил оламиз, ишчиларга меҳнат ҳақини ҳам ғалланинг режадан ортган қисмидан тўлаймиз. Деҳқончиликда мавсумнинг ҳар бир куни ғанимат. Энди сув қўйганимизда ҳам кўп борса 25-30 центнердан ҳосил оламиз-ку. Ғалла, аввало, эл ризқи, фермернинг, қолаверса халқнинг даромади-ку. Нега тумандаги масъуллар эл ризқидан ўз манфаатини бу қадар устун қўяди?

Саид Ёқубов, 

Жомбой туманидаги “Пўлатов Озоджон” фермер хўжалиги иш юритувчиси.

Таҳририятдан: Мурожаатга аниқлик киритиш мақсадида 3 март куни Жомбой тумани сувдан фойдаланувчилар уюшмаси раҳбари Абдумутал Ризаев билан боғландик. Масъул ўша катта йўлнинг бўйидаги майдонларда умуман сув ичмаган ва униб чиқмаган ғалла майдони йўқлигини ва шунда ҳам икки кунлик канал таъмирлаш ишларидан сўнг хўжаликларга сув берилишини айтганди. Аммо бугунгача ҳам “Оқариқ”дан сув оладиган хўжаликларга сув берилмаган, ғалла униб чиқмаган майдонлар эса шундоқ катта йўл бўйида жойлашган. Айтинг, буни қандай тушуниш мумкин?