Жомбойдаги корхонада келиб чиққан низо оқибатида ишчилар тан жароҳати олган, "Traiblazer"га шикаст етган
Жорий йилнинг 28 октябрь куни “Жомбой дон маҳсулотлари” АЖ директори Қ.Ш. Жомбой тумани ИИБга мурожаат қилган.
У ўз аризасида шу куни соат 8:30 да ушбу корхонада юк машина ҳайдовчиси вазифасида ишлаб келаётган ака-ука А.Б. ва Н.Б.лар АЖ ҳовлисига келиб, Н.Б. ва корхонанинг бошқа ишчилари билан ўзаро олдиндан давом этиб келаётган келишмовчилик сабабли тортишаётган вақтида Н.Б.нинг акаси А.Б. корхона ҳовлисида турган, “Жомбой дон маҳсулотлари” АЖга тегишли қора рангли “Traiblazer” русумли хизмат автомашинасининг эшиги очиқлиги ва калити ўзида турганлигидан фойдаланиб, автомашинани ҳайдовчи ўриндиғига ўтириб, уни олиб қочиш мақсадида ўт олдирган ҳамда корхона ҳудудидан бошқариб чиқиб кетишга уринади.
Аммо қўриқчилар томонидан чиқиш дарвозалари беркитиб қўйилганлиги сабабли ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатда автомашинани олиб қоча олмай, бошқарувни йўқотиб, корхонанинг таъмирлаш ишлари олиб борилаётган қисмига тўқнашган ва автомашинага шикаст етказиб, ундан тушиб воқеа жойидан қочиб кетган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жомбой тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан А.Б.га нисбатан Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми (транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш жараёнида мавжуд видео кузатув хотираларида сақланган тасвирлар “DVD” дискга ёзилиб, ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.
“Жомбой дон маҳсулотлари” АЖ директори Қ.Ш. жанжални ажратишда иштирок этиб, “енгил” тан жароҳати олган.
Суд-тиббий экспертиза хулосасида Ж.Ў. ва С.А.ларнинг танасида “енгил” тан жароҳатлари мавжудлиги аниқланган.
Дастлабки тергов жараёнида А.Б. жиноят ишида айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниб, унга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
ИИВ ҳузуридаги тергов департаменти хабарига кўра, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.