Кадастр агентлиги директори: "Фирибгарлар, тамагирлар тузоғига тушиб қолманг!"
Бугун, 8 ноябрдан «Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида»ги Қонун кучга кирди. Шу муносабат билан Кадастр агентлиги директори Фаррух Пўлатов фуқароларга мурожаат қилди.
Унда фуқаролар вазиятдан фойдаланиб, ноқонуний йўллар билан даромад қилишни режа қилиб юрган «уддабуронлар»дан огоҳ бўлишга чақирилган.
"Ер, мулк, уй-жой билан боғлиқ муносабатлар тарихан қадриятимизга айланган. 2024 йилнинг 5 август санасида Давлатимиз раҳбари ватандошларимиз учун муҳим бўлган яна бир тарихий Қонунни имзоладилар.
Бугун, 8 ноябрдан миллионлаб юртдошларимиз кутган «Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида»ги Қонун кучга кирди. 2024–2025 йиллар учун тасдиқланган режа-график асосида маҳаллаларда кадастр ходимлари томонидан хатлов ишлари бошланади.
Қонун кучга кириш санасида сизга мурожаат қилишимдан мақсад огоҳликка чақиришдир.
Узоқ йиллар давомида ўзи яшаб келаётган уйини расмийлаштириб олишни ният қилиб юрган ҳалол инсонлар кўп аммо, вазиятдан фойдаланиб, ноқонуний йўллар билан даромад қилишни режа қилиб юрган «уддабуронлар» ҳам йўқ эмас.
Сизларни бундай нопок кимсаларнинг ҳар қандай сўзлари ва ваъдаларига ишонмасликка чақираман!
Биринчидан, маҳаллалар аниқ тасдиқланган режа-график асосида хатловдан ўтказилади. Бири қолиб иккинчисига ўтилмайди, яъни халқ тили билан айтганда «тезлаштириб беришнинг имкони йўқ!».
Иккинчидан, хатловдан кейин «ЭЪТИРОФ» дастурига киритилган ҳар бир ҳолат бўйича 15 дан ортиқ вазирлик ва идоралар хулосаларини беради ҳамда космик суратлар ёрдамида таҳлил қилинади. Халқ тили билан айтганда «иложини қилиб ўтказиб бўлмайди!».
Учинчидан, хатлов жараёнида қонун билан аниқ белгилаб берилган 8 та тоифага кирувчи ҳолатлар ўрганилади. Ҳозирда эгаллаб олиб, қурилиш қилиб қонунийлаштириб олишни режа қилаётганлар жавобгарликка тортилади ва бу ишлар ҳам ахборот тизимлари орқали назорат қилинади. Халқ тили билан айтганда, «таниш-билиш ўтмайди!».
Ҳурматли юртдошлар, ҳар қандай ҳолатда ҳам фирибгалик, тамагирлик ёки коррупция ҳолатларига дуч келсангиз ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига хабар беринг.
Мазкур Қонуннинг адолатли ва самарали ижро этилиши барчамизга бирдек боғлиқ эканлигини ёддан чиқармайлик", дейилади мурожаатда.