Кадастр муаммоси: Президент топшириғига қадар қандай эди? Энди нима ўзгаради?

Жорий йилнинг 18 июль куни Президентимиз раислигида ўтказилган йиғилишда юртимизда 2 миллион 600 минг хонадоннинг кадастр ҳужжати мавжуд эмаслиги таъкидланиб, масъуллар олдига ушбу масалани узил-кесил ҳал қилиш вазифаси қўйилди. Хўш, бу муаммонинг ечими қандай бўлади? Ҳужжати бўлмаган барча хонадонларга кадастр паспорти шакллантириб бериладими? Давлат кадастрлари палатасининг вилоят бошқармаси бошлиғи Мухтор Қувондиқов билан шу ва бошқа масалалар ҳақида суҳбатлашдик.

– Келинг, аввал вилоятимиздаги вазиятга тўхталсак. 2 миллион 600 минг хонадоннинг нечтаси Самарқандда? Шу вақтгача уларнинг кадастр ҳужжатларини шакллантиришга нима халақит берди?

– Бугунги кунда вилоятимизда 370 мингдан ортиқ хонадоннинг кадастр ҳужжати мавжуд эмас. Бу умумий статистик маълумот. Яқинда ўтказиладиган хатлов давомида бу рақам яна ошиши мумкин. Гап шундаки, 40-50 йил олдин қурилиб, фойдаланиб келинган аксарият уйларнинг ҳам ҳеч қандай ҳужжати йўқ. Бу хонадон эгаларига собиқ иттифоқ даврида колхоз томонидан ер ажратилган. У даврдаги ҳужжатларни тиклаш эса ҳозир деярли имконсиз.

Кадастр билан боғлиқ муаммо ҳам мана шу нуқтадан бошланади. Қонунчилигимизга кўра, ерга эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжати бўлмаган фуқаро хонадонининг кадастр паспортини шакллантира олмайди. Яқин йилларгача аҳоли солиқ идоралари, маҳалладан олган маълумотномаси, қўшниларининг гувоҳлиги билан ҳудуд ҳокимидан ерга эгалик ҳуқуқини тиклаб олаётган эди. Аммо ҳокимларнинг ер билан боғлиқ ваколатлари бекор қилингач, бу имконсиз бўлиб қолди. Табиийки, фуқаро ўз хонадони турган ерни аукционга чиқариб, қайта сотиб олмайди. Масала бироз чигаллашиб кетган эди.

– Президент топшириғига асосан ишлаб чиқилиши белгиланган янги қонун лойиҳаси нимани назарда тутади?

– Янги қонун кадастр ҳужжатлари йўқ хонадон эгаларига ерга эгалик ҳуқуқини бериш ва уларга кадастр ҳужжатларини шакллантиришнинг соддалаштирилган ягона тартибини ишлаб чиқишни назарда тутади. Шу билан муаммо узил-кесил ҳал этилиши белгиланган.

Айни мақсадда мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида ишчи гуруҳлар шакллантирилмоқда. Хусусан, Тошкент вилоятининг Бекобод туманида хатлов ишлари бошлаб юборилган. Жараёнда тўпланаётган тажриба асосида бутун республика ҳудудида хатлов ўтказиш ҳамда жорий йилнинг 1 октябрига қадар кадастр ҳужжати бўлмаган барча хонадонларнинг маҳаллабай электрон рўйхатини шакллантириш кўзда тутилган. Жараёнда ишчи гуруҳлар томонидан фуқароларнинг уй-жойга бўлган ҳуқуқини эътироф этишга асос бўлувчи ҳужжатлар ҳам тўпланиб, электрон базага киритиб борилади. Шундан кейин республикадаги умумий вазият таҳлил қилинади ҳамда тегишли қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.

– Нега айнан ҳозир? Кадастр билан боғлиқ муаммо кеча ёки бугун пайдо бўлгани йўқ. Мазкур чора-тадбирлар олдинроқ кўрилса, аҳоли сарсонгарчиликларининг олди олинган бўлмасмиди?

– Бу муаммони ечишга қаратилган биринчи чора эмас. 2018 йилда Президентимизнинг “Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган тураржойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида”ги фармони чиққан эди. У асосида вилоятимиз бўйича бошқарманинг шаҳар ва туман филиалларига Давлат хизматлари марказлари орқали келиб тушган аризалар сони жами 85 630 тани ташкил этди. Шундан, ижобий ҳал этилган мурожаатлар сони 40 718 та бўлиб, ушбу фуқароларга яшаб турган ери учун эгалик ҳуқуқи берилиб, хонадонининг кадастр ҳужжатлари шакллантирилди. Лекин у муддатли акция эди. Очиғи, берилган қисқа вақтда барча мурожаатларни ижобий ҳал этишнинг имкони бўлмади. Ер, уй-жой эгалиги нозик масала. Шошма-шошарлик билан ишга юзаки қаралса, нотўғри қарор қабул қилиб, бир инсоннинг уйини бошқанинг номига расмийлаштириб бериш ҳеч гап эмас. Ҳужжати йўқ уйни ҳар ким ҳам меники дейиши мумкин. Буни инобатга олиш керак.

Албатта, ўтган вақтда ташкилотимиз томонидан ҳам бу масала бўйича қатор лойиҳалар ишлаб чиқилди. Лекин тажриба шуни кўрсатмоқдаки, муаммо тизим ташкилотларининг қарори билан ҳал бўлмайди. У умумреспублика даражасида, ягона қонун ва низом асосида кўриб чиқилиши зарур. Ишлаб чиқилиши белгиланган янги қонун лойиҳаси шу жиҳати билан аҳамиятли ҳисобланади.

– Айрим фуқаролар янги қонун билан барча ҳужжатсиз ерларга эгалик ҳуқуқи бериларкан, бўш ерда иморат қуриб олсам бас, деган хаёлга боришмоқда. Ҳатто баъзи уддабуронлар томонидан иморат кўтариш ишлари бошлаб юборилгани ҳақида эшитдик. Буни қандай изоҳлайсиз? Янги қонун билан яна акция эълон қилинадими?

– Ўринли савол бердингиз. Ҳозир бизнинг олдимизда турган асосий вазифалардан бири ҳам шу, аҳоли орасидаги тушунмовчиликнинг олдини олиш. Қонунда акция назарда тутилмаган. Қолаверса, яқин ўртада ўзбошимчалик билан қуриб олинган уйга ҳужжат берилмайди. Аксинча, бу ҳаракат қонунга зид ҳисобланади ва фуқаро белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади. Аҳолини бундан хабардор қилиш учун жойларда кенг қамровли тушунтириш ишларини олиб боряпмиз. Бунда бизга маҳалла фаоллари, ҳоким ёрдамчилари яқиндан кўмак беряпти.

Барча билиши керак бўлган нарса бор: ерга эгалик ҳуқуқи унга иморат қуриш билан шаклланиб қолмайди. Ҳолат кўп тарафлама ўрганилади, тўланган ер ва мол-мулк солиқлари, олдинги ҳужжатлар кўтарилади. Шунингдек, белгиланган ердаги иморатнинг нечанчи йил қурилганлиги фазовий суратлар орқали кўриб чиқилади. Бу технология бизга ўша ер майдонининг бундан 5, 10, 15 йил олдинги ҳолатини кўриш имконини беради. Бундан ташқари, Давлат кадастрлари ягона тизими бор. Унда ҳар бир кўча, маҳалла, аҳоли яшаш пунктининг чегаралари чизилган. Бир сўз билан айтганда, бугунги тизимни алдаб бўлмайди. Айни тизим орқали олиб борилган ўрганишлар натижасида жорий йилнинг ўтган 6 ойида вилоят бўйича жами 1529 та ноқонуний қурилиш аниқланган. Шундан, 954 таси бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилган бўлса, 123 нафар жавобгарга маъмурий чора кўриш учун тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича судлар ва бошқа ваколатли органларга юборилган. Улар асосида қўлланилган жарималарнинг умумий қиймати 12 миллиард 556 миллион 300 минг сўмни ташкил этади.

Яна бир нарсани айтишимиз жоиз, кўп йиллар олдин қурилган уйларнинг барчасига ҳам ҳужжат берилмайди. Сабаби, уларнинг аксарияти таъқиқланган ёки ҳимоя ҳудудларида қурилган. Бу каби ҳолатлар бўйича шу жойларда яшовчи фуқаролар ҳам кўп маротаба огоҳлантирилган.

– Хўп, вилоятимизда хатлов бошланди ҳам дейлик, фуқаролар бу жараёнга қандай тайёргарлик кўришлари керак? Уй-жойга бўлган ҳуқуқларни эътироф этишга асос бўлувчи ҳужжатларга қайсилар киради?

– Бунинг учун бирор тайёргарлик керак эмас. Улар ер ва уйга оид барча ҳужжатларини сақлаб, имкони бўлса, йўқотилганларини тиклаб олиши кифоя. Асосийси, ҳужжатлаштириб қолиш учун ўзбошимчалик билан қўшимча иморатлар қуришдан тийилиш керак. Бу ҳаракатлар фуқаро учун муаммо келтириб, унинг жавобгарликка тортилишига сабаб бўлади.

Уй-жойга бўлган ҳуқуқларни эътироф этишга асос бўлувчи ҳужжатларга келсак, уларга маҳалла фуқаролар йиғини томонидан тақдим этилган маълумотнома, ер ва мол-мулк учун тўланган солиқ ҳамда коммунал тўловлар квитанциялари киради. Хатлов тартиби ва муддати аниқ белгилангач, қўшимча маълумотлар берилади.

Вилоят давлат солиқ бошқармаси тақдим этган маълумотга кўра, жорий йил вилоятимизда давлат кадастрлар палатаси туман ва шаҳар бўлимлари томонидан тақдим этилган онлайн маълумотларга асосан 448525 та объектга 151560,9 миллион сўм, 66339 та объектга 29 248 миллион сўм оширилган ер солиғи ҳисобланган. Бунинг учун амалдаги Солиқ кодексининг 437-моддаси асос қилиб олинган. Унда ҳужжатларсиз ёхуд ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилганидан каттароқ ҳажмда фойдаланилганда, солиқ ставкаси белгиланган солиқ ставкаларининг 3 баравари миқдорида ҳисобланиши кўрсатилган.

Давлатимиз раҳбари топшириғига асосан янги қонун қабул қилингунга қадар бу уй-жой эгаларига уч карра оширилган солиқ қўллаш амалиёти қўлланилмай туриши белгиланган.

Асқар БАРОТОВ суҳбатлашди.