Кадрларни ишга олишда энди раҳбарларнинг “қош-қовоғи”га қаралмайди

Энди захира шакллантирилади, танлов ўтказилади ва муносиб номзодлар вакант ўринларга қўйилади. Президент талаби, аниқроғи, кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонига асосан шундай тартиб йўлга қўйиляпти.

Айтиш мумкинки, янги тизим 4 та вазирлик ва идора, республикамизнинг 16 та ҳудуди, шу жумладан, Самарқанд шаҳрида ҳам эксперимент шаклида жорий этилмоқда.

Хўш, бунда нима ўзгаради? Янгилик нимада? Нима учун айнан шундай йўл тутилаяпти, деган савол туғилиши табиий.

Биринчидан, Президент фармонида ҳам қайд этилганидек, давлат фуқаролик хизмати масалалари бўйича ваколатли органнинг мавжуд эмаслиги давлат органлари ва ташкилотларида ягона кадрлар сиёсатини олиб боришга, ходимларни самарали бошқариш ва инсон ресурсларини ривожлантиришга, малакали кадрлар захирасини рақобат асосида шакллантиришга ҳамда улар томонидан давлат фуқаролик хизматчиларининг вакант лавозимлари ўз вақтида эгалланишига йўл қўймаяпти.

Шу ва бошқа омиллар сабаб Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташкил қилиниб, мазкур тузилма у давлат органлари ва ташкилотларида ходимларни бошқариш ва инсон ресурсларини ривожлантириш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириши белгилаб қўйилди.

Фармон асосида миллий кадрлар захираси, вакант лавозимлар ва уларга тайинлаш учун ўтказилаётган танловлар, давлат органлари ва ташкилотларининг сон ва сифат таркиби тўғрисида ахборот маълумотлар базасини шакллантириш учун давлат фуқаролик хизматининг ягона электрон ахборот-таҳлил тизими (www.argos.uz) яратилди.

Албатта, бу борада шаҳардаги барча давлат ташкилотларининг ташкилий тузилмаси ҳамда штат бирлиги умумлаштирилиб, вакант лавозимлар аниқланди.

Ўз навбатида, шаҳардаги барча бўлим ва бошқарма, корхона-ташкилот кадрларининг маълумотномаси (объективка) қайтадан талаб даражасига келтирилди, фототаблицаси тайёрланди. Бу орқали мавжуд кадрлар салоҳиятини ўрганиш ва улар орасидан истиқболли кадрлар захирасини шаклантириш режалаштирилган. Қолаверса, уларни келгусида Миллий кадрлар резервига қўшиш учун танлов саралашларда иштирокни таъминлаш чоралари кўрилади.

Алимардон РАҲМАТУЛЛАЕВ,

Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ташкилий-назорат гуруҳи раҳбари.