Камбағалликни қандай камайтирамиз?
Президентимиз Мурожаатномада биринчи бор расман камбағаллик тўғрисида гапириб, мамлакатимизда камбағалликни камайтириш дастурини ишлаб чиқиш бўйича вазифа қўйди.
Давлат раҳбарининг мамлакатимизда камбағал одамлар қатлами борлигини очиқ-ойдин гапириши, аввало жасоратдир. Чунки Президент бу билан бир вақтнинг ўзида муаммони бартараф этиш бўйича катта масъулиятни зиммасига олди. Иккинчи томондан, бу мамлакатимизда эркин гапириш, камчиликларимизни яширмасдан рўй-рост айта олиш даври келганлигини ҳам англатади. Ахир яқин пайтларгача камчиликларимизни айтишдан тортиниб келдик.
Дунё тажрибаси шуни кўрсатадики, иқтисодий жиҳатдан бақувват мамлакатларда ҳам аҳолининг камбағал қатлами бўлиши, яъни жамиятда моддий жиҳатдан табақаланиш кузатилиши мумкин. Иқтисодий ўсиш суръати яхши бўлиб, аҳолисининг камбағаллик даражаси ўзгармайдиган мамлакатлар ҳам бор. Бу одатда аҳолиси тез кўпайиб, иқтисодий ўсиши фақат айрим соҳаларда бўлаётган давлатларда кузатилади. Бой мамлакатлар аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириб, масалани маълум даражада ечиши мумкин. Бироқ бу масаланинг тўлиқ ечими эмас.
Асосийси, меҳнатга яроқли аҳоли ўртасида яхши даромад олиш, яхши яшашга интилиш учун ҳаракатни шакллантириш керак. Бунинг учун эса давлат томонидан барча шароитлар яратилиши лозим. Авваламбор, мукаммал қонунчилик базаси яратилиши, жамиятда барча учун тенг бўлган, ўз имкониятлари, истеъдодини тўлиқ намоён қилишга кўмак берадиган тизим бўлиши шарт.
Энди ҳар бир маҳалла, туман, шаҳар ва вилоят даражасида ҳақиқий шароит, аҳвол таҳлил қилинади. Бунинг учун аввало, камбағалликка оид реал аҳвол ўрганилади, кейин туман ва шаҳарнинг салоҳияти, табиий ресурслари, ер ва инфратузилма имкониятлари харитаси тузилади. Бу камбағалликни камайтириш бўйича бажариш лозим бўлган барча ишлар режасини белгилаб олиш учун жуда муҳим.
Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, кичик бизнес, тадбиркорликни ривожлантириш камбағалликни камайтиришда энг муҳим омил. Аҳолини тадбиркорликка ўргатиш, касбий малакасини ошириш орқали камбағалликни камайтириш энг асосий масала сифатида белгиланди. Бу борада тадбиркорлик яхши ривожланган ва аҳоли зич жойлашган ҳудудлар атрофида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ва бўш турган ер майдонларида кичик саноат зоналари ташкил этиш таклифи ғоят катта аҳамиятга эга. Бу зоналарда зарур инфратузилма яратиш учун бюджетдан катта маблағлар ажратилиши белгиланди. Демак, ишларни бажариш учун молиявий таъминот масаласи ҳам ҳал қилинган.
Хотин-қизлар ва ёшлар ўртасида ишсизлик даражаси Самарқанд вилоятида ҳам юқори эканлиги қайд этилди. Фойдаланишдан чиқиб кетган ерларни камбағал аҳолига ажратиб бериш, зарур жойларда артезиан ва қудуқлар қазиш бўйича топшириқ берилди. Вилоятимизда адир, лалми ерларимизнинг кўплиги боис бу имкониятдан самарали фойдаланиш яхши натижа бериши аниқ.
Бу борада аввало, томорқа ерларимиздан унумли фойдаланишимиз керак. Айрим қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархларининг бозорларимизда кескин тушиб кетиши уларни етиштираётган деҳқонларимиз меҳнатини самарасиз қилиб қўяди. Меҳнат яхши фойда келтириши учун маҳсулотларни четга экспорт қилиш масаласини ҳам енгиллаштириш керак. Албатта, бунда ўзимизнинг озиқ-овқат хавфсизлигимизни таъминлаш лозим.
Камбағалликни камайтиришда дунё бўйича Хитой тажрибаси намунали. Иқтисодий ислоҳотлар бошланган ўтган асрнинг 80-йилларидан бошлаб ҳозиргача Хитой 800 миллиондан зиёд аҳолини камбағалликдан чиқарди. 2020 йил камбағалликни бутунлай тугатиш йили деб эълон қилинган. Бугунги кунда аҳолини, айниқса, қишлоқ жойларида банд қиладиган асосий юмуш – бу майда ишлаб чиқариш корхоналаридаги меҳнат, оилавий бизнес. Деярли барча маҳсулотлар онлайн савдо билан истеъмолчиларга етказилади. Бизда яқинда жорий этилган Бош вазирнинг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари лавозими ҳамда ҳукуматда алоҳида котибият тузилмаси Хитойда ҳам мавжуд. ХХРнинг давлат Кенгашида камбағаллик билан курашиш қўмитаси фаолият юритади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, яхши ҳаёт ўз-ўзидан яратилмайди, бунинг учун меҳнат қилиш керак. Яхши, тўқ, фаровон ҳаётни бизга ҳеч ким яратиб бермайди, уни ўз меҳнатимиз билан яратамиз.
Бахтиёр ХЎЖАЁРОВ,
халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши депутати, Самарқанд давлат университети профессори.