Карантинда харидга паспорт билан чиқиш керакми?

Бугун, 13 апель куни АОКА штабида Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Шоҳруҳ Ғиёсов иштирокида брифинг бўлиб ўтди.

Карантин даврида нонга, бозорга, озиқ-овқат олишга кўчага чиқяпмиз. Шунда ички ишлар органлари ходимлари бир неча маротаба паспортимни сўрашди, мен паспорт олиб юришим шартми? деган мурожаатчиларнинг саволига жавоб берилди.

Ички ишлар органларига бошқа идоралар билан ҳамкорликда фуқароларнинг карантин қоидаларига риоя этишларини назорат қилиш, тартиб бузганларга нисбатан кескин чора кўриш вазифаси юклатилган.

Агар Сиз карантин даврида кўчага чиқсангиз, билингки, ҳар бир ички ишлар органи ёки Миллий гвардия ходими Сизни тўхтатиб, кўчага чиқиш мақсадингизни сўрайдилар. Бунда албатта, шахсингизга аниқлик киритиш зарур. Агар ёнингизда шахсингизни тасдиқловчи ҳужжат бўлмаса, Сизни ички ишлар органига олиб бориб, шахсингизни аниқлаштиришга зарурат туғилиши мумкин.

Шунинг учун, ҳаётий зарурат туғилганида кўчага чиқсангиз паспортингиз ёнингизда бўлиши ШАРТ!

Агар Сиз ишга кетаётган бўлсангиз, қўшимча, ишхона гувоҳномаси ва Сиз ишга жалб этилганингиз ҳақидаги раҳбар тасдиқлаган маълумотнома қўлингизда бўлиши шарт.

Кўчада бемақсад юрганингиз аниқланса, Сизга нисбатан жарима қўлланилади.