Катта ўйиннинг давоми (публицистика)
Кириб келган янги 2022 йилда Туркистон ўлкасининг Россия империяси томонидан забт этилиши бошланган санага 200 йил тўлди. Тарихнинг сирли тасодифларига қарангки, юртимизни янги ном, янги мақсад билан СССР дея аталмиш янги коммунистик империяга қўшиб олинишига эса роппа-роса 100 йил тўлади.
1822 йилда рус императори Александр I таниқли давлат арбоби, ҳуқуқшунос олим Михаил Сперанский томонидан ижод қилинган “Сибирь қирғизлари ҳақида”ги низомни имзолаб, ижро этиш учун фармон берганди. Ҳужжатнинг бундай номланишига сабаб шуки, ўша даврда рус маъмурлари қозоқ атамаси ўрнига ҳам “қирғиз” сўзини қўллаганлар.
Шу ўринда Туркистон истилоси “меъмори” Сперанский ҳақида қисқагина маълумот бериб ўтиш жоиз. Камбағал руҳонийнинг фарзанди бўлмиш Михаил ўзининг илмга чанқоқлиги ва тиришқоқлиги натижасида аста-секин рус киборлари орасида обрў ва эътибор қозонади. Унинг мавқеи шу қадар кучайиб кетадики, император Александрнинг чинакам ўнг қўлига айланади. Натижада унинг обрўси нафақат подшоҳ саройида, балки ҳокимият мухолифлари орасида ҳам ортиб кетади. Декабристлар томонидан 1825 йилда содир этилган қўзғолон ғалаба қозонган тақдирда, Сперанский тузилажак Россия республикасининг президенти бўлиши мўлжалланганди. Айнан шу сабабдан ҳам тахтга янгидан ўтирган подшоҳ Николай I кейинчалик унга кўпам рўйхуш бермаган.
Энди қисқача изоҳимиздан тўхталиб, яна 1822 йил воқеаларига қайтамиз. Шу йилдан бошлаб, шимолий қозоқ хонликлари тугатилиб, ҳокимият рус ҳарбий губернаторлари қўлига ўтди. Россиянинг янги сарҳадлари Кўкчатов, Ақмола ва Семейгача кенгайиб борди. Аммо рус истилочиларининг кўзи жанубга қаратилганди. Улар Ҳиндистонни тўлиқ эгаллаб олиб, шимол томон ҳаракатланаётган Буюк Британиядан аввал Туркистонни тезроқ забт этишни орзу қилишарди. Бир сўз билан айтганда, Россия ва Британия ўртасида дунёни қайта бўлиб олишдек катта геосиёсий ўйин бошланганди.
Бу борадаги иккинчи йирик қадам 1839 йилда ташланди. Рус босқинчилари шу йили Хива хонлиги ва Амударё қуйи оқимидаги ҳудудларни Россия империясига қўшиб олиш мақсадида ҳарбий юриш бошладилар. Олти мингдан ортиқроқ қўшин Хива томон йўл олди. Бироқ хоразмликларнинг қаттиқ қаршилиги ва қақшатқич чўл совуғи туфайли орқага – Оренбургга чекинишга тўғри келди. Қизиғи шундаки, ушбу жангларда ғалаба қилган Хива хони асирга олинган рус аскарларини ўз юртларига қайтариб юборди ва бундан буён Россия фуқароларини қул қилиб сотмаслик тўғрисида фармон чиқарди. Афтидан, у Санкт Петербург билан муносабатларни ортиқ бузмаслик мақсадида шу йўлни танлаган бўлиши керак.
Шундан сўнг рус стратеглари ўлканинг заифроқ сарҳадларини бузиб кириш тактикасини қўлладилар. 1850 йилда ҳарбий отрядлар Или дарёсини кечиб ўтиб, Қўқон хонлигини забт этишга киришдилар. Дастлаб, Тўйчибек қўрғони деярли жангсиз эгалланди. Бирин-кетин Кумушқўрғон, Чимқўрғон ва Қўшқўрғон қалъалари олиниб, уларнинг ўрнида рус чегара заставалари жойлаштирилди. 1853-1856 йиллар орасида Россия армияси Қрим, Кавказ ва Узоқ Шарқдаги ҳарбий можаролар билан андармон бўлиб, Ўрта Осиёдаги юришларини бир муддат тўхтатиб туришга тўғри келди. Айниқса, Қрим урушидаги мағлубият рус маъмурларини ғоят ғазаблантирди ва улар аччиқ аламли нигоҳларини Туркистонга, Туркистон орқали эса Ҳиндистонга қаратиб, британияликлардан ўч олишга киришдилар. Ҳақиқатан ҳам, Ҳиндистонни Буюк Британия чангалидан тортиб олиш ғояси бир неча даврлардан буён рус подшоҳларининг ширин орзуси эди. 1801 йилда ўша даврдаги рус подшоҳи Павел I Британиянинг душмани Наполеон Бонапарт билан келишган ҳолда, 22 минг казак аскарини Ҳиндистонни забт этиш учун жўнатади. Аммо императорнинг кутилмаган ўлими орзуни армонга айлантиради ва казак қўшинлари Саратовга етмасдан ортга қайтиш ҳақида буйруқ оладилар.
Рус армиясининг хуружлари вақтинча тўхталганидан фойдаланган Қўқон хони 1860 йилда 20 минглик қўшини билан истилочиларнинг Верний (ҳозирги Олмаота) даги гарнизонига ҳужум уюштиради. Аммо улар замонавий қуролланган рус аскарларидан енгилиб, орқага чекинишга мажбур бўладилар. Орадан беш йил ўтиб, Чимкент ва Тошкент рус қўшинлари томонидан эгалланади. 1868 йил Самарқанд забт этилгач, Қўқон хони жануб томондан келадиган ёрдамдан умидини узиб, Россияга таслим бўлишга рози бўлади. Кейинчалик Бухоро амири ва 1873 йилда Хива хони ҳам оқпошшо билан келишишга мажбур этилади. 1884 йилда чор Россияси Каспийорти ҳудудларини тўлиқ эгаллаб, Кушкага етгач, ҳаракатдан тўхтайди. Чунки Афғонистон сарҳадларида турган Буюк Британия армиясининг қудратини Ўрта Осиё хонликларидаги заиф қуролланган лашкарлар билан менгзаб бўлмасди. Энди ҳар икки империя Афғонистон ва Эронни ўзаро буфер зона сифатида кўришга норасмий бўлса-да, келишиб олишга мойил эдилар. Нега десангиз, Британия шери билан рус айиғининг жанги икки томоннинг бири учун ҳалокатли тугаши муқаррар эди.
Энди навбатдаги вазифа Каспийдан Помиргача бўлган улкан ҳудуд бўйлаб таъсир чизиқларини белгилаб олиш эди. Ҳар икки империянинг махфий келишуви асосида, чегара Шимолий Афғонистон сарҳадлари, Амударёнинг юқори оқими ва ундан ҳам юқорироқда Вохан дараси орқали ўтадиган бўлди.
Вақт ўтиши билан дунёни қайта тақсимлаш борасидаги баҳслар янада кескинроқ босқичига кирди. Ўтган асрнинг йигирманчи йилларидаги иқтисодий инқироз оқибатида мушкулликларга ўралашиб қолган АҚШнинг заиф ташқи сиёсатидан илҳомланган Германия, Италия ва Япония шу баҳонада ўзларининг ҳудудий муаммоларини ҳал қилиб олишга киришдилар. Қисқа вақт ичида Европа ва Осиёнинг катта қисми уларнинг қўлига ўтди. Бундан руҳланиб, иштаҳаси очилиб кетган босқинчиларнинг АҚШ, СССР ва Британия сингари йирик давлатларга қарши ҳужумга ўтиши уларнинг тақдирини узил-кесил белгилади. 1945 йилда дунёни олти йил давомида безовта қилган гитлерчилар ва уларнинг иттифоқчилари тарих саҳнасидан батамом супуриб ташланди. Аммо бу билан дунёни қайта бўлиб олиш ҳаракати тугамади. Ялта ва Потстам шартномалари бўйича энди чегара янги сарҳадларда белгиланди.
1991 йилда собиқ иттифоқнинг парчаланиб кетиши яна чегара чизиқларини ўзгаришига сабаб бўлди. Путиннинг тушунчасига кўра: ”СССРнинг парчаланиши ХХ асрнинг геосиёсий ҳалокати бўлди”. Аммо бу фикрни ҳамма мамлакатлар учун бирдек қабул қилиб бўлмайди. Чунки бу тарихий ҳодиса Европа ва Осиёдаги ўнлаб янги пайдо бўлган мустақил давлатлар учун ҳалокат эмас, балки Яратганнинг айни марҳамати бўлди. Парчаланиб кетган салтанатларга хос постимпериал кайфиятларнинг бўлиши табиий ҳол. Айнан ана шу хилдаги кўз-қарашлар натижасида бугун ҳам дунёни қайтадан бўлиб олиш ҳаракатлари қизғин давом этмоқда. Эндиги баҳслар очиқдан-очиқ ҳарбий ёки сиёсий усуллар билан бўлмаса-да, зимдан амалга оширилмоқда. Кимдир иқтисодий усул билан, кимдир маънавий, яна кимдир диний важ асосида дунё бўйлаб ўз таъсирини ёйиш билан овора.
Ён қўшнимиз Қозоғистон Республикасида содир бўлаётган сўнгги воқеалар жаҳоншумул катта ўйиннинг бизнинг кунларимизда ҳам қизғин тус олаётганини кўрсатмоқда. У ерда юзага келган қалтис вазиятдан фойдаланган манфаатдор кучлар дарҳол ўз мақсадларини амалга оширишга киришдилар. Ҳар қандай давлатнинг иккита йирик душмани бўлади. Аммо иккаласининг ҳам номи битта, яъни, очкўзлик. Ташқи ғанимлар мамлакат бойликларига кўз тикса, ички душманлар эса қандай қилиб бўлса-да, шу бойликларни қавм-қариндошлари ва яқинлари билан ўзлаштириш учун талашга зўр беради. Агар улар гуруҳлашиб талашга киришса, ўртада зимдан беомон жанг бошланади. Бу зиддиятлардан фойдаланган ташқи ғаним эса гўё томонларни муросага келтириш учун аскарларини киритади ва шу тупроқларга илдиз отиб, ширасини сўриб ётади.
Доно халқимизда: “Икки қўчқорнинг боши бир қозонда қайнамайди”, деган ибратли мақол бор. Шу маънода, элбоши Назарбоев лавозимини топшириб, отдан тушса-да, эгардан тушмади. Янги президентнинг қисталанг бўлиб турган ислоҳотларни амалга оширишига унчалик рўйхуш бермади. Чунки, ўзгаришлар элбошининг ортида турган нуфузли одамларнинг манфаатларига зид келиб, уларнинг норозилигига сабаб бўлди. Бундан ғазабланган содда халқ ғалаёнлари иқтисодий талаблар бир ёқда қолиб, “Йўқолсин чол!”, “Назарбоев истеъфога!” сингари сиёсий талаблар қўйилган қўзғолонга айлантирилди. Хуллас, улкан бир мамлакатда жайдари тил билан айтганда, гуруҳбозлик бош кўтарди. Бир неча шаҳарларда элбоши шарафига тикланган ҳайкаллар ағдариб ташланди.
Худойберди Комилов,
сиёсий шарҳловчи.