Каттақўрғон тумани давлат хирмонига 27 минг тоннадан зиёд ғалла топширди
Каттақўрғон тумани деҳқонлари давлатга ғалла сотиш шартномавий режасини ортиғи билан бажарди. 258 та фермер хўжаликлари тасарруфидаги 8 926 гектар майдонда мўл ҳосил етиштирган ғаллакорлар давлат хирмонига 25 минг 139 тонна ўрнига 27 минг тоннадан зиёд сара дон топширишди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
Ғалла ҳосилини ўриб олиш уюшқоқлик билан ўтказилмоқда. Тумандаги “Қорадарё соҳили чароғон”, “Беҳрузбек”, “Мангарон унумдор замин”, “Усмон бобо” фермер хўжаликларида давлатга ғалла сотиш режаси 140-150 фоизга уддаланди. “Ёқуб бобо” фермер хўжалиги эса режани салкам 200 фоизга бажарди. Ғалла ўримида иштирок этаётган Абдуҳомид Эргашев, Юнус Файзиев, Дониёр Рашидов каби комбайнчилар ҳар куни 25 гектаргача майдонидаги ғаллани ўришга эришиб, бошқаларга намуна бўлмоқдалар.
Айни пайтда халқимизнинг ризқу насибаси бўлган ғаллани тез фурсатларда йиғиштириб олиш учун ўрим-йиғим ишлари авжида.
Вилоят ҳокимлиги ғалла етиштиришда муносиб ҳиссасини қўшган каттақўрғонлик барча фермер хўжаликлари раҳбар, ходимларига, ғаллакорларимизга ўзининг чуқур миннатдорчилигини билдиради.