Каттақўрғонда чигит янгича усулда экилмоқда

Каттақўрғон тумани пахтакорлари бу йил биринчи маротаба соатига 179 минг дона уруғ қадайдиган замонавий пневма сеялкаларида чигит экишни бошлади.

Жорий йилда 10 минг 974 гектар майдонда пахта хомашёси етиштиришни режа қилган туман пахтакорлари экиладиган уруғлик чигитни тўлиқ Германияда ишлаб чиқарилган дорилар билан ишлов бериб, гектарига 100 килограмм калий, 200 килограмм 46 фоизли фосфор билан экишмоқда. 

2020 йилги чигит экиш тадбирлари тумандаги Муҳаммад Сайфуллаев фермер хўжалиги далаларида ўтказилди.

- Янги турдаги чигит экишнинг афзаллиги аввалги усуллардан тубдан фарқ қилиб, одатийларидан бер неча бор самарали ва чигитни бехато экиши билан аҳамиятли, - дейди туман ҳокими А.Баҳромов. - Бу албатта кузда ҳосил сифати ва салмоғига таъсир кўрсатади. Ҳозир барча ҳудудларда карантин жорий этилган бўлса-да, деҳқон-фермерларимиз халқимизнинг эртанги ризқи учун бугун даладаги юмушларини адо этишмоқда. Деҳқоннинг бугунги меҳнати эртага албатта самарасини беради.

Шундан сўнг тумандаги барча фермер хўжаликларида чигит экиш ишлари бошланди.

Каттақўрғон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.