Каттақўрғонда фарзандларини дўппослаган аёл воқеаси бўйича Болалар омбудсмани муносабат билдирди

Шу йилнинг 14 июль куни Каттақўрғон туманида яшовчи аёл Россияда бўлган турмуш ўртоғи билан телефон орқали мулоқотда юзага келган келишмовчилиги сабабли икки нафар вояга етмаган фарзандларини уриб, ҳолатни тасвирга олганлиги ҳақидаги видео ижтимоий тармоқларда тарқалди ва кенг муҳокамаларига сабаб бўлди.

Масъулларнинг ўрганишича, оилада 3 нафар фарзанд бор, фарзандлар 4, 3 ёш ва 7 ойлик. Аёлнинг турмуш ўртоғи хорижга ишлашга кетган. Келин оиласида қайнопаси билан бир неча йилдан буён келишмай келгани сабабли ота уйига кетиб қолган. Ота уйида молиявий жиҳатдан қийналган, турмуш ўртоғидан пул юборишини талаб қилган. Оқибатда жанжал келиб чиққан ва мазкур ҳолат юз берган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 110-моддаси (қийнаш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Сўнгги йилларда болаларга нисбатан содир этилаётган зўравонликлар сони ошиб бораётганлиги, мавжуд ҳуқуқий механизмлар зўравонликларни олдини олиш ҳамда жабрланувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда етарли самарасини бермаётганлигини кўрсатмоқда.

Охирги 3 йилда 2 072 нафар шахс судлар томонидан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган, шундан 1 777 нафари ёки 86 фоизи ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортганлиги учун бўлса 23 нафари ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилганлиги, болаларга нисбатан шафқатсиз муомалада бўлганлиги, куч ишлатганлиги ёки руҳий таъсир кўрсатганлиги сабабли маҳрум қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 77-моддасида ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурлиги белгиланган.

Ота-оналик ҳуқуқини амалга оширишда ота-она болаларининг жисмоний ва руҳий соғлиғига, ахлоқий камолотига зарар етказишга ҳақли эмас. Болаларни тарбиялаш усуллари менсимаслик, шафқатсизлик, қўполликдан, инсоний қадр-қимматни камситувчи муомаладан, болаларни ҳақоратлаш ёки эксплуатация қилишдан холи бўлиши керак. Ўз ота-оналик ҳуқуқини болаларининг ҳуқуқ ва манфаатларига зид тарзда амалга ошираётган ота-она қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлади деб белгиланган.

Энди юқоридаги ҳолатга қайтсак, болаларнинг отасини қонунда белгиланган мажбуриятларини бажармаганлиги, оилага учинчи шахсларнинг аралашуви болаларга нисбатан зўравонлик қилиш учун шарт-шароит яратган. Лекин, афсуски, болаларнинг онасидан бошқалар жавобгарликдан четда қолмоқда. Юқоридаги ҳолатда отанинг болаларига ғамғўрлик қилмаётганлиги ҳам болага нисбатан зўравонлик учун шарт-шароит яратган. Бундай ҳолатга йўл қўйган оила аъзоларини ҳам, аёлни ҳам мутлақо оқлаб бўлмайди.

Қайд этиш лозимки, “Ўзбекистон Республикасининг “Боларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни” лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Ушбу лойиҳада “ғамҳўрлик кўрсатмаслик” тушунчаси очиб берилмоқда. Яни, ғамҳўрлик кўрсатмаслик – ота-оналар (уларнинг ўрнини босувчи шахслар) зарур имкониятлар, билим ва кўникмалар, шунингдек тегишли хизматлардан (давлат, тиббий, таълим, ижтимоий ва бошқалар) фойдаланиш имкониятига эга бўлишига қарамай қармоғидаги боланинг соғлиғи, жисмоний, ақлий, маънавий ва ахлоқий ривожланишининг жиддий бузилишига олиб келиши мумкин бўлган жисмоний, моддий ва (ёки) психологик эҳтиёжларини қондирмаслик;

Қонун лойиҳасидаги янгиликлар ҳақида қўшимча маълумотлар берилади, дейилади муносабатда.