Каттақўрғонда ҳар гектардан 20 тоннагача қулупнай ҳосили олинмоқда
Каттақўрғон тумани биринчи сектор ҳудудидаги қишлоқларда аҳоли азалдан қулупнай етиштириш билан шуғулланиб келган. Шу пайтгача бу ерда қулупнайнинг маҳаллий навлари етиштирилар эди. 2018 йилда туманнинг собиқ ҳокими Аъзамхон Баҳромовнинг ташаббуси билан Польшадан келтирилган “Зенга-зенга” навли қулупнай етиштиришга киришилди.
- Раҳматли устозимиз Аъзамхон Баҳромов ташаббуси билан амалга оширилган лойиҳалар бугун ўз самарасини беряпти, - дейди туман ҳокимининг ўринбосари Қобилжон Тоғаев. – Шулардан бири туманимизда қулупнайнинг Польшадан келтирилган “Зенга-зенгана” нави кўпайтирилиши бўлди.
Дастлаб 2020 йилда 5 гектар майдонда кўчатзор барпо этилди ва шу йилнинг ўзида 500 гектар ерга кўчатлар ўтқазилди. 150 гектари “Samarqand qulupnay IMPEX” МЧЖга, қолган 350 гектар майдон туманимиз фермер хўжаликларига тўғри келади. Кўчатлар плёнка остида, томчилатиб суғориш технологиялари асосида парваришланди. 3 йил давомида бир жойда мева беради ва йилдан-йилга ҳосили кўпайиб боради. Шу йилнинг ўзида ҳар бир гектаридан 18-20 тоннагача ҳосил олинди. Унинг килоси ўртача 10 минг сўмдан сотилган бўлса, гектаридан 200 миллион сўм даромад олиш мумкин дегани. Бугунги кунда қулупнай Қашқадарёдан то Қорақалпоғистонгача сотиляпти. Келгусида “Самарқанд қулупнай” МЧЖ томонидан бу мева туманимизда қайта ишланиб, хорижга экспорт қилиниши режалаштирилган.
Туманнинг Валижон маҳалласида жойлашган “Негматов Азизбек” фермер хўжалигининг 1 гектар майдонига қулупнай экилган.
- Уч йил аввал ҳар бири 800 сўмдан сотиб олинган 30 минг дона қулупнай кўчатини ерга қададик, - дейди фермер хўжалиги иш юритувчиси Меҳриддин Рашидов. – Биринчи йили ҳар бир туп кўчат 30-40 донадан, иккинчи йили 70-80 донадан мева тугди. Учинчи йилда эса 120-150 донагача ҳосил берар экан. Ўтган йили шу бир гектарлик қулупнай майдонидан 50 миллион сўмлик даромад қилган бўлсак, бу йил 120 миллион сўм соф фойда олдик. Бир мавсумда 15-20 кун ҳосил йиғилади.
Қишлоғимизда 20 нафарга яқин ёшларни, хотин-қизларни мавсумий ишга жалб қилдик. Уларнинг ҳар бирига бир кунда камида 70 минг сўмдан ҳақ тўланди.
Тўлқин СИДДИҚОВ,
Сулаймон МАРДИЕВ.