Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Каттақўрғонда ички ишлар ходимларининг кийимини кийиб юрган шахс жавобгарликка тортилди

4 февраль куни ИИВ Ўз хавфсизлиги бошқармаси Самарқанд вилояти бўйича бўлими ходимлари Каттақўрғон шаҳри ҳудудида жойлашган 7-сон тергов ҳибсхонаси атрофида ички ишлар органлари ходимларининг дала кийимини кийиб олган шахс уларда шубҳа уйғотганлиги сабабли ундан хизмат гувоҳномасини тақдим этишини сўраган. Аммо у хизмат гувоҳномаси йўқлигини билдирган.

Ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида фуқаро Каттақўрғон шаҳар ИИБга олиб борилиб, шахсига аниқлик киритилди.

Ушбу шахс Нарпай тумани Чақар маҳалласи, Чақар қишлоғида яшовчи, 1997 йил туғилган Шаҳзод Маҳмудов эканлиги, эгнидаги ички ишлар органларининг дала ҳарбий кийимини тахминан 2 ой олдин 240 минг сўм эвазига тиктириб олганлиги маълум бўлди.

Ҳолат бўйича Каттақўрғон шаҳар ИИБ ҲПБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, Ш.Маҳмудовнинг устида бўлган ҳарбий дала кийими холислар иштирокида ҳужжатлаштирилиб олинди. Ҳаракатларида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 209-1-моддасида кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарлик аломати аниқланганлиги сабабли унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқиш учун Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар судига юборилди.

Ҳозирда ушбу шахснинг ҳаракатлари юзасидан қўшимча текширув ишлари олиб борилмоқда.

Шу ўринда, Самарқанд вилояти ИИБ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг кийим-бошларини тикиш билан шуғулланадиган тикувчилардан хизмат гувоҳномасини кўрсатмаган ёки кадрлар билан ишлаш хизмати томонидан тегишли хатларни тақдим этмаган шахсларга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар махсус кийим-бошларини тикиб бермаслигини сўрайди.

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати.