Каттақўрғондаги 19 та маҳаллада 19 та тиббиёт пунктлари фойдаланишга топширилди

Контейнер усулидаги ушбу тиббиёт пунктлари туманнинг энг чекка ва олис қишлоқларига жойлаштирилди ва уларга малакали ходимлар биркитилди. 

Жумладан, Бургансой маҳалласи Олмосвон қишлоғи олис тоғ тизмалари этагида жойлашган бўлиб, аҳолиси авваллари тиббий хизмат учун 15-20 километр масофа босиб, Мойбулоққа ёки 30-35 километр узоқликдаги туман марказига боришига тўғри келар эди. Тиббий хизмат кўрсатувчи контейнер аҳолига қулайлик яратиши баробарида узоғини яқин қилди.

Бундан ташқари, Бунёдкор маҳалласи Диринг қишлоғига ҳам шундай тиббий пункт ўрнатилди. Қишлоқ аҳолиси салкам 20 километр олисдаги “Сув ҳовузи” оилавий поликлиника ёки туман марказидан кўра яқинроқ, аммо 30 километр масофа босиб, Каттақўрғон шаҳрига келишга мажбур бўларди.

Каттақўрғон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.