Каттақўрғондаги хотира тадбирида ўқитувчи-устозлар хотираси ёдга олинди

Каттақўрғон туманидаги 47-мактабда Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тадбир ўзига хос бўлди. Фахрий журналист Раъно Соҳибова ташаббуси билан мактабга турли йилларда раҳбарлик қилганлар хотираси ёдга олинди. Улар ҳаётига бағишланган панно ва қайдларни мактаб жамоаси ва Омонкалхат қишлоғи аҳли ҳурмат билан кўздан кечирдилар.

Ўқувчилар Ватан, Тинчлик, Инсон қадри ҳақида шеърлар ўқиган даврада илм масканига раҳбарлик қилганларнинг яхши фазилатлари, фидойиликлари ҳақида сўз борди.

- Отам Қарши Соҳибов Нарпайдаги Олчин қишлоғида туғилган ва педагогика институтини битиргач, қишлоғидаги мактабларда ишлаган, - деди Р.Соҳибова. - Кейин у кишини энг чекка ҳудудларга юборишган. Нурободдаги Сепки, Паст Дарғомдаги Чимбойобод қишлоқлари мактабларида раҳбарлик қилган. Омонкалхатда эса мактаб қурилишига бош бўлган ва кейин унга директорлик қилган.

Тадбирда Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистонда  хизмат кўрсатган журналист Ф.Тошев таълимдаги ислоҳотлар моҳияти ва инсон қадри ҳақида сўз юритди ҳамда мактаб кутубхонасига китоблар ҳадя қилди.