Каттақўрғондаги янги корхона муаммоси, уни “Ўзэнергоинспекция” бартараф этдими?
Яқинда Каттақўрғон туманида “ZARINA FAYZ KELAJAGI” масъулияти чекланган жамияти ташкил этилиб, корхонада Хитойдан келтирилган замонавий ускуналар ёрдамида картон қутилар ишлаб чиқарила бошлади. Натижада “Темир дафтар” ва “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турган 15 нафар ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланди.
- Лойиҳани амалга ошириш учун 490 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфланди, - дейди жамият раҳбари Ойбек Тўхтаев. – Корхона кунига 20 минг дона қути ишлаб чиқариш қувватига эга. Фаолиятимиз бошланиши арафасида захира электр таъминоти бўйича бир муаммо юзага келди. Ушбу масалада “Ўзэнергоинспекция” Самарқанд ҳудудий бўлимига мурожаат қилдик ва муаммога ўз вақтида ечим топилди.
- Корхона раҳбари захира электр таъминотида муаммога дуч келганлиги бўйича бўлимимизга мурожаат қилди, - дейди “Ўзэнергоинспекция” Самарқанд ҳудудий бўлими мутахассиси Бекмурод Сиддиқов. – Унда “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти томонидан корхона учун берилган техник шартда уланиш нуқтаси сифатида кўрсатилган электр узатиш тармоғи узоқлигидан норози эканлиги айтилган. Мурожаат асосида инспекция томонидан ўрганиш ўтказилди ва корхона яқиндан ўтган электр узатиш тармоғига уланишга техник имкониятлар мавжуд бўлганлиги сабабли, техник шартда кўрсатилган уланиш нуқтаси ўзгартирилди. Инспекция томонидан корхона электр таъминотига тегишли бўлган хужжатларнинг расмийлаштирилиши алоҳида назоратга олинди.
Tўлқин Сиддиқов,
Бахтиёр Мустанов.