Каттақўрғонлик ёшларнинг қандай муаммолари бор, масъуллар улар билан ишлаяптими?
Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси бошлиғи А.Ахмедовнинг навбатдаги “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” Каттақўрғон туманида ўтказилди.
Вилоят ҳокимининг ўринбосари Ҳ.Тўхтаев, вилоят прокурори М.Эшназаров, сектор раҳбарлари ва мутасадди ташкилотлар масъуллари иштирокида ўтказилган учрашувда 100 нафардан зиёд ёшларнинг мурожаатлари эшитилди.
Дастлаб бошқарма бошлиғи ёшларга мурожаат қилиб, кейинги пайтда дунёнинг турли мамлакатларида содир этилаётган террорчилик ва экстремистик ҳаракатлардан огоҳ бўлиш, жумладан, яқинда Россияда кузатилган теракт ва юртимизда ҳам бундай ҳаракатларни содир этишга уриниш ҳолатлари учраётгани ҳақида гапирди.
- 2022 йилда Тошкент шаҳрида ҳам теракт содир этишни режалаштирган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилган, - деди А.Ахмедов. - Ачинарлиси, улар орасида талабалар ҳам бўлган. Ҳозир дунёда кузатилаётган глобаллашув жараёнидан хулоса чиқариб, юртимизда ёшларнинг билим олиши, спорт билан шуғулланиши, тил, IT соҳаси ва касб-ҳунар ўрганиши учун яратилган имкониятлардан самарали фойдаланиш керак.
Учрашувда ёшлар асосан тадбиркорлик қилиш, ер ажратиш, имтиёзли кредит, IT соҳасини ривожлантириш, спорт майдончалари ташкил этиш, ўқув маркази очиш масалалари юзасидан мурожаат қилди.
Хусусан, туманнинг Жизмонсой маҳалласида яшовчи Нурулло Турсунов чорвачилик қилиш бўйича тажрибаси борлиги ва соҳани ривожлантириш учун бизнес-режа ишлаб чиққанини айтиб, имтиёзли кредит ажратишни сўради. Мурожаат туман масъуллари томонидан ўрганилиб, ижобий ҳал этиладиган бўлди.
Найман маҳалласидан келган Шуҳрат Эшпўлатов эса ўзини ва оила аъзолари ишсизлигини айтиб, деҳқон хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун ер сўради. Унга ҳокимлик захирасидаги бўш ер аукцион орқали ажратилиши маълум қилинди.
Мулоқот давомида туманда ишсиз, миграциядаги ва пробация рўйхатида турган, уюшмаган тарбияси оғир ёшлар билан ишлашда хато ва камчиликлар кузатилаётгани таҳлил қилиниб, муаммоларни вақтида бартараф қилиш юзасидан ДХХ вилоят бошқармаси ва туман ҳокимлиги масъулларига топшириқлар берилди.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.