Келажакда яшаётган шаҳарлар
Биз тирбандликларда қолиб кетаётган бир пайтда бу шаҳарлардаги одамлар аллақачон машина, пул ва калитсиз келажакда яшаб келмоқда.
Ишониш қийин, лекин Марснинг қаеридадир эмас, биздан атиги самолётда 3-4 соат парвоз узоқлигида одамлар учувчисиз кибертакси минади, йўлкирани табассум билан тўлайди.
AdMe.ru келажакда яшаётган шаҳарлар ҳақида гапиради. Мақоланинг охирида 2050 йилга келиб Парижнинг қанчалик фантастик ва таниб бўлмас даражага келиши мумкинлигини кўрасиз.
Сондо, Жанубий Корея
Сондо шаҳри мамлакат пойтахти Сеулдан 60 километр узоқликда жойлашган сунъий оролда қурилган. Аҳоли кондиционер ёки микротўлқинли печь каби ҳар қандай маиший техникани масофадан туриб бошқариш мумкин бўлган “ақлли уйлар”да яшайди. Шунингдек, уларнинг кино чиптасидан тортиб, автомобиль ижарасигача - ҳар қандай хизматлар учун ҳақ тўлаши мумкин бўлган ва хонадон эшигини очиш учун ишлатиладиган ягона махсус картаси бор. Мабодо карта йўқолса, квартира қулфидаги код автоматик тарзда янгисига ўзгартирилади.
Шаҳарнинг барча кўчалари ва бинолари тўғрисидаги маълумотлар минглаб жиҳозланган датчиклар орқали ягона таҳлилий марказга тушади. Тизим ҳеч ким бўлмаган жойларда ёритгичларни ўчиради, одамлар ва автомашиналар кўп бўлган жойларни эса ёруғроқ қилади, автомобиллар ҳаракати зичлигига қараб электрон йўл белгиларини ўзгартиради.
Бу ерда тоза ҳаво қадрланади, шу боис аҳоли оддий автомобилдан воз кечишга чақирилади – исталган нуқтага велосипедда 15 дақиқада етиб бориш мумкин. Шаҳарнинг 40 фоизи яшил майдон, 95 фоиз автотураргоҳлар ер остида жойлашган.
ЛЕД ёритгичлар ва қуёш панеллари туфайли Сондо бошқа шаҳарга қараганда 30 фоиз камроқ энергия сарфлайди. Кўчаларда ёмғир сувини йиғиш учун махсус идишлар ўрнатилган – улардаги сув ерларни суғориш, кўчаларни ювиш, ортиб қолган қисми эса биноларни иситиш учун фойдаланилади.
Иньчуань, Хитой
Иньчуань 2013 йилда ақлли шаҳарга айлантириш бўйича тажриба сифатида танланди. Шаҳар аҳолиси банк картаси ўрнига ўз юзларидан фойдаланадилар, масалан, барча автобусларда ўрнатилган юзни таниш тизими автоматик тарзда йўлкира ҳақини ҳисобингиздан ечиб олади.
Мобиль илова орқали буюртма берилган маҳсулотларни махсус сақлаш хоналардан олиб кетиш мумкин. Одатдаги қутига қараганда 5 баробар кўпроқ сиғимли чиқинди контейнерлари қуёш батареялари ёрдамида қувватланади ва ундаги ахлатлар прессланади. Контейнер тўлгач, сигнал олган коммунал хизмати ходимлари уни бўшатишади.
Фудзисава, Япония
Фудзисава — кичик шаҳарча, у ерда барча уйлар “ақлли”. Томларда қуёш панеллари ўрнатилган, маиший техника эса энергияни тежайди, масалан, томошабин бўлмаса хонадаги телевизор ўчиб қолади, кир ювиш машинасининг ўзи кирнинг ифлосланишига қараб қанча сув ва кукун кераклигини аниқлайди. Ортиб қолган энергия қўшни шаҳарларга сотилади ва бирор бир фалокат рўй бергудек бўлса, шаҳарни 3 кун давомида таъминлайдиган етарли энергия захираси бор. Фудзисавада анъанавий автомобиль ўрнига электромобиль, электр скутер ёки электр велосипедни ижарага олиш мумкин.
Милтон-Кинс, Буюк Британия
Бор-йўғи 50 йил олдин нолдан режалаштирилган ва қурилган Милтон-Кинсда ривожланган марказ ёки ортда қолган чекка жойлар йўқ - барча яшил ҳудудлар, шинам уйлар, пиёдалар йўлаклари бир хил даражада қулай. Бу ерда энг баланд дарахтдан баландроқ бино қуриш тақиқланади.
Айнан шу “ақлли экошаҳар”да барча янги технологиялар синовдан ўтказилади. 3 йилдан бери шаҳар кўчаларида ҳайдовчисиз икки ўриндиқли электромобиллар аҳолига хизмат кўрсатади. Милтон-Кинсдаги асосий - ягона “MK:Smart” маълумотларни йиғиш тизими ҳаракат датчиклари, камералар, сунъий йўлдошлар ва бошқа воситалар ёрдамида одамлар ва транспорт воситаларининг ҳаракати, сув ва электр энергия истеъмоли ва ҳоказолар ҳақида маълумот тўплайди. Натижада шаҳар яшовчиси кутган автобуси неча дақиқада келиши, қайси жойда бепул машиналар тўхташ жойи мавжудлиги ва йўналишидаги тирбандлик ҳақида маълумот олиш имконига эга.
Масдар, БАА
Бирлашган Араб Амирликларида қурилаётган Масдар автомобилларсиз экошаҳарчада учувчисиз кибертаксилар ҳозирча 1,5 километргача бўлган йўналишларда йўловчи ташийди. Шаҳарда уларнинг барчаси маҳаллий Фан ва технология институтида таҳсил оладиган атиги 300 нафар аҳоли истиқомат қилади. 2030 йилда шаҳар қурилиши якунланиши режалаштирилмоқда.
Бонус: Париж 2050 йилда
Архитектор Винсент Каллебо 2050 йилга келиб Париж шаҳар марказини кўп қаватли тропик ўрмонни эслатувчи футуристик яшил шаҳарга айлантиришни мақсад қилиб қўйди.
Аҳоли уйларини иссиқ сув ва электр энергияси билан таъминлайдиган тубида муқобил энергия манбалари яширинган яшил экоминоралар чиқиндиларни қайта ишлаш ва ҳавони тозалаш имкониятига эга бўлади.
“Ақлли шаҳарлар” - бу жозибали ҳақиқат, умид қиламизки, тез орада бутун сайёрамизда бундай шаҳарлар кўпайиб боради.
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.